SUMALAKLAR QOZONLARDA QAYNIYDI

SUMALAKLAR QOZONLARDA QAYNIYDI






    Ҳа, шу кунларда вилоятимиз шаҳар ва туманларидаги маҳаллаларда дошқозонларда сумалаклар тайёрланиб, қалбларга жўшқинлик бағишловчи қўшиқлар, яллалар, лапарлар янграмоқда. 
    Янгибозор туманининг қишлоқларида ҳам Наврўзи олам катта кўтаринкилик билан кутиб олинмоқда. Қозонларда сумалаклар тайёрланиб, унинг атрофида яллалар, қўшиқлар янграмоқда.
    Янгибозор тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Умида Нурметованинг таҳририятимиз телеграм каналига йўллаган хабарида тумандаги “Халқобод” маҳалласида сумалак сайли ўтказилиб, унда миллий ўйинлар, спорт мусобақалари ва дилларга хушнудлик бағишловчи  миллий мусиқий театрлаштирилган дастурлар ўрин олганлигини алоҳида қайд этди. 



  Момолар қўшиқларни хиргойи қилиб, кашта тўқиш сирларидан маҳорат дарсларини ўтказишди. Қизлар эса сумалак атрофида бошларига дўппи кийиб, шўх яллаларни ижро этишди. Айниқса, қишлоқ ёшлари тош кўтариш, арқон тортиш каби беллашувларда ўзларининг маҳоратларини намоён этишди. 
    Эндиликда қишлоқда теннис бўйича ҳам ёш истеъдод эгалари етишиб чиқаётганлиги мусобақалар жараёнида барчани хурсанд қилди. 
  





  Миллий кийимдаги қишлоқ болалари лазги, қайроқ ва бошқа рақсларни маҳорат билан ижро этишди. 

                              * * *
    
Шунингдек, Урганч шаҳридаги “Шодлик” маҳалласида истиқомат қилаётган Бибиражаб опа Жуманиёзова хонадонида ҳам дошқозонда сумалаклар тайёрланди. Маҳалла хотин-қизлари, фахрийлар дилдан гурунглашиб, қўшиқлар айтишди.  Кекса онахонлар халқимизнинг гўзал миллий анъаналари, урф-одатлари ҳақида гапириб беришди. 
    Маҳалланинг бадиий хаваскорлик тўгараги аъзолари навбаҳорни, наврўзни, дўстликни, она табиатимизни тараннум этувчи қўшиқлар, яллаларни куйлашди.  Ёш ижодкорлар ўзларининг шеърий машқларидан ўқиб беришди. 
   Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилором Отаева барча Наврўз байрамини катта шодиёналик,  кўтаринкилик билан кутиб олаётганлигини қайд этди. 
    - Айниқса, маҳалладошларимиз “Яшил йиллик” умуммиллий тадбирларида уюшқоқлик билан иштирок этиб, уйларининг олдиларига, ариқлар бўйларига мевали, манзарали дарахт кўчатларини ўтқазмоқдалар. Ўз навбатида хонадонларга дарахт ва атиргул кўчатлари тарқатилди. Эндиликда хонадон эгалари экилган ушбу дарахт ва гуллар кўчатларини ўз вақтида парваришига ҳам киришдилар, - дейди Дилором Отаева. – Биз ушбу йилда маҳалламиз ҳудудига 6 минга яқин дарахт кўчатларини ўтқазамиз. Маҳалламизда жойлашган кўп қаватли уйлар атрофларига ҳам мевали, манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Уларнинг  бир текис ривожланиши учун ҳаммамиз биргаликда ҳаракат қиламиз. Чунки яшиллик қанчалик кўпайса, маҳалламиз ҳудуди шунчалик чирой очади. 
  




  Ҳа,  бугун вилоятимизнинг ҳар бир гўшасида элдошларимиз дарахт кўчатларини экишда, гулзорлар барпо этишда фаол қатнашаётирлар. 
    Қозонларда тайёрланган сумалакларни онахонлар идишларга қуяётган бўлса, ёшлар эса баҳор таомини тезкорлик билан беморлар, кексалар, маҳалладошлари хонадонларига олиб бориб, уларнинг қалбини хушнуд қилмоқдалар. 
    Вилоятимизнинг барча маҳаллаларида ана шундай кўтаринкилик давом этиб, Наврўзи олам қувонч, шодликлар билан кутиб олинмоқда. 

                            Отахон РАҲИМ. 

12-03-2022, 21:25
Sahifaga qaytish