“ХОРАЗМ ҲАҚИҚАТИ” ВА “ХОРЕЗМСКАЯ ПРАВДА” ГАЗЕТАЛАРИ БИРЛАШГАН ТАҲРИРИЯТИДА УРГАНЧ ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИНИНГ ИСТЕЪДОДЛИ ТАЛАБАЛАРИ БИЛАН
ДАВРА СУҲБАТИ

Нодира СУЛТОНОВА, педагогика факультетининг 3-босқич талабаси :
- Биз ёшларнинг фанларни чуқур ўрганишимиз, ўзларимиз ҳохлаган олий ўқув юртларида таҳсил олишимиз, касб-ҳунар ўрганишимиз учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Мен умумтаълим мактабида ўқиб юрган пайтимдаёқ ўқитувчи бўлишни орзу қилган эдим. Ва бугун ана шу орзуимга эришмоқдаман. Айни пайтда энг нуфузли олий ўқув юртларидан бири бўлган Урганч давлат университетининг педагогика факультетида таҳсил олмоқдаман.
Университетда биз ёшларнинг мутахассисликларимиз бўйича чуқур билим олишимиз учун барча шароитлар яратилган. Мен айни пайтда 3-босқич талабасиман. Талабалик йилларидаёқ бизга илмий-тадқиқот ишларини бошлашимиз учун устозларимиз яқиндан маслаҳат ва тавсияларини бериб боришаяпти. Жумладан, устозим В.Нуруллаева илмий раҳбарлигида “Мактаб ўқувчилари учун тренинг машғулотлар” мавзусида илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқдаман.
Устозим бу борада доимий равишда менга назарий жиҳатдан маслаҳатлар бериб бориши, яқиндан ёрдам кўрсатаётганлиги туфайли айни пайтда сезиларли ижобий натижаларга эришмоқдаман.
Олий ўқув даргоҳимиз ахборот-ресурс маркази бой китоб фондига эга. Кўпинча ушбу кутубхонада шуғулланаман. Бу эса ўз самарасини бераяпти.
Яқинда қувонарли хабардан ўзим, курсдошларим, оила аъзоларим ҳам хурсанд бўлишди. Чунки мен Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруғи билан Навоий номидаги давлат стипендиаси ғолиби бўлдим. Бу эса мени янада ўз устимда муттасил равишда ишлашга, ўқиб-ўрганишга, шунингдек, жамоат ишларида ҳам доимо фаол бўлишга йўналтирмоқда. Илмни чуқур эгаллаган кишининг ҳамиша йўллари нурафшон бўлади.
Биз ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан чексиз қувончдамиз.

Нодира АЗАТОВА, хорижий филология факультетининг 3-босқич талабаси :
- Мамлакатимизда ёшларнинг иқтидорларини қўллаб-қувватлаш мақсадида жуда катта имтиёзлар, имкониятлар яратилмоқда. Буни ўзимнинг фаолиятимда яққол ҳис қилмоқдаман.
Хорижий тилларни ўрганишга мактабда ўқиб юрган кезларимдаёқ қизиққанман. Кўплаб фан олимпиадаларида, танловларда иштирок қилганман. Бугун эса Урганч давлат университетининг хорижий филология факультети талабасиман. Ҳар бир машғулотдаги мавзуларни эътибор билан тинглайман. Дарслардан кейин ҳам ўзимнинг билим ва маҳоратимни ошириб бораман.
Айни пайтда илмий-тадқиқот ишларини самарали давом эттирмоқдаман. Таржима назарияси ва амалиёти кафедраси доценти вазифасини бажарувчи, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Гуландом Сапарбоева Матназаровна раҳбарлигида “Миллий маданиятга хос сўзларнинг таржима стратегиялари (эртаклар мисолида)” мавзуида илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқдаман.
Бу жараёнда мавзуга оид кўплаб илмий-оммабоп, шунингдек, бадиий адабиётларни чуқур ўқиб, ўрганишимга тўғри келади. Мен бу эзгу ишни сидқидилдан бажараяпман.
Яқинда мен учун ҳам унутилмас воқеа бўлди. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруғи билан Навоий номидаги давлат стипендиаси ғолиби бўлдим. Айни пайтда ушбу ишончни оқлаш мақсадида янада фаол бўлишга, ўз устимда қунт билан ишлашга астойдил ҳаракат қилмоқдаман. Яратилаётган ҳар бир мана шундай имкониятлар биз ёшларнинг ғайрат-шижоатимизни янада оширади.
Мафтуна ФАРХОДОВА, хорижий филология факультетининг 4-босқич талабаси :
- Мен ҳам барча тенгдошларим қатори талабаликнинг ҳар бир дақиқасидан оқилона фойдаланишга ҳаракат қилмоқдаман. Университетимизда биз талабалар учун барча зарур шароитлар яратилган. Профессор-ўқитувчилар иштирокида ҳар бир машғулот юксак савияда ўтказилади. Мен ҳам машғулотларда доимо фаол бўлишга интиламан.
Француз тилини болалигимдан бошлаб ўрганмоқдаман. Бу эса бугун менга янада қўл келмоқда. Айни пайтда аъло ўқиш билан бирга илмий-тадқиқот ишларини ҳам бошлаб юборганман.
Факультетимизнинг тажрибали ўқитувчиси Назокат Худойберганова Раҳимовна илмий раҳбарлигида “Француз ва ўзбек тилларидаги фразеологик бирликлар” мавзусида илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқдаман.
Келгусида ўзимнинг фаолиятим билан илм-фан тараққиётига амалий ҳисса қўшиш - қалб шиоримга айланган.
Ушбу йил бошида менинг учун ҳам қувонарли дақиқалар бўлиб ўтди. Мен ҳам бир қатор истеъдодли талабалар сингари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруғи билан Навоий номидаги давлат стипендиаси ғолиби бўлдим.
Бу масъулиятни, ишончни, албатта, оқлайман, устозларим доно маслаҳатларига қатъий риоя қилган ҳолда ўзимнинг илмий-тадқиқот ишларимни самарали олиб боришга ҳаракат қиламан.

Захро ИСАЕВА, табиий фанлар факультети 3-босқич талабаси :
- Талабалик – олтин даврдир. Беҳудаги бундай самимий сўзлар айтилмайди, албатта. Чунки айнан талабалик пайтидаёқ ёшларга билимларини янада мустаҳкамлаш, ўзлари танлаган мутахассисликлар бўйича назарий ва амалий кўникмаларини чуқур эгаллашлари ва истеъдодларини кенг намоён қилишлари учун жуда катта имкониятлар яратилади. Буни ўзимизнинг олий таълим даргоҳимиз мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Университетимизда талабаларнинг ўқишнинг биринчи босқичидаёқ чуқур билим олиши билан бирга ўз иқтидор, салоҳиятларини рўёбга чиқаришлари учун барча зарур шароитлар яратилган. Эътибор ва ғамхўрликни ҳал лаҳзада ҳис қилиш мумкин.
Университетимиз ва Республикамиз миқёсида талабалар учун кўплаб танловлар, тадбирлар ташкил этилмоқда. Масалан, мен биология фани йўналиши бўйича ўтказилган олимпиадада қатнашиб, биринчи даражали диплом билан тақдирландим.
Мен университетнинг фаол ва иқтидорли талабаси сифатида шу йилнинг 25 январида “Олима аёлллар'' уюшмасига аъзо бўлдим. “Олима аёллар'' уюшмаси томонидан ўтказилган “Ёш олималарни илм-фан тараққиётида тутган ўрни” мавзусидаги илмий-амалий анжуманда маърузам билан қатнашдим.
Шунингдек, “Илм юлдузлари” интеллектуал кўрик-танловида “Энг зукко ва топқир иштирокчи” номинацияси бўйича ғолиб бўлдим.
Талабалар, докторантлар ва тадқиқотчилар ўртасида ўтказилган “Янги Ўзбекистоннинг истеъдодли ёшлари” номли иншолар танловида ҳам қатнашиб, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан диплом билан тақдирландим.
Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган Республика онлайн фан олимпиадасида қатнашиб, махсус сертификат билан тақдирландим. Бундай ютуқларимдан мисолларни яна кўплаб келтиришим мумкин.
Айни пайтда мен биология кафедраси доценти З. Оллаберганова илмий раҳбарлигида “Хоразм тупроқ иқлим шароитида қадимий буғдой нав намуналарини ноқулай омилларга чидамлилигини ўрганиш” мавзусида илмий изланишларни олиб бормоқдаман. Илмий мақолаларим оммавий ахборот воситаларида чоп қилинмоқда.
Ҳа, бугунги кунда Янги Ўзбекистоннинг истеъдодли, иқтидорли ёшларининг сафи тобора кенгайиб бормоқда.
Таҳририятимизда ўтказилган давра суҳбатида талаба қизлар ўзларининг эришаётган ютуқларига, илмий-тадқиқот ишларига ва уларнинг келгусида ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг янада тараққиётига қўшадиган муносиб улушларига, истиқболли лойиҳалари ва режаларига алоҳида тўхталдилар.
Келгусида ҳам таҳририятимизда иқтидорли ёшлар, талабалар иштирокида дилдан давра суҳбатлари давом этади.
Давра суҳбатини Отахон РАҲИМ ёзиб олди.