УШБУ ЙИЛДАГИ ЯНГИ РЕЖАЛАР

УШБУ ЙИЛДАГИ ЯНГИ РЕЖАЛАР


    

МАҲАЛЛАЛАР ЯНАДА ОБОД БЎЛИБ, ЧИРОЙ ОЧМОҚДА.  


Хабибулло СИТМЕТОВ,  
   Урганч шаҳридаги “Жалолиддин Мангуберди” маҳалла фуқаролар йиғини раиси :
   - Маҳаллаларимизда кенг миқёсда яратувчилик, бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Халқимизга қулайликлар яратиш кундалик эътиборда бўлиб, бевосита маҳаллаларнинг ўзида янгидан ижтимоий объектлар, мактабгача таълим ташкилотлари бинолари, савдо-сотиқ, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари фойдаланишга топширилаяпти. Масалан, фақат ўтган йилнинг ўзида маҳалламизда “Дилафруз” деб номланган савдо шохобчаси ишга туширилди ва кўплаб ёшларнинг бандлиги таъминланди.
     Маҳалламиз биносида касб-ҳунарга ўқитиш маскани ташкил этилди. “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар тикувчилик касбини қунт билан ўрганишмоқда. Шунингдек, маҳалламиз биносида эркаклар сартарошхонаси ишга туширилди. Хуллас маҳалламизда кенг кўламда ўзгаришлар олиб борилаяпти.
  
   Маҳалламизда асосан катта кўпчиликни кўп қаватли турар жойлар ташкил этади. Ушбу йилда ана шу уйлар ва болалар майдончалари қайтадан таъмирланади. Шунингдек, маҳалламиздаги мавжуд биноларни таъмирлаш ишлари олиб борилади. Айниқса, шу йилнинг январь ойидан маҳаллаларда “Ҳоким ёрдамчилари”нинг биз билан ёнма-ён туриб, фаолият юрита бошлагани иш услубимизни янада такомиллаштиришда, аҳоли бандлигини таъминлашда ва ҳудудимизни бунданда обод бўлиб, чирой очишида яқиндан ёрдам бераяпти. 
    Яна бир неча кундан кейин баҳор кириб келиши билан кўкаламзорлаштириш ишлари бошланиб, янгидан гулзорлар барпо этамиз.  


 ***


ТИКУВ-ТРИКОТАЖ МАҲСУЛОТЛАРИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ҲАЖМИ ЯНАДА ОШАДИ.
 


Клара ЖУМАМУРОТОВА,
“Феруз-Хоразм” масъулияти чекланган жамияти раҳбари: 
   - Шуниси қувонарлики, йилдан-йилга фаолиятимиз такомиллашиб бормоқда. Масалан, жамоамиз аъзолари билан биргаликда 2021 йилни меҳнат ютуқлари билан якунлаб, Янги йилни янги режалар билан кутиб олдик. 
   Айни пайтда корхонамизда 50 дан зиёд тур тикувчилик, трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилаётган бўлса, йил охиригача 60 турдан зиёд маҳсулотлар тайёрланади. Бунинг учун корхонамизда барча имкониятлар мавжуд. 

 


   Цехларимизга энг замонавий тикувчилик дастгоҳлари ўрнатилган. Ишчи-хизматчиларнинг самарали меҳнат қилишлари ва дам олишлари учун шароитлар муҳайё этилган. 
Шуниси қувонарлики, кейинги пайтда корхонамизга ёшлар кўплаб ишга келишмоқда. Улар вилоятимизнинг турли шаҳар ва туманларидан бўлиб, ишга-келиб кетишлари учун автобуслар хизмати йўлга қўйилган.
   Ушбу йилда корхонамиз ҳузурида мактабгача таълим ташкилоти биноси фойдаланишга топширилади. Бу ерда жамоамиз аъзоларининг ўғил-қизлари яйраб-қувнаб улғайишлари учун шароитлар мавжуд. Айни пайтда кичкинтойлар учун қад ростлаган янги боғчамизда таъмирлаш, пардозлаш ишлари давом этмоқда. 
   Асосий фаолиятимиздан бири бу - истеъмолчиларнинг, буюртмачиларнинг таклиф ва истакларини инобатга олиб, ана шу асосда сифатли, бежирим тикувчилик, трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришдир. 
   Ушбу йилдаги режаларимизни амалга ошириш учун янада ғайрат-шижоат билан меҳнат қиламиз. 

12-02-2022, 16:31
Sahifaga qaytish