“ОНАЛАР БОҒИ”ДАГИ СЕВИНЧЛАР
Ўзбекистон Қаҳрамони, Гурлан туманидаги 5-сон умумтаълим мактабининг директори, устоз-мураббий Аноржон Маҳмудова Навбаҳорнинг ушбу фусункор, тароватли кунларида эрталаб атрофга янада кўтаринки кайфиятда нигоҳ ташлар экан, кўчалар, ҳовли олдилари янада яшилликка бурканиб, янгидан боғлар, гулзорлар, ҳиёбонлар яратилаётганлигидан қалби севинчга тўлди. Айниқса, Гурлан туманида “Оналар боғи” ташкил этилаётганлигидан янада қувониб, ана шу муносабат билан ўтказиладиган тадбирга йўл олди.

Устоз Аноржон опа тадбирга туманнинг фаол аёллари, нуроний онахонлар, меҳнат фаҳрийлари, ёшлар ҳам қувонч билан ташриф буюрганлигидан янада мамнун бўлди.
Ҳа, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ташаббуси билан “Оналар – яшил макон учун!” умуммиллий лойиҳаси доирасида ўтказилаётган бу каби баҳорий тадбирларда барча фаол қатнашишга астойдил интилмоқда. Ушбу акцияда атроф-муҳитни янада мусаффо сақлаш, табиатни асраш, шунингдек, аҳоли ўртасида экомаданиятни янада ошириш ҳамда хотин-қизлар бандлигини таъминлашдек эзгу ишлар мужассамлашган.
Мазкур акция хотин-қизларнинг манзарали ва мевали дарахт кўчатларини ўтқазиш, уруғ етиштириш, экинларни экиш ва парвариш қилиш бўйича тажрибаларини, кўникмаларини янада оширади.
Маълумки, айни пайтда барча жойда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси уюшқоқлик билан давом этмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида кенг миқёсда тадбирлар, янгидан-янги лойиҳалар амалга оширилаяпти. Жумладан, “Оналар - яшил макон учун!” акцияси ҳам ушбу хайрли лойиҳа доирасида ўтказилаяпти.
Туманда “Оналар боғи” ташкил этилаётганлигидан эса барчанинг қувончи янада чексиз. Махсус ажратилган худудга эрталабдан манзарали ва мевали дарахт ҳамда бута кўчатлари экила бошланди.
Аноржон опа ҳам ушбу акцияда қатнашиб, ўз қўли билан дарахт кўчатларини ўтқазди.
- “Оналар – яшил макон учун!” акцияси доирасида ўтказилаётган эзгу ишлардан, айниқса, туманимизда “Оналар боғи” бунёд этилаётганлигидан ниҳоятда хурсанд бўлдим. Атрофга қаранг, хотин-қизлар, ёшлар катта кўтаринкилик билан ушбу олижаноб, эзгу тадбирда фаол қатнашаяптилар, - дейди Аноржон Маҳмудова. – Келгусида ушбу боғ атрофга янада файз бағишлаб, мевали дарахтлар эса ширин-шакар мевалар беради. Бундай тадбирлар экологик муҳитни янада яхшилашда, қишлоқларимизни яшилликка бурканишида алоҳида аҳамият касб этади.
“Оналар боғи”га кун сайин кўплаб манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилаяпти. Баҳорнинг ҳар дақиқасидан оқилона фойдаланиб, янгидан боғлар, гулзорлар, яшил, гўзал хиёбонлар барпо этишда барча уюшқоқлик ва фаоллик билан иштирок қилмоқда.
“Оналар боғи”га дарахт кўчатларини ўтқазишда қатнашаётган барчанинг севинчи чексиз эди. Эндиликда ўтқазилган дарахт кўчатларини тўғри парваришлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Отахон РАҲИМ.