
Вилоятимизда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни кенг нишонланмоқда.
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида вилоятимиздаги таълим муассасаларида, меҳнат жамоаларида, маҳаллаларда ҳам “Сизга таъзим, сизга ташаккур азиз устозлар, мураббийлар!”, “Устозларга эҳтиром” каби мавзуларда маънавий-маърифий, маданий тадбирлар, давра суҳбатлари ўтказилди. Уларда узоқ йиллар таълим тизимида фидойи фаолият юритиб, ёшларни ҳар томонлама баркамол улғайишига муносиб ҳисса қўшган табаррук устозларнинг меҳнатлари улуғланди. Ўқувчи-ёшлар томонидан ижро этилган шеърлар ва қўшиқларда меҳрибон, азиз устозлар тараннум этилди. Устозлар ҳам ўтган йиллар давомида ўзлари таълим берган ва бугунги кунда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда, барча жабхаларда самарали фаолият юритаётган кўплаб шогирдларининг ютуқларини фахр-ифтихор билан қайд этидилар.

Ҳа, устозлар учун шогирдларининг эришаётган ютуқлари қувонч, шодлик бағишлайди.
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишлаб Урганч шаҳридаги “Ибодулла” тўйхонасида тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Байрам тадбирида вилоят ҳокими Фарход Эрманов сўзга чиқиб, ўқитувчи ва мураббийларни касб байрамлари билан қизғин табриклади. Айниқса, кейинги йилларда умумтаълим мактабларида ҳар бир дарс машғулотларини янада юксак савияда ўтказиш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Мактабларнинг моддий-техника базаси энг замонавий ўқув воситалари билан мустаҳкамланмоқда. Синф ва амалиёт хоналари машғулотлар учун зарур бўладиган ахборот-коммуникация технология воситалари билан жиҳозланган. Таълим муассасаларининг ахборот-ресурс марказлари, кутубхоналар ўқув ва бадиий адабиётлар билан янада кенгаймоқда. Ўқувчиларнинг бўш вақтларини самарали, фойдали ташкил этиш кундалик эътиборда бўлмоқда.
Ўқитувчи ва мураббийлар юксак масъулиятни ҳис қилган ҳолда ҳар бир фан мавзусини ёшлар чуқур ўзлаштириб олишлари учун замонавий педагогика услубларидан ўз ўрнида фойдаланмоқдалар. Устозлар ўз шогирдларининг фан олимпиадаларида, кўрик-танловларда, спорт мусобақаларида фаол қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллаётганликларини қувонч билан таъкидлайдилар.
Тантанали тадбирда ўқитувчиларнинг, мураббийларнинг ёш авлод камолати йўлидаги эзгу ишлари алоҳида қайд этилди.
Байрам тадбирида вилоят ҳокими Фарход Эрманов таълим тизими соҳасида юксак натижаларга эришаётган ўқитувчи ва мураббийларга ташаккурномалар, фахрий ёрлиқлар, қимматбахо совғаларни топширди.




Байрамнинг мусиқали дастурида устозларнинг меҳнатлари тараннум этилиб, қўшиқлар янгради ва рақслар ижро этилди.

Отахон РАҲИМ.