Урганч Давлат университетида ташкил этилган бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркасидан
РЕПОРТАЖ
Навбаҳорнинг ҳар бир кунида атроф-муҳит янада чирой очиб, кайфиятингизга кўтаринкилик бахш этади. Яшилликка бурканаётган боғлар, ҳиёбонлар, кўчалардан ўтиб борар эканман, элдошларимиз кўчаларга, ариқ бўйларига мевали, манзарали дарахт кўчатларини ўтқазаётганлигини, гулзорлар барпо этаётганлигини кўриб, қалбим янада завққа тўлади.
Урганч Давлат университети биносига яқинлашар эканман, мен билан биргаликда кўпгина ёшлар ушбу олий даргоҳ ҳудудида ташкил этилган бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркасига кўтаринки руҳда келаётганлигининг гувоҳи бўлдим.
Ҳа, Хоразм вилояти ҳокимлиги, вилоят бандлик бош бошқармаси ва Урганч Давлат университети томонидан ташкил этилган ушбу бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси олий таълим даргоҳида таҳсил олаётган ҳар бир талаба, айниқса, ушбу йилда олий таълим муассасасини тугаётган битирувчи ёшлар ва иш билан банд бўлмаган йигит-қизлар учун ўзлари ҳохлаган меҳнат жамоаларида фаолиятларини давом эттиришлари учун қулай имкониятларни яратади.

Меҳнат ярмаркасида вилоятимизда фаолият юритаётган 1670 корхона ва ташкилотлар ўзларининг 5416 та бўш иш ўринлари билан иштирок этди.
Ярмаркада ташкил этилган кенг қамровли кўргазма орқали ҳар бир корхона ва ташкилот, меҳнат жамоаси ўз фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи кўргазмали воситаларни ёшлар эътиборига ҳавола этишди. Ёшлар эса бемалол даставвал ана шу тарғибот воситалари орқали ўзларини қизиқтираётган касблар бўйича маълумотларга эга бўлишди.
Меҳнат ярмаркасида Урганч Давлат университети талабалари ва иш билан банд бўлмаган маҳаллалар ёшлари иштирок этишди.
Шу ерда мен ва бошқа оммавий ахборот воситаларида фаолият юритаётган ҳамкасбларимиз билан биргаликда талабаларнинг, ёшларнинг ушбу бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилганлигидан мамнун эканликлари тўғрисидаги фикрларини эшитдик.
Мана, суҳбатдошимиз Урганч давлат университетининг талабаси О. Шоназаров. У ушбу олий таълим даргоҳининг санъатшунослик факультетининг иккинчи босқич талабаси. У ҳам ўз йўналиши бўйича шу ернинг ўзида Хива шаҳридаги 13-сон мактабгача таълим ташкилотига ишга йўлланма олди. Эндиликда, у тўлов контрактини ишлаб топган ойлик маошидан тўлаш имкониятига эга бўлади. Бундан оила аъзолари ҳам хурсандлигини қайд этди.
Шунингдек, О. Давлатназарова ушбу олий таълим даргоҳида мусиқа йўналиши бўйича таҳсил олмоқда. У бу йил университетни тамомлайди.
- Мен бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил қилинганлигидан жуда хурсанд бўлдим. Ўз мутахассислигим бўйича Хива шаҳридаги 9-сон мактабгача таълим ташкилотига болаларга мусиқадан таълим бериш бўйича ишга йўлланма олдим. Бундан жуда хурсандман, - дейди О. Давлатназарова.
Ҳа, меҳнат ярмаркасида қатнашаётган ҳар бир талаба ўз мутахассисликлари бўйича ҳозирданоқ ишга жойлашиш имкониятига эга бўлишди.
- Бугунги кунда талабаларнинг олий ўқув юртида ҳам ўқиб, ҳам меҳнат жамоаларида ишлашлари учун шароитлар яратилмоқда. Ушбу ярмарка ташкил этилганлигидан талабалар жуда хурсанд. Биргина бизнинг университетимиздан 3 минг нафардан зиёд талаба ушбу ярмаркада иштирок этди. 200 дан ортиқ талаба эса ишга жойлашиш бўйича йўлланмалар олишди. Эндиликда улар назария ва амалиётни уйғун тарзда олиб бориб, ўз мутахассисликлари бўйича маҳоратларини янада ошириб борадилар, - дейди Урганч Давлат университети ректори Баҳром Абдуллаев. – Тез кунларда янги инновацион лойиҳалар амалиётга татбиқ этилгач яна 300 дан зиёд талабамиз янги иш ўринлари билан таъминланади. Бу борадаги белгиланган тадбирларимизнинг кўлами кенг...

Шунингдек, меҳнат ярмаркаси доирасида Урганч шаҳар “Ишга марҳамат” мономаркази томонидан ҳам қатор касблар бўйича маҳорат дарслари ўтказилди. Уларда ўз соҳасининг етук мутахассислари бўлган ошпазлар, тикувчилар, сартарошлар, дизайнерлар, чеварлар иштирок этишди.

Урганч шаҳар “Ишга марҳамат” мономаркази директори Ш.Рўзматова шу ернинг ўзида жуда кўплаган ёшларнинг марказ тақдим қилган касб-ҳунарлар бўйича қизиқишлари катта эканлиги ва уларнинг келгусида ушбу соҳаларни ҳам ўрганиш истаги борлигини қайд этди.
Марказ мутахассислари томонидан ўтказилган маҳорат дарслари ҳам ёшларга амалий ёрдам берди.
Шу ернинг ўзида Урганч шаҳар “Ишга марҳамат” мономарказининг кенг қиррали фаолиятлари акс этган тарқатма материаллар ёшларга тақдим этилди.
Вилоятимизда талабалар, ёшлар учун бундай бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркалари мунтазам равишда ташкил этилмоқда.
Отахон РАҲИМ.