
Юртимизда ижтимоий-иқтисодий соҳаларга истиқболли инновацион лойиҳалар тизимли равишда татбиқ этилмоқда. Бу эса кўпгина тармоқларда энг замонавий технологиялардан самарали фойдаланган тарзда янада сифатли маҳсулотлар тайёрлашга ва уларнинг ҳажмини муттасил равишда ошириб боришга имкон яратаяпти. Бугунги кунда вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларидаги корхона ва ташкилотларда, тадбиркорлик субъектларида янги инновацион лойиҳалар ишлаб чиқариш жараёнида босқичма-босқич қўлланилмоқда.

Жорий йилнинг 28-29 июль кунлари Урганч шаҳрида Хоразм вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган “INNOWEEK-2022” ҳудудий инновацион ғоялар кўргазмаси ҳам воҳамизда йилдан-йилга янгидан-янги истиқболли инновацион лойиҳалар юзага келаётганлигини янада ёрқин намоён этди.

Вилоят Кенгашлар уйида икки кун давом этган ушбу ҳудудий инновацион ғоялар кўргазмасида 38 нафар иштирокчи ўзининг 120дан ортиқ инновацион лойиҳалари, маҳсулотлари, технологиялари ва ишланмалари билан иштирок этди. Айниқса, ушбу кўргазмага вилоятимиз маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчиларининг, кўплаб ёшларнинг таклиф этилганлиги ҳам бежиз эмас. Чунки улар ушбу кўргазмадаги инновацион лойиҳалар ва маҳсулотлар билан яқиндан танишиб, улардан ўз маҳаллаларида самарали фойдаланишлари мумкин.

-Тадбирга ташриф буюрган иштирокчиларни инновацион ғоялар кўргазмасининг лойиҳалари билан яқиндан таништирдик. Жумладан, Хоразм Маъмун академиясининг қатор инновацион ғоялари кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Янги ишланмалар юзасидан олимлар, мутахассислар тадбир иштирокчиларининг саволларига кўргазмали-тарғибот воситалари, видео ҳамда сурат-лавҳалар орқали жавоб бериб, ўз лойиҳалари билан янада яқиндан таништирдилар, - дейди Хоразм вилояти ҳудудий инновацион ривожланиш бошқармаси бошлиғи Ойбек Отамуродов, - Бундан кейин ҳам биз жойларда бўлиб, янги инновацион ғояларнинг ишлаб чиқаришга татбиқ этилиши ва уларнинг натижалари билан яқиндан танишамиз. Шуниси қувонарлики, кўргазмада тадбиркорлик субъектлари вакиллари ҳам ўз маҳсулотлари билан фаол қатнашдилар. Бир сўз билан айтганда мазкур кўргазма турли соҳаларда иқтидор эгаларини кашф этди.

Кўргазмада Урганч давлат университети, Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Урганч филиали профессор-ўқитувчилари, талабалари ўзларининг инновацион лойиҳалари ва ишланмалари билан фаол иштирок қилдилар.
Жумладан, Урганч давлат университети талабалари Д.Ражабов, Ш.Матжонов, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Урганч филиали талабаси Р.Рустамов ва бошқа талабалар ўзларининг инновацион лойиҳалари ҳақида гапириб бердилар.

Шунингдек ушбу тадбирда қатнашаётган Тошкент давлат аграр университети иккинчи курс магистранти Д.Абдуллаев айни пайтда Урганч давлат университетининг Янгибозор туманидаги ўқув тажриба участка хўжалигида қовунчилик бўйича илмий-тадқиқот ишларини олиб бораётганлигини қайд этди.
- Ўзим Хива туманининг Гандимиён қишлоғиданман. Сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштиришга қизиқишим катта. Эндиликда, Хоразм қовунларининг янада ширин-шакар бўлиб етилишига ўзимнинг илмий-тадқиқот ишларим орқали амалий ҳисса қўшишга ҳаракат қилмоқдаман, - дейди Д.Абдуллаев. - Ушбу ярмаркада иштирок этаётган қишлоқ хўжалиги соҳасининг олимлари, уста деҳқонларидан зарур маслаҳатларни олиб, ён дафтаримга қайд қилдим.


Ҳа, икки кун давом этган мазкур ҳудудий инновацион ғоялар кўргазмаси турли йўналишлар бўйича янгидан иқтидор эгаларини кашф этди.
Тадбир якунида кўргазмада ўз лойиҳалари билан фаол қатнашган иштирокчилар сертификатлар ва совғалар билан тақдирландилар.
Отахон РАҲИМ.
Муаллиф олган суратлар.