
Бугун эрталаб вилоятимизда “Китобсевар миллат” шиори остида “Китобхонлик ҳафталиги” тантанали равишда бошланди.
Мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини янада ошириш ҳамда тарғиб этишга алоҳида эътибор берилмоқда. Айниқса, кейинги йилларда ташкил этилаётган кўплаб маънавий-маърифий тадбирларда, “Ёш китобхон” кўрик-танловларида, китобхонлар анжуманларида умумтаълим мактабларининг ўқувчилари, талабалар, ёшлар фаол иштирок қилмоқдалар. Уларнинг китоб мутолаасига ниҳоятда эътибор қаратиб, ўзбек ва жаҳон адабиётини қунт билан мутолаа қилаётганлигини ҳар куни кузатиш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус асосида ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишлар ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2022-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги 2020 йил 14 декабрдаги 781-сон қарорига асосан 2021 йилдан бошлаб ҳар йили апрель ойида “Китобхонлик ҳафталиги” ўтказилиши белгиланган.
Бу йил ҳам Республикамизда ушбу дастурга асосан “Китобсевар миллат” шиори остида жорий йилнинг 18-23 апрель кунлари “Китобхонлик ҳафталиги” ўтказилиши режалаштирилган.

Бугун эрталаб Маҳмуд Замахшарий номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида “Китобхонлик ҳафталиги” тантанали равишда бошланди.
Тадбирда Маҳмуд Замахшарий номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Р.Қурбонов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Д.Бекчанова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Г.Ибодуллаева ва бошқалар сўзга чиқиб, барчани “Китобхонлик ҳафталиги” билан табрикладилар.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда аҳолининг йилдан-йилга китоб мутолаасига бўлган қизиқиши ошиб бораётганлигини, турли ёш, турли касб эгалари ахборот-ресурс марказларида ўзлари севган китобларни олиб, мутолаа қилаётганликларини, ёш китобхонлар кўрик-танловларида иштирок этаётган ёшлар сафи кенгаяётганлигини алоҳида қайд этишди.



“Китобхонлик ҳафталиги” доирасида ранг-баранг тадбирлар бошланди.
Шунингдек, бугун эрталаб Маҳмуд Замахшарий номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида элдошимиз, машҳур фотосуратчи Худойберган Девоновнинг кенг қиррали ижодига бағишланган ва тарихий суратлари ўрин олган фото-кўргазма ҳам ташкил этилди.

Кўргазмадаги тарихий ҳамда ноёб фотосуратлар билан тадбир иштирокчилари яқиндан танишдилар.


“Китобхонлик ҳафталиги” давомида Урганч шаҳридаги “Ёшлар маркази”да, Урганч давлат университетида, Хива шаҳридаги Огаҳий номидаги ижод мактабида ва бошқа таълим муассасаларида ҳам китобхонлар анжуманлари, китобхонларнинг ёзувчи, шоирлар ва журналистлар билан учрашувлари, давра суҳбатлари ўтказилади.
“Китобхонлик ҳафталиги” она Ватанни, дўстлик, бахтиёр ёшликни тараннум этувчи куй-қўшиқларга уланиб кетди.
Отахон РАҲИМ.