YANGI ISTIQBOLLI LOYIHALAR - ISHLAB CHIQARISHGA
“Урганч миллий тикувчилик” оилавий корхонаси фаолияти йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда. Корхона цехларига замонавий тикув дастгоҳлари, технологиялар ўрнатилган бўлиб, уларни қўли гул чеварлар моҳирлик билан бошқармоқдалар.
- Корхонамизда адрас, атлас, ипак, шойилардан миллий либослар тайёрланиб, бундан буюртмачилар, мижозлар янада мамнун бўлишмоқда. Чунки тикувчилар ҳар бир либосни юксак маҳорат билан тайёрламоқдалар, - дейди “Урганч миллий тикувчилик” оилавий корхонаси раҳбари Феруза Ҳасанова. – Айниқса, устозлардан ўрганиб, янгиликларни излаш кундалик фаолиятимиз самарадорлигини янада оширмоқда. Ушбу йилдаги режаларимиз янада кенг қамровлидир.
Ҳа, мазкур оилавий корхона жамоаси мутахассислар билан маслаҳатлашиб, янгиликларни ишлаб чиқаришга изчил равишда жорий қилмоқдалар. Жумладан, ушбу йилда корхона цехларига адрас, атлас матоларини тўқиш бўйича янги ускуналар ҳам олиб келинди. Тез кунларда улар ўрнатилиб, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга киришилади. 2025 йил давомида мазкур оилавий корхонада яна 50 нафар ишчи ўрни яратилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жамоада “устоз-шогирд мактаби” ташкил қилинган бўлиб, тажрибали тикувчилар ёшларга тикувчилик йўналишлари бўйича маслаҳат, тавсияларни бериб боришади. Жумладан, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Фароғат Садуллаева ҳам мазкур жамоада тез-тез бўлиб, тикувчиларнинг иқтисодий билимларини мустаҳкамлашда яқиндан ёрдам бермоқда. Шунингдек, кўп йиллик тадбиркорлик фаолиятидан келиб чиққан ҳолда “маҳорат дарслари”ни ўтказиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлашни режалаштираётган хотин-қизларга ўз маслаҳатлари билан доимо кўмак бериб келмоқда. Бир сўз билан айтганда корхонада янгиликларни излаш, истиқболли лойиҳаларни фаолиятга кенг татбиқ қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Отахон РАҲИМ.