
5 сентябрь эрталабданоқ шаҳримиз, қишлоқларимиз кўчаларидан қўлларида гуллар кўтарган, юзларида шодлик, қувонч барқ уриб турган ўғил-қизлар ўзларининг қадрдон мактаблари томон йўл олишди. Уларни умумтаълим мактабларида меҳрибон ўқитувчилари, устозлари кенг қучоқ очиб кутиб олдилар. Вилоятимиздаги 542 та умумтаълим мактабларида биринчи қўнғироқ садолари жаранглади. Янги ўқув йилига барча умумтаълим мактабларида пухта тараддуд кўрилди. Мазкур ўқув йилида 37400 нафар ўғил-қиз биринчи синфга қабул қилинди.

Эрталаб барча мактабларда янги ўқув йили бошланиши муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирларда мамлакатимизда ёшларнинг чуқур билим олиши, истеъдодини рўёбга чиқариши, бўш вақтларини мазмунли, фойдали ўтказишлари учун яратилаётган шароитлар алоҳида қайд этилди.

Вилоят ҳокими Фарход Эрманов Урганч туманидаги 4-сон умумтаълим мактабида янги ўқув йили бошланишига бағишланган тадбирда иштирок этди. Ўқитувчиларни, ўқувчиларни янги ўқув йили бошланганлиги муносабати билан қутлади.

Мазкур мактаб 1971 йилда 536 ўринга мўлжаллаб қурилган эди. Йиллар ўтиб ушбу мактаб яроқсиз аҳволга келиб қолганди.
Жорий йилда мазкур эски мактаб ўрнида янги замонавий бино қад ростлади. Инвестиция дастури доирасида 8 млрд.329 млн. сўм маблағ сарфланиб, 660 ўринли мактабнинг янги биноси бунёд этилди. Мактабнинг синфхоналарида машғулотларни юксак савияда ташкил этиш учун барча шароитлар яратилди.

Вилоят ҳокими Фарход Эрманов мактабнинг синфхоналари ҳамда мактаб лаборатория хоналарида яратилган шароитлар билан танишди.

Ўқувчилар, устозларнинг қувончи чексиз эди. Ушбу маҳаллада истиқомат қилаётган маҳалла фахрийлари, турли касб эгалари, ота-оналар ҳам мактабнинг янги биносининг очилиш тадбирида қатнашиб, устозларни, ўғил-қизларини қувончли кун билан табрикладилар.

Мамлакатимиздаги барча ўқув муассасаларида бўлгани каби ушбу мактабда ҳам биринчи машғулот “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида Мустақиллик дарси билан бошланди.
Шунингдек, бугун вилоятимизда фаолият юритаётган олий ўқув юртларида ҳам янги ўқув йили бошланиши муносабати билан тадбирлар бўлиб ўтди.

Жумладан, Урганч давлат университетида бўлиб ўтган тантанали тадбирда сўзга чиққан университет ректори, физика-математика фанлари доктори Баҳром Абдуллаев бугунги кунда олий ўқув юртлари фаолияти шу кун талаби асосида такомиллашиб бораётганлиги, талабаларнинг чуқур билим олишлари, танлаган соҳалари бўйича етук мутахассис бўлиб етишишлари учун барча имкониятлар муҳайё этилганлигини аниқ мисоллар орқали таъкидлади.




Шунингдек, тантанали тадбирда Урганч давлат университети профессори Хушнуд Бобожонов, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор” Кенжабой Ортиқовлар сўзга чиқиб, барчани янги ўқув йили бошланганлиги билан табрикладилар.

Шунингдек, Урганч давлат университетида “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида ўтказилган Мустақиллик дарсида вилоят ҳокимининг ўринбосари Санъатбек Салаев иштирок этиб, маъруза қилди.
Таъкидландики, олий таълим муассасаларида ёшларнинг чуқур билим олиши, касб-ҳунар ўрганиши, талабалик йилларидаёқ илмий-тадқиқот ишларини бошлашлари учун барча имкониятлар яратилган. Шу туфайли ҳам кейинги пайтда кўпгина ёшлар талабалик йилларидаёқ илмий-тадқиқот ишларини бошлаб, қувонарли натижаларга эришмоқдалар. Ёш олимлар сафи тобора кенгайиб бормоқда.


Айниқса, талабалар Республика, халқаро миқёсда ўтказилаётган фан олимпиадаларида, фестивалларда, спорт мусобақаларида фаол иштирок этиб, ўз иқтидорларини кенг намоён қилмоқдалар. “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида ўтказилган Мустақиллик дасрларида ўқувчи-ёшлар, талабалар фаол иштирок қилдилар.
Отахон РАҲИМ.