KITOB - OFTOB, KITOB - XAZINA. U BILIMLAR SARCHASHMASIDIR

KITOB - OFTOB, KITOB - XAZINA. U BILIMLAR SARCHASHMASIDIR


   КЕЧА УРГАНЧ ШАҲРИДА ЎЗ ФАОЛИЯТИНИ БОШЛАГАН “ЁШЛАР КУТУБХОНАСИ” МАЖМУАСИДАН 
                         РЕПОРТАЖ 



   Ўлкамизда қиш фасли. Бироқ ҳар куни тонг билан қуёш ўзининг заррин нурларини юртимиз узра таратмоқда. Янги йилни катта кўтаринкилик билан кутиб олаётган юртдошларимизнинг кайфияти аъло даражада. 
   Кеча эрталаб, вилоятимиз марказидаги Тинчлик кўчасидан юриб борар эканман, атрофга янада қувонч билан боқаман. Чунки амалга оширилаётган бунёдкорликлар, ободонлаштириш ишлари туфайли Урганч шаҳри кундан кунга тобора чирой очиб, гўзаллашмоқда. 
   Мана,  “Ёшлар кутубхонаси”, дея қайд этилган муҳташам қилиб бунёд этилган янги бинога яқинлашар эканман, севинчим янада ошди.



 Чунки бу ерда ёшлар учун яна бир маънавият, маърифат, зиё маскани ўз фаолиятини бошлаяпти. 
   Мазкур мажмуага кириб борар эканман, Урганч шаҳридаги 1-сон умумтаълим мактабининг 8-е синф ўқувчиси Асалхон Олланазарованинг ўзининг севимли ёзувчиларининг асарларини танлаб олганлигини мамнунлик билан қайд этди. 
   Муштарий Раҳимова ҳам ушбу мактабнинг 10-синф ўқувчиси экан. Муштарий билан суҳбат давомида у келгусида тиббиёт ходими бўлишни орзу қилаётганлигини ва ҳозирданоқ ушбу йўналишдаги китобларни чуқур ўқиб бораётганлигини билдирди. 
   - Кутубхонанинг очилиши, айниқса, бизнинг мактабимиз ўқувчилари учун янада қувонарли воқеа бўлди. Чунки мактабимиз шундай “Ёшлар кутубхонаси” ёнгинасида жойлашган. Эндиликда, танаффус пайтларида, дарслардан кейин ҳам бу ерга келиб, газеталарни, китобларни мутолаа қиламиз, - дейди Муштарий Раҳимова. 
   “Ёшлар кутубхонаси”нинг биринчи иш бошлаган куниданоқ зиё маскани ёшлар, отахон ва онахонлар, кенг жамоатчилик вакиллари билан гавжум эди. 




Чунки мажмуада “Китоб - хазина” китоб дўкони ҳам ташкил этилди. Ундан исталган мавзудаги илмий-оммабоп китобларни, соҳалар бўйича рисолаларни, бадиий адабиётларни танлаб олишингиз мумкин. 
   Вилоят “Нуронийлар” Кенгаши раиси Маткарим Жуманиёзов биз билан суҳбатда ўзининг дил сўзларини шундай изҳор қилди. 
   - Бугун бу ерга нафақат шаҳримиздаги балки вилоятимизнинг қатор туманларидан ҳам китобсевар нуронийлар ташриф буюрган. Уларнинг ҳам қувончи чексиз. Мана, мен ҳам бир неча китобни танлаб олдим. Ўғил-қизларим, набираларимга уларни совға қиламан, - дейди Маткарим Жуманиёзов. 
   Мазкур “Ёшлар кутубхонаси” мажмуаси 100 мингдан ортиқ китоб фондиги эга бўлиб, ундан турли ёш, турли касбдаги элдошларимиз ўзлари севган адабиётларни олиб, шу жойнинг ўзида мутолаа қилишлари мумкин. 





   Кутубхонанинг муҳташам иккинчи қаватида электрон ўқув зали ҳам ташкил этилган.  Бу ерда китобхонлар учун барча шароитлар яратилган. Яъни, электрон ўқув зали Алишер Навоий номли Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва Маҳмуд Замахшарий номли Хоразм вилоят Ахборот-кутубхона маркази билан электрон тарзда боғланган. 
   Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Жўрабек Рахимов “Ёшлар кутубхонаси” фаолияти билан яқиндан танишди.

  Ёш китобхонлар билан суҳбатлашди.  Уларга янги нашр қилинган янги адабиётлар тўпламини совға қилди. 


   Ёшлар бой китоб фондига эга бўлган мана шундай  замонавий, муҳташам,  барча зарур  шароитлар яратилган мажмуани фойдаланишга топширилганлиги учун ўзларининг миннатдорчиликларини билдирдилар. Келгусида ушбу зиё масканида ижодкорлар, санъаткорлар, илм-фан намояндалари, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган соҳа фидойилари билан учрашувлар, китобхонлар анжуманларини ўтказилиши белгилиб олинди. 
   Ҳа, мен ҳам ушбу мажмуадан ўзим севган адибларнинг асарларини, журналистика соҳасига оид адабиётларни, боғдорчиликни ривожлантириш бўйича тажрибали боғбонларнинг фикр-мулоҳазалари ўрин олган китобларни танлаб олдим. 
   Янги йил байрами арафасида мана шундай янги, муҳташам, замонавий биноларнинг фойдаланишига топширилиши барчамизнинг қалбимизга  янада шодлик бағишлайди. Шаҳримизда Янги йил байрами таровати кенг қулоч ёймоқда.

    Солияжон РАҲИМБЕРГАНОВА. 

25-12-2022, 15:50
Sahifaga qaytish