Viloyatimizda ''Keksalar haftaligi'' doirasida keng miqyosda tadbirlar tashkil etildi

Viloyatimizda ''Keksalar haftaligi'' doirasida keng miqyosda tadbirlar tashkil etildi


 КЕКСАЛАРНИ ЭЪЗОЗЛАШ, УЛАРГА ҲУРМАТ-ЭҲТИРОМ КЎРСАТИШ – ХАЛҚИМИЗГА ХОС ЭЗГУ ФАЗИЛАТ





   Ана шу мавзуда воҳамизда ўтказилган “Кексалар ҳафталиги”  тадбирларида, учрашувларда вилоят, шаҳар, туман ҳокимликларининг масъул ходимлари, корхона ва ташкилотларнинг раҳбарлари, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг депутатлари, ёшлар, фахрийлар, нуронийлар иштирок этдилар. Кекса авлод вакилларининг ижтимоий-иқтисодий соҳаларда узоқ йиллар самарали фаолият юритиб, бугунги кунда ҳам жамоат ишларида, ёшлар тарбиясида фаол қатнашаётганликлари қайд этилиб, отахон ва онахонларга ташаккурномалар, совғалар топширилди. 

   Вилоятдаги барча маҳаллаларда 6 мингдан зиёд отахон ва онахонлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Ногиронлиги бор 32 нафар кексага ногиронлик аравачалари ва бошқа реабилитация воситалари топширилди. 687 нафар якка-ёлғиз истиқомат қилаётган кексалар озиқ-овқат маҳсулотлари, 562 нафари эса зарур дори-дормонлар билан таъминланди. Шунингдек, 300га яқин нуронийларнинг хонадонларида ҳашарлар ўтказилиб, ҳовлиларидаги боғлари эса янада ободонлаштирилди. 
   Вилоят маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, вилоят “Нуроний” жамғармаси раиси Маткарим Жуманиёзовнинг қайд этишича, “Кексалар ҳафталиги” доирасида маҳаллаларда 6 мингдан зиёд нуронийлар иштирокида ёш оилалар вакиллари, ёшлар билан гўзал миллий урф-одатларимиз, анъаналаримиз тўғрисида суҳбатлар ўтказилиб, уларда отахон ва онахонлар ўзларининг ҳаётий маслаҳатларини беришди. 


    - Шуни алоҳида қайд этиш керакки, фахрийларимиз ушбу тадбирларда фаол иштирок этдилар. “Кексалар завқи” деб номланган спорт мусобақаларида 15984 нафар нуроний волейбол, минифутбол, стол тенниси ва спортнинг бошқа турлари бўйича қатнашиб,  ўз маҳоратларини намойиш қилдилар, - дейди мамнунлик билан Маткарим Жуманиёзов. – Таълим муассасаларида “Кексалар – оила чироғи” мавзусида машғулотлар ўтказилди. Айниқса, мактабларда фаолият юритаётган тўгаракларда ҳам нуронийлар фаол қатнашиб, ўзларининг кўп йиллик тажрибаларидан келиб чиқиб, маҳорат дарсларини ўтказдилар. “Ёшлар маркази”да бўлиб ўтган учрашувда эса 60 йил бирга умргузаронлик қилаётган табаррук отахон, онахонларнинг ҳаёт йўллари, меҳнат фаолиятлари, оилаларидаги ахиллик ёшларга ибрат қилиб кўрсатилди.                                            Шунингдек, “Асрлар билан юзма-юз” тадбирлари доирасида эса  вилоятимизда истиқомат қилаётган 100 ёш ва ундан катта ёшдаги 13 нафар нуронийлар ҳолидан хабар олинди. Уларга совғалар топширилди. 
 “Касбим – фахрим” мавзусидаги учрашувларда  эса 11 мингдан зиёд ёш қатнашиб, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган меҳнат фахрийларининг суҳбатларидан баҳраманд бўлдилар. Барча маҳаллаларда “Бобом, бувим ва мен китобхон” шиори остида китобхонлик акциялари ташкил қилинди. Айниқса, таълим муассасаларида “Бобомнинг айтишича” мавзусида ташкил этилган “Набиралар иншоси” танловида ўқувчилар ўзларининг боболари, бувилари ҳақида меҳр билан қалб сўзларини изҳор этишди. 
Шунингдек, ҳафталик давомида туман, шаҳарларда маҳалла фуқаролар йиғинларининг 6 та янги биноси ва бошқа кўплаб ижтимоий объектлар фойдаланишга топширилди. Ушбу замонавий, барча қулайликларга эга биноларнинг тантанали равишда очилиш маросимларида ҳам нуронийлар хурсандчилик билан иштирок этдилар. 
Барча шаҳар ва туманлардаги нуронийларнинг вилоятдаги музейлар ва зиёратгоҳларга, тарихий шаҳарларга сайёҳатлари уюштирилди. 
   Ҳар бир фахрий юртимизда кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган беқиёс эътибор, эъзоздан чуқур миннатдорчиликларини билдирмоқдалар. 

  “Кексалар ҳафталиги” доирасида вилоят миқёсида ўтказилган тадбирлар юксак савияда ташкил этилди. Юртимизда кексалар, отахон ва онахонлар доимо эъзоз ва эътиборда. 

Отахон РАҲИМ. 
Муаллиф олган суратлар.
12-10-2022, 13:03
Sahifaga qaytish