Қишлоқ хўжалиги тармоқларида
Шу кунларда вилоятимиз далаларида, боғларида баҳорги ишлар жадал суръатлар билан давом этмоқда. Чунки баҳор фаслининг ҳар кунидан тўғри фойдаланиш келгусида қишлоқ хўжалиги тармоқларидан мўл ҳосил олиш имконини беради.

Вилоятимизда истеъмол ва уруғлик картошка етиштиришни кўпайтириш, картошкачилик соҳасида кластерлар фаолиятини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ушбу йилда вилоятимизда 5250 гектар майдонда картошка экиш режалаштирилган бўлиб, бунинг учун 13 минг тонна картошка уруғи талаб этилади. Айни кунларда зарур уруғлик картошка заҳираси шакллантирилган.
Картошкани экиш муддати 10 кунга кечиктирилса ҳосил 10-12 фоиз камайишига олиб келади. Шуни инобатга олган ҳолда вилоятимизда картошканинг ўз муддатида экишга бугунги кунда янада алоҳида эътибор қаратилмоқда.

“O’zagroinspeksiya”нинг Хоразм вилояти бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Рустам Аҳмедовнинг қайд этишича, Урганч туманидаги “Давлат Рахматилла” фермер хўжалигида бўлиб ўтган семинарда мутахассислар томонидан картошкани ўз вақтида экиш ва уни агротехника қоидалари асосида парвариш қилиш бўйича тавсиялар, маслаҳатлар берилди. Шунингдек, картошка етиштиришдаги илғор тажрибалар юзасидан уста деҳқонларнинг маслаҳатлари эшитилди.
Ушбу йилда Урганч туманида 578 гектар майдонда картошка экилиши режалаштирилган. Айни пайтда туманда картошка навларини экиш ишлари жадаллик билан олиб борилаяпти.
Баҳор фаслининг ушбу кунларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан мўл ҳосил олиш учун тармоқлар кесимида мана шундай ўзаро тажриба алмашувлар, семинарлар ўтказилмоқда.
“Хоразм ҳақиқати” газетаси мухбири.