АҲОЛИГА СИФАТЛИ КОММУНАЛ ХИЗМАТ КЎРСАТИШ - ДОЛЗАРБ ВАЗИФА

АҲОЛИГА СИФАТЛИ КОММУНАЛ ХИЗМАТ КЎРСАТИШ - ДОЛЗАРБ ВАЗИФА



                                                МАТБУОТ АНЖУМАНИ
 
  
         
 
 Хоразм вилояти Маънавият ва маърифат марказида вилоятимизда кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини  янада такомиллаштириш, аҳолига коммунал хизмат кўрсатиш ишларини сифатли ва ўз вақтида ташкил этиш юзасидан олиб борилаётган амалий ишлар ва бу борадаги фаолиятни янада яхшилаш мақсадида келгусида бажариладиган вазифаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. 
   Матбуот анжуманида Хоразм вилояти Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Д.Оллақулиев  2021 йилда соҳада амалга оширилган ишларга ва бугунги кунда тармоқда амалга ошириладиган долзарб вазифаларга аниқ мисоллар, таҳлиллар асосида алоҳида тўхталди. 
   Куз-қиш мавсуми арафасида кўп хонадонли уйларни, шунингдек, иссиқлик тизимини мукаммал таъмирлаш ишлари ўз вақтида ташкил этилганлиги натижасида бугунги кунда жойларда коммунал хизмат кўрсатиш   белгиланган меъёрлар асосида сифатли тарзда олиб борилаётганлиги қайд этилди. Шунингдек, айни пайтда коммунал хизмат кўрсатиш тизими ходимлари жойларда бўлиб, бу йўналишдаги ишлар билан яқиндан танишаётганликлари таъкидланди. 
   Матбуот анжумани давомида аҳолининг мурожаатларини   тезкорлик билан ўрганиш, мавжуд муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш  мақсадида бошқарма қошида диспетчерлик хизмати ва штаби фаолият юритаётганлиги қайд этилди. Бошқарманинг диспетчерлик хизмати  кеча-ю кундуз фаолият юритмоқда.  
   Аҳолига юксак даражада коммунал хизмат кўрсатиш бошқарма ишчи-хизматчиларининг кундалик фаолияти асоси бўлмоқда. 
   Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар ўзларининг соҳа бўйича қизиқтираётган саволларига малакали жавоблар олишди. 

                                                                                             Қ. ҚИЛИЧОВ,
                               Хоразм вилояти Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари.
24-02-2022, 17:27
Sahifaga qaytish