QUVONCHIMIZ CHEKSIZ

QUVONCHIMIZ CHEKSIZ


 
         Таҳририятимиз манзилига келган оналар мактубларидан 
 
  
 
      Касбим ўқитувчи. 20 йилдан зиёдки, таълим муассасаларида фаолият юритаман. Ўқувчиларимга фан бўйича чуқур билим беришга ҳаракат қиламан. Уларнинг ютуқларини кўриб, янада мамнун бўламан. 
      Мен ушбу сатрларни эса ўз фарзандим Шоҳрухнинг истеъдоди, қобилияти, эришаётган ютуқлари ҳақида ёзмоқдаман. 
      Ўғлим Урганч шаҳридаги 28-сон мактабнинг 9-синфида таълим олади. Барча фанлар бўйича мавзуларни чуқур ўрганишга ва устозларнинг тавсияларига амал қилишга астойдил ҳаракат қилади. Уй вазифаларини ҳам ўз вақтида тўғри бажариш учун интилади. Ўғлим Шоҳрухнинг мактабдан ташқари бўш пайтларида ҳам шаҳримиздаги 3-сон болалар мусиқа ва санъат мактабига бориб, мусиқа санъати бўйича дастлабки билимларини олаётганлигидан оила аъзоларимиз билан биргаликда  жуда хурсандмиз. 
      Мана, бир неча йил бўлдики, ўғлим ушбу санъат мактабида тажрибали муаллим Бахтиёр Хайитовдан мусиқа сир-асрорларидан сабоқ олиб келмоқда. Бахтиёр ака ўз соҳасининг билимдони бўлганлиги учун ҳам машғулотларни юксак савияда ўтказиб келмоқда. 
      Шуниси қувонарлики, ўғлим ушбу санъат даргоҳидан уйга қайтгач ҳам қўлига рубобни олиб, бизга куйлар чалиб беради. Она Ватан, бахтиёр ёшлик, дўстлик, оналарга меҳрибон бўлишга бағишланган қўшиқларни ижро этади. Ўғлимизнинг қобилиятини кўриб, қалбимиз янада севинчга тўлади. 
      Шоҳрух ўтган йиллар давомида вилоят, Республика миқёсида ўтказилган кўплаб кўрик-танловларда, ижодиёт фестивалларида қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда. Уйимизда ўғлимнинг ана шу тадбирларда юксак натижаларга эришганлиги тўғрисида ҳикоя қилувчи дипломлар, фахрий ёрлиқлар, ташаккурномаларни ҳар куни кўрар эканман, болани ёшлигидан истеъдодини қўллаб-қувватлаш ўз самарасини беришини янада, тўла ҳис қиламан. 
     Ҳар йили 8 март – Халқаро хотин-қизлар  куни байрами кунларида  ўғлим Урганч шаҳридаги 28-сон умумтаълим мактабида ва 3-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида ташкил этиладиган “Онажонларни шарафлаймиз!” деб номланган мусиқали дастурларда қатнашиб, қўшиқлар куйлайди. Ана шу пайтда ўғлимнинг иқтидоридан қалбим яна фахрга тўлади.
     Айни пайтда “Ассалом, Наврўз!” деб номланган байрам тадбирига ўзининг қўшиқлари билан қатнашишга тараддуд кўрмоқда. 
     Мактабимизда ўқувчиларимнинг ота-оналарига ўз фарзандларини дарсдан кейинги соатларини тўғри, қизиқарли, мазмунли ташкил этиш бўйича маслаҳат, тавсиялар бераман. Шу сабабли кейинги пайтда ҳам мактабимизда истеъдодли ўқувчилар сафи кенгаймоқда. Фарзандларимизнинг эришаётган ютуқлари бу бизнинг қувончимиздир. 







     Ўз касбига масъулият билан муносабатда бўлаётган соҳанинг моҳир эгаси,  етук мутахассис Бахтиёр Хайитов сингари устозларга фарзандларимизга, ёшларга мусиқа таълимидан чуқур билим бераётганлиги учун миннатдорчилик билдирамиз. 
 
                                                                                            Манзура НУРМЕТОВА, 
                                                         Урганч шаҳридаги 28-сон мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари. 
 
 
 
 
 
 
17-03-2022, 14:55
Sahifaga qaytish