ФАХРИЙЛАР - ФАХРИМИЗ

ФАХРИЙЛАР - ФАХРИМИЗ


            Газетамизда чоп этилган мақолалардан 


   Янги китоблар



   Ҳа, яқинда вилоятимиздаги “IJОDKОR”  нашриётида чоп қилинган, вилоят  маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, вилоят “Нуронийлар” жамоатчилик Кенгаши раиси Маткарим Жуманиёзов томонидан тайёрланган китоб ана шундай деб, номланди. 
   Бугунги кунда мамлакатимизда кекса авлод вакилларининг соғлигини мустаҳкамлаш, турмуш шароитларини янада яхшилаш, уларни соғломлаштириш, санаторийларида дам олишларини ташкил қилишга доимий эътибор қаратилмоқда. Нуроний отахон ва онахонлар кексалик гаштини суриш билан бирга ўз маҳаллаларида жамоат ишларида фаол қатнашиб, ёшларни баркамол вояга етказишда кўп йиллик ҳаётий тажрибаларидан оқилона фойдаланиб, фаолият юритмоқдалар. 
   Муаллифнинг ушбу китобида вилоятимизнинг шаҳар ва туманларида ижтимоий-иқтисодий соҳаларда, барча жабҳаларда узоқ йиллар самарали меҳнат қилган фахрийларнинг ибратли умр йўллари, эришган ютуқлари ва айни кунда ҳам жамоат ишларида фаол иштирок этаётганликлари ҳақида сўз юритилади. 
   Жумладан, Ўзбекистон Қаҳрамони, Гурлан туманидаги 5-сон мактаб директори Аноржон Маҳмудова, ушбу туманда узоқ йиллар қишлоқ хўжалиги соҳасида фидойи меҳнат қилган, фаол фахрий Аминбой Вафоев, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист Ўктам Раҳимов, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қурувчи Рустам Султонов ва эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган  бошқа ўнлаган кўплаб фахрийларнинг босиб ўтган ибратли ҳаёт йўллари ҳақида сўз юритилади. 
   Китобдан Урганч шаҳрида истиқомат қилаётган, яқинда таваллудининг  100 ёшини қаршилаган, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Жобберган Қаландаровнинг узоқ йиллар таълим тизимида фидойилик билан меҳнат қилиб, ёшларга сабоқ бериб, кўплаган шогирдлари бугунги кунда турли соҳаларда ғайрат-шижоат билан меҳнат қилаётганликлари алоҳида қайд этилади. 
   Вилоят “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамғармаси раиси Ленинза Асқарова ўзининг кўп йиллик фидойи меҳнати билан эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган элдошларимиздан биридир. Ўтган йиллар давомида қайси вазифада фаолият юритмасин ўзининг ташаббускорлиги, ташкилотчилик қобилияти, меҳнатсеварлиги ва ҳалоллиги билан доимо элдошларимизга ибрат бўлиб келмоқда.   Китобдан Л. Асқарованинг бугунги кундаги серқирра меҳнат фаолияти ҳақида ҳикоя қилинади. 
   Мазкур китобдан илм-фан намояндалари, адабиёт, санъат ва бошқа қатор соҳаларда  салоҳиятли ижод қилиб келаётган элдошларимизнинг умр йўлларидан лавҳалар ўрин олган.
   Жумладан, Урганч давлат университети профессори Отабой Жуманиёзов қарийб 50 йил давомида талабаларга сабоқ бериб, уларнинг севимли устозига айланди.  Отабой Жуманиёзовнинг илмий фаолияти замирида ҳам узоқ йиллик тинимсиз меҳнат ётади. Олим бешта дарслик ва қўлланмалар, бешта ўқув-услубий қўлланма ва иккита монография муаллифи. Устоз бугунги кунда ҳам олий таълим даргоҳида самарали фаолият юритмоқда. Китобда олимнинг илмий-педагогик фаолияти ҳикоя қилинади. 
   Эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган аёллардан бири, элдошимиз Римажон Худойберганова. У Урганч тикувчилик фабрикасида дастлаб, цех  бригадири бўлиб, кейинчалик ушбу корхонага узоқ йиллар раҳбарлик қилган. Шунингдек, вилоят раҳбарлик органларида ҳам фаолият юритиб, воҳа ижтимоий-иқтисодий соҳаларини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган.  
   Римажон опа бугунги кунда фарзандлари, набиралари меҳрибонлигида  қарилик гаштини сурмоқда. 
   Ёзувчи ва шоир Қўзи Давлатов кўп йиллар турли раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган. Бугун пенсияда бўлсада, айни кунларда самарали ижод қилмоқда. Ёзувчининг “Хусумат”, “Йиллар сурони”, “Тунги ёғду” каби тарихий романларини китобхонлар қизиқиш билан мутолаа қилмоқдалар. 
   Китобдан Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Гулора Раҳимованинг ижоди ва бугунги кундаги фаолияти ҳақида ҳам самимий сатрларни ўқиш мумкин. 
   Ушбу китобга муҳаррирлик қилган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси, таниқли журналист Ҳусайн Раҳмонов “Фахрийлар - фахримиз”  номли китобнинг иккинчи қисми ҳам нашрга тайёрланаётганлигини қайд этди. 
Бир сўз билан айтганда, ўзларининг салоҳиятли меҳнатлари билан узоқ йиллар турли соҳаларда фидойилик кўрсатган фахрийлар - фахримиз, уларнинг умр йўллари эса  ҳар бир ёш учун ибрат мактабидир. 

               Солияжон РАҲИМБЕРГАНОВА.
19-02-2022, 18:50
Sahifaga qaytish