Вилоятимизда бўлиб ўтаётган Наврўз умумхалқ сайлларидан
РЕПОРТАЖ
Вилоятимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларида “Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!” деган бош ғоя асосида гўзал миллий анъана ва қадриятларимизни, урф-одатларимизни, халқ ижодиёти дурдоналарини ўзида мужассам этган маданий-маърифий, мусиқали-театрлашган тадбирлар Навбаҳорнинг илк кунлариданоқ катта кўтаринкилик билан бошланди.

Нуроний онахонларимиз, момоларимиз бошчилигида дошқозонларда сумалаклар тайёрланиб, унинг атрофида хотин-қизлар, ёшлар шўх-шодон қўшиқлар, яллаларни баланд пардаларда куйлаб, Наврўзи оламни катта кўтаринкилик билан кутиб олдилар.


Баҳорнинг дастлабки лаҳзалариданоқ воҳамизнинг қайси бир маҳалласида бўлманг, қозонларда сумалаклар тайёрланиб, дастурхонлар Наврўз таомлари, сумалак, кўк барак, кўк сўмса, илдирмалар, қандолат маҳсулотлари билан янада тўкин қилиб безатилди.
Шунингдек, ёшлар ўртасида турли танловлар ўтказилди. Айниқса, маҳаллаларнинг ўзида арқон тортиш, белбоғли кураш, стол тенниси, шахмат-шашка ва спортнинг бошқа турлари бўйича ташкил этилган мусобақаларда барча фаол иштирок қилишга ҳаракат қилди. Нуроний отахон ва онахонлар бебаҳо миллий қадриятларимиз ҳақида ёшларга сўзлаб беришди. Онахонлар эса каштачилик, чеварлик, пазандалик каби йўналишларда қизларга ўз тажрибаларини ўргатишди.
Наврўз байрамини ҳар бир элдошимиз қалбларда қувонч ва шодликлар билан кутиб олмоқда.
Наврўз байрами арафасида кўчалар янада ободонлаштирилди. 1 мартдан бошланган “Яшил йиллик” умуммиллий тадбирлари Наврўз қувончлари билан уйғунлашиб кетди. Кўчаларга, ҳовлилар олдига мевали, маназарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Янгидан боғлар, гулзорлар барпо этилди. Бу эзгу тадбирлар жадал суръатлар билан барча жойда давом этмоқда.
19 март куни эрталаб. Қуёш ўзининг заррин нурларини она замин бўйлаб таратмоқда. Атроф, кўчалар, хиёбонлар баҳор фасли тароватидан янада чирой очган... Куй-қўшиқлар, яллалар баралла янграб турган Урганч шаҳридаги “Авесто” боғ-мажмуасига юртдошларимиз катта кўтаринкилик билан кириб келишди.
Боғ-мажмуаси байрамона безатилган. Боғ-мажмуадаги гўзаллик, дарахтларнинг яшиллиги, ўрикларнинг қийғос очилганлиги, турфа гуллар ғунча тугиб, ажиб манзара кашф этаётганлиги, осмонда қушлар байрамни улуғлаётгандай сайраётганлигини кўриб, қалбингиз янада завққа, қувончга, ҳаяжонга тўлади.

Ҳа, боғ-мажмуаси ҳар томонлама байрамона безатилган бўлиб, қалбларга байрам шукуҳини бағишлайди... Айниқса, қўли гул ҳунармандлар, уста кулоллар, чеварлар томонидан тайёрланган ранг-баранг маҳсулотлардан иборат бўлган кўргазмалар беихтиёр диққатингизни тортади.
Шаҳар ва туманлардан уста кулоллар, ҳунармандлар байрамга ўзларининг бетакрор ижод маҳсулотлари билан ташриф буюрган. Уларнинг тайёрлаган ҳунармандчилик маҳсулотларини кекса-ю ёш ҳавас ва ҳайрат, мамнунлик билан томоша қилишади.
- Ушбу кўргазмаларда воҳамизнинг уста ҳунармандлари, ёш истеъдод эгаларининг ҳунармандчилик маҳсулотларининг намуналари ўрин олди. Шуниси қувонарлики, кейинги йилларда ёшларнинг ҳам кулолчилик, ҳунармандчилик сир-асрорларини қунт билан ўрганаётганлиги бу ерда янада яққол намоён бўлди. Байрам доирасидаги тадбирларда уста кулоллар томонидан маҳорат дарслари ҳам ўтказилди, - дейди вилоят “Ҳунарманд” бошқармаси бошлиғи Илҳом Бобожонов. – Байрам сайлида 30 дан зиёд ҳунармандлар ўз маҳсулотлари билан иштирок этдилар.
Суҳбатимизга Ўзбекистон бадиий академияси бадиий ижодкорлар уюшмаси Хоразм вилояти бўлими раҳбари Машариф Мадаминов қўшилди. Таниқли рассом боғ-мажмуасида тасвирий санъат асарларидан иборат кўплаб кўргазмалар ташкил этилганлигини ва уларда шаҳар, қишлоқларимизнинг гўзал манзаралари, она табиатимиз, Наврўзи олам кунларида сумалаклар тайёрлаётган қизлар, момоларимизнинг байрамона кайфияти, қўшиқ-яллалар ижро этаётган санъаткорлар, бахшилар, халфаларнинг чиқишлари чиройли қилиб акс эттирилганлигини алоҳида қайд этди.

- Айниқса, ёш мусаввирларнинг қобилиятини кўриб янада қувондим, - дейди Машариф ака. – Уларнинг ижодларини синчиклаб кузатдим. Жуда чиройли асарлар яратилибди. Шу ернинг ўзида ёш рассомлар учун мен маҳорат дарсларини ўтказдим. Ёш мусаввирларнинг саволларига жавоблар бердим. Улар билан биргаликда байрам дастурларини мароқ билан томоша қилдик. Бугунги сайл менда унутилмас таассуротлар қолдирди.
Ҳақиқатан ҳам Наврўзи олам ижодкорларга янада илҳом бағишлаб, янгидан гўзал асарлар яратишга руҳлантирмоқда.
Боғ-мажмуаси бўйлаб борар эканмиз, атлас куйлак кийиб олган қизларнинг қўшиқлар айтаётганлигини, шунингдек, ёш қизчалар “Беш тош” ўйнини моҳирлик билан ўйнаётганлигини кўриб, уларнинг ҳам зукколигига қойил қоласиз. Ана шу ерда онахонлар қизларнинг эпчиллигини кузатиб, ўзларининг болалик йилларини ҳам ширин хотиралар билан эслашди.
“Авесто” боғ-мажмуасида санъат усталари, шаҳар ва туманлардаги маданият бўлимларининг бадиий ҳаваскорлик жамоалари, фольклор-этнографик ансамбллари аъзолари, ёш истеъдод эгалари томонидан юксак маҳорат билан тайёрланган байрам мусиқали дастурларини сайл қатнашчилари мароқ, завқ билан томоша қилишди. Уларнинг ҳар бир мусиқали чиқишларини қарсаклар билан олқишлашди.

Ҳамма бир-бирларини Наврўзи олам билан қутлайди. Наврўз байрамига вилоятимиздаги барча шаҳар ва туманлар ижтимоий-иқтисодий соҳаларида эришаётган қувонарли ютуқлари ҳақида ҳикоя қилувчи лавҳаларни, айниқса, боғ-у роғларда, далаларда етиштирилган сабзавот, полиз маҳсулотларидан, ширин-шакар мевалардан иборат ташкил қилинган кўргазмаларини сайл иштирокчиларига ҳавола қилишди. Ҳар бир кўргазма олдида яллалар, қўшиқлар янграб турди. Барчанинг чеҳрасида табассум.
Байрам тадбирида иштирок этаётган вилоят ҳокими Фарход Эрманов боғ-мажмуаси бўйлаб ташкил қилинган ранг-баранг, серқирра кўргазмалар билан танишиб, байрам иштирокчилари билан дилдан суҳбатлашди. Наврўзи олам билан барчани самимий қутлади.
“Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” да халқимиз турмуш фаравонлигини янада ошириш мақсадида олиб борилаётган кенг қамровли ишлар ҳар лаҳзада намоён бўлмоқда. Вилоятимиз ижтимоий-иқтисодий соҳаларида ислоҳотлар изчил давом этиб, истиқболли лойиҳалар ҳаётга кенг татбиқ этилаяпти. Шаҳар ва қишлоқларда йилдан-йилга янгидан турар жойлар, савдо-сотиқ шохобчалари, тиббиёт муассасалари бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда. Аҳоли бандлигини таъминлаш устувор вазифалардан бўлиб, ҳудудларда янгидан иш ўринлари яратилмоқда.
Умумхалқ сайлига ташриф буюрган кекса-ю ёш юртимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорликлар, яратувчиликлар ҳақида мамнунлик билан дил изҳорларини билдиришмоқда.
- Сайлга қўшниларим, набираларимиз билан бирга келдик. Бу ердаги қувноқ қўшиқлар, яллалардан қалбларимиз янада қувончга тўлди. Набираларимиз боғ узра яйраб, қувнамоқдалар. Варрак учириш бўйича ўтказилган мусобақада улар ҳам қатнашдилар, - дейди Гулсара Абдуллаева. – Ўзим кўп йиллар таълим тизимида фаолият юритдим. Бугунги кунда пенсиядаман. Келинларим, қизларим Наврўз таомларини тайёрлаб бизни, бобосини ҳар куни хурсанд қилмоқда. Айниқса, баҳор кунлари Наврўз таомларини истеъмол қилиш танамизга янада тетиклик бағишлайди.
Бугун боғ-мажмуасида ҳам дошқозонларда сумалаклар тайёрланиб, байрам қатнашчиларига улашилди. Шунингдек, 8 та катта дошқозонларда ош-паловлар ҳам тайёрланди. Паловнинг ёқимли хиди димоққа урилиб, иштаҳани янада очиб юборади. Шунингдек, Наврўз таомлари, қандолатчилик маҳсулотлари ҳам байрам дастурхонидан ўрин олди.
- Бугунги Наврўз сайлида ёшлар мусиқали тадбирларда, танловларда фаол иштирок қилиб, ўз истеъдодларини намоён қилишаяпти, - дейди Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Сардор Полвонов. – Танловларда ғолиб бўлаётган истеъдодли ёшлар фахрий ёрлиқлар, дипломлар билан тақдирланмоқдалар. Бундай танловлар ёш иқтидорларни кашф этмоқда.
Ҳа, боғ-мажмуаси узра шўх-шодон куй-қўшиқлар баланд яйрайди. Дорбозлар ўз маҳоратларини эпчиллик, чаққонлик билан намоён қилишмоқда. Уларга боқар эканман, ушбу санъат эгаларининг маҳоратига, қобилиятига яна бир бора қойил қолдим.
Айниқса, куни билан бу ерда спортнинг кураш, югуриш, арқон тортиш каби ўнлаган турлари бўйича ниҳоятда қизиқарли беллашувлар бўлиб ўтди. Ҳатто арқон тортишда қизларнинг эпчиллигига, тезлигига, иқтидорига байрам иштирокчилари қарсаклар чалишди.
Ҳа, боғ-мажуасида ўтказилган Наврўз сайли дастури турли тадбирларга бой бўлди.
***
Наврўз байрами арафасида вилоятимизнинг маҳаллаларида “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ҳамда “Меҳр дафтари”га киритилганлар моддий қўллаб-қувватланмоқда. Ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларнинг фарзандларининг суннат тўйлари ҳам ўтказилиб, уларга турли совғалар, ўйинчоқлар топширилмоқда. Наврўз байрами кунлари меҳр-оқибат, саховатга тўла бўлган тадбирлар билан давом этмоқда.
Наврўзи олам қувончлари, тадбирлари воҳамиз бўйлаб кенг қулоч ёймоқда.
Отахон РАҲИМ.