SALOHIYATLI MEHNAT SAMARALARI

SALOHIYATLI MEHNAT SAMARALARI

ЖУРНАЛИСТЛАР ФАОЛИЯТИДАН 


   Таваллудининг 60 йиллигини нишонлаган Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Икром Худойберганов 40 йилдан зиёд вақт мобайнида оммавий ахборот воситаларида ўзининг турли мавзудаги чуқур таҳлилга эга бўлган мақолалари, янгиликларга тўла хабарлари, сурат-лавҳалари, репортажлари ва бошқа жанрлардаги сермаҳсул материаллари билан фаол қатнашиб келаётган ҳамкасбларимиздан биридир. 
   Жумладан, “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда”, “Спорт” , “Ўзбекистон футболи”, “Теннис+” ва бошқа кўплаган вилоят, Республика газеталарининг ўтган йилларда чоп қилинган сонларининг тахламларини  варақлаганда Икром Худойберганов имзоси билан тайёрланган ранг-баранг мавзулардаги мақолаларни ўқишингиз мумкин. 


   Хусусан, Икром Худойберганов “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталарида фаолият юритган йилларида воҳамизда қурилишлар, бунёдкорликлар ҳақида, шунингдек, аҳолига коммунал, маиший хизмат кўрсатиш бўйича қилинаётган ишлар ҳамда фуқароларнинг мурожаатлари асосида жойларга чиқиб, кўплаб чуқур таҳлилий мақолаларни тайёрлаган. 



   Айниқса, Икром Худойберганов спорт мавзусида ниҳоятда салоҳиятли ижод қилган, спортнинг барча турлари бўйича газетхонларга манзур бўладиган ўқишли материаллар тайёрлаган етук спорт шарҳловчиси ҳамдир. Айниқса, халқаро, Республика, вилоят миқёсида ўтказилган кўплаб мусобақалар, фестиваллар, спорт байрамларидан тезкорлик билан мақолалар тайёрлаб, газетхонлар эътиборига ҳавола этган. 
  Икром Худойберганов нафақат вилоятимиздаги балки Республикамиздаги футбол усталари, машҳур полвонлар, таниқли спорт мураббийлари, спорт юлдузлари билан мунтазам равишда интервьюлар, суҳбатлар ўтказиб, ана шу асосда газеталарда мақолалари чоп қилинган. 



  Икром Худойберганов бугунги кунда ҳам журналистика соҳасида самарали фаолият юритмоқда. Ижодкор 40 йилдан зиёд вақт мобайнида газеталарда чоп қилинган мақолаларини тахламларда тўплаб, уларни Махмуд Замахшарий номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказига топшириш нияти борлигини айтиб қолди. Бундан ҳамкасблар янада хурсанд бўлдик. 


  Куни кеча Махмуд Замахшарий номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида устоз журналист Икром Худойбергановнинг кўп йиллик ижодий меҳнатлари самараси бўлган мақолалари ўрин олган “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда”, “Спорт” , “Ўзбекистон футболи”, “Теннис+” газеталари тўпламларининг зиё масканига топшириш тақдимоти бўлиб ўтди. 


  Тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси Ўткир Матқурбонов, “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Солияжон Раҳимберганова, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Дилбаржон Бекчанова ва бошқалар сўзга чиқиб, устоз журналистнинг ўтган йиллар давомида журналистика соҳасида нақадар серқирра, самарали меҳнат қилганлиги ушбу газеталар тахламларидаги ранг-баранг мавзудаги мақолалар ҳам бу ҳақда ҳикоя қилиб турганлигини алоҳида таъкидлашди. 
  Тадбирда иштирок қилган вилоятимиз спортчиларидан бир гуруҳи уларнинг машғулотлари жараёнидаги пухта тайёргарликлари ҳамда мусобақаларда юксак кўрсаткичларга эришган пайтлари тўғрисида Икром Худойберганов томонидан оммавий ахборот воситаларида тезкорлик билан ахборотлар бериб борилганлигини мамнунлик билан қайд этишди.


  Жумладан, таниқли футбол устаси, мураббий Вали Султонов тадбирда сўзга чиқиб, футбол соҳасида дастлабки фаолиятини бошлаган йилларидаёқ ўзи ҳақида Икром Худойберганов кўплаб мақолалар тайёрлаб, улар вилоят, Республика оммавий ахборот воситаларида ёритилганлигини, бу эса ёш футболчини янада кўтаринки кайфиятда фаолият юритишига рағбат бўлганлигини аниқ мисоллар орқали алоҳида таъкидлаб ўтди. 
  Фидойи журналист Икром Худойберганов мақолалари чоп этилган газеталар тахламларини ушбу зиё масканига топширди.



  - Кейинги пайтда марказимизга ташриф буюраётган китобхонлар, ёшлар, ўқувчилар газеталарни янада қизиқиш билан мутолаа қилмоқдалар. Шунингдек, турли соҳалар бўйича илмий-тадқиқот ишларини олиб бораётган ёш изланувчилар, талабалар, олимлар турли йилларда чоп қилинган газеталар тахламларини ҳам қизиқиш билан ўқишади, - дейди Махмуд Замахшарий номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Раҳимбой Қурбонов. – Бугун марказимизга тақдим қилинаётган ушбу газеталар тахламлари газетхонлар учун янада қизиқарлидир. Чунки, мазкур газеталарда спортимиз фидойилари, футболимиз юлдузлари, умуман, юртимиз спортчилари, вилоятимизда ўтказилган спорт мусобақалари, спорт тадбирлари ҳақида кўплаб мақолалар чоп қилинган. Албатта, биз ҳам улар билан яқиндан танишамиз. Спорт мавзуси барча учун қизиқарли мавзудир. 
  Тадбир давомида Икром Худойберганов ўзининг келгусидаги ижодий режалари ҳақида сўзлаб берди. 
 



 Кўп йиллик самарали журналистик фаолияти ҳамда таваллудининг 60 йиллиги муносабати билан Икром Худойберганов “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталари бирлашган таҳририятининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. 

       Отахон РАҲИМ. 
      Муаллиф олган суратлар.

10-01-2023, 14:34
Sahifaga qaytish