VOHA HABARLARI. BUGUN

VOHA HABARLARI. BUGUN

    

   ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ ВА МАҲАЛЛА ҲАМКОРЛИГИ

   Бугунги кунда маҳалла фуқаролар йиғинларида ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли, фойдали ва қизиқарли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Барча маҳаллаларда тўгараклар фаолияти йўлга қўйилиб, уларда ёшлар тикувчилик, сартарошлик, қандолатчилик касб-ҳунарларини ҳам ўзлаштирмоқдалар. Шунингдек, ижод қилишга қизиқаётган ёшлар учун “Ёш ижодкорлар” тўгараклари ва спорт машғулотлари ўтказиладиган секциялар фаолияти йўлга қўйилган. 
Айниқса, кейинги пайтда олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, иқтидорли талабалар бевосита маҳаллаларда бўлиб, ёшларнинг дарсдан кейинги вақтларини янада мазмунли, мароқли ўтказиш мақсадида маънавий-маърифий, маданий тадбирларни ташкил этмоқдалар. 
    Жумладан, Урганч давлат университети профессор-ўқитувчиларининг вилоятимиздаги қатор маҳаллалар фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорлиги изчил йўлга қўйилиб,  доимий равишда ёшлар билан қизиқарли учрашувлар, давра суҳбатлари, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. 
   Бугун Урганч давлат университетида “Олий таълим муассасалари ва маҳалла ҳамкорлиги” мавзусида бўлиб ўтган семинар-тренингда қатор маҳаллалардаги ёшлар етакчилари,  ушбу  олий таълим даргоҳининг устоз-мураббийлари иштирок қилдилар.
  



 Семинар-тренингда Урганч давлат университетининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Санжарбек Давлетов олий таълим муассасасининг маҳаллалар билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, ёшлар иштирокида ўтказиладиган тадбирларнинг сифат ва самарадорлигини  ошириш, жойлардаги фаолият давомида ёшлар билан яқиндан суҳбатлашиб, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва уларга амалий ёрдамлар кўрсатиш  бўйича ҳамда бошқа қатор долзарб масалаларга алоҳида тўхталди. 
   Шунингдек, семинар-тренингда университет олимларидан М.Жуманиёзова, Б.Султоновлар маърузалар билан қатнашдилар.





   Тадбир давомида Хонқа туманидаги “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинининг ёшлар етакчиси Э.Исоқов, Биоинженерия ва озиқ-овқат хавфсизлиги факультети декани ўринбосари У.Дўсчановлар “Университет ва маҳалла ҳамкорлигини самарали ташкил этишнинг “Мустақиллик” маҳалласи тажрибаси” мавзусида тақдимот ўтказдилар.
   - Маҳалламиз Қорақош қишлоғида жойлашган. Маҳалламизда 30 ёшгача бўлган ёшлар 3000 нафарга яқинни ташкил қилади. Уларнинг кўпчилиги турли соҳаларда таълим олиб, меҳнат қилмоқдалар. Шунингдек, яқинда яна 20 нафардан зиёд ёшнинг бандлиги таъминланди, - дейди Хонқа туманидаги “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинининг ёшлар етакчиси Элёр Исоқов. –  Айни  пайтда маҳалламизда тикувчиликка қизиқиши бўлган қизлар Урганч шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказига бориб,  касб эгалламоқдалар. Урганч давлат университи билан ҳамкорлигимиз бизга ҳар томонлама ёрдам бўлмоқда. Мазкур олий таълим даргоҳи профессор-ўқитувчилари маҳалламизга келиб, янги нашр қилинган китобларни, бадиий адабиётларни ўқувчиларга совға қилдилар. Шунингдек, “Заковат” интеллектуал ўйини ҳам ўтказилиб, унда маҳалла ёшлари фаол иштирок этиб, янги истеъдод эгалари кашф қилинди. Бундан ота-оналар, маҳалламиз нуронийлари янада хурсанд бўлишди. 
   Шунингдек, мазкур тақдимотда ушбу маҳаллада ёшлар билан ишлашнинг самарали натижалари, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, спорт турлари бўйича изчил равишда мусобақаларни ташкил этиш ва унда маҳалладаги ўғил-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида олиб борилаётган ишлар, шунингдек, ёшларнинг билимларини янада мустаҳкамлаш мақсадида “Ўткир зеҳнлилар” баҳсларини ўтказиш ва уларга ўқувчилар, ёшларни янада кенг жалб этиш ҳамда иш билан банд бўлмаган йигит-қизларни бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган кенг қамровли ишлар, кундалик тажрибалар ва келгусидаги вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. 
   Ушбу маҳаллада мавжуд муаммоларни бевосита маҳалланинг ўзида ҳал этишга, доимий равишда ёшларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифларини ўрганиб, ана шулар асосида тадбирлар белгилашга ҳам жиддий эътибор қаратилаётганлиги тақдимот давомида кўргазмали тарғибот воситаларидан фойдаланилган ҳолда таҳлил қилинди. 
   - Бундай семинарларнинг ташкил этилиши олий таълим муассасалари ва маҳаллалар ҳамкорлигини янада мустаҳкамлайди, маънавий-маърифий ишларни юксак даражада ташкил қилишга, ўқувчиларнинг, ёшларнинг ўз иқтидорларини рўёбга чиқаришларида алоҳида аҳамият касб этади, - дейди  Урганч давлат университети матбуот котиби  Марҳабо Аҳмедова  – Келгусида ҳам вилоятимизда фаолият юритаётган маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ёшлар етакчиларининг иш тажрибалари ўрганилиб, уларни оммалаштиришни ҳам режалаштирмоқдамиз.
   
 
   Ҳа, ҳар биримиз учун маҳалла қадрдон маскан. Айни пайтда маҳаллаларимизда гулзорлар, боғлар барпо этилиб, кўчаларимиз янада чирой очиб,  обод бўлмоқда. Болалар, ёшлар эса бўш вақтларини маҳаллалар ҳудудида ташкил этилган спорт майдончаларида, тўгаракларида фойдали ва қизиқарли ўтказмоқдалар.
    Семинар иштирокчиси Элёр Исоқов билан суҳбатлашар эканман, у мазкур семинарнинг ўз фаолиятида алоҳида  аҳамиятга эга эканлигини ва келгусидаги истиқболли лойиҳаларига ҳам алоҳида тўхталди.
              Отахон РАҲИМ. 

 

5-04-2022, 20:35
Sahifaga qaytish