ISTIQBOLLI LOYIHALARNING QUVONCHLI SAMARALARI

ISTIQBOLLI LOYIHALARNING QUVONCHLI SAMARALARI




   · Кеча биз, журналистлар қадимий ва навқирон Хива шаҳрида бўлдик...

   · “Xiva Gilam kombinati” масъулияти чекланган жамиятидан унутилмас таассуротлар билан...  

   · Сайёҳлар, меҳмонлар учун барча шароитлар муҳайё этилган

   Кейинги йилларда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий соҳаларида ислоҳотлар жадал суръатлар билан давом этиб, ҳар бир қишлоқ ва шаҳарда бунёдкорликлар, яратувчиликлар, ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Айниқса, саноат корхоналарининг иш фаолияти такомиллашиб, улар энг замонавий технологиялар, воситалар билан жиҳозланмоқда. Шуниси қувонарлики, айниқса, ёшлар ушбу йирик корхоналарда энг сўнгги русумдаги технология асбобларини, дастгоҳларни моҳирлик билан бошқараяптилар. 
   Бугун воҳамизнинг қайси бир ҳудудида бўлманг, кейинги йилларда амалга оширилаётган улкан ўзгаришлар, янгиликларни элдошларимиз мамнунлик билан таъкидлайдилар.
    Ҳа, биз журналистлар ҳам хизмат юзасидан вилоятимизнинг қайси бир ҳудудида бўлмайлик, қисқа вақт мобайнида чирой очаётган шаҳар ва қишлоқлар, гулзорларга бурканган кўчаларни, хиёбонларни кўриб, кўзимиз қувнайди. Замондошларимизнинг фидойиликлари, бунёдкорликлари, яратувчиликлари ҳақида кўтаринки руҳда лавҳалар, репортажлар, очерклар... тайёрламоқдамиз. 
   Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси томонидан матбуот ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, шаҳар ва туман ҳокимликлари ахборот хизматлари ходимлари, блогерлар учун кеча Хива шаҳрига ташкил қилинган навбатдаги медиа-тур биз ижодкорларга янада кўтаринки кайфият бағишлади. Негаки биз  улкан ўзгаришлар, янгиликларнинг гувоҳи бўлдик... 
   Кеча эрталаб бир гуруҳ ижодкорлар қадимий ва навқирон Хива шаҳри томон йўл олдик. Автотранспортда Урганч шаҳри кўчаларидан борар эканмиз, қисқа вақт ичида вилоятимиз марказида қад ростлаган муҳташам, замонавий турар жойлар, маданий-маиший объектлар, тиббиёт муассасалари ва бошқа жуда кўплаган кўркам биноларни кўриб, қалбимиз янада завққа тўлди. 
   Урганч шаҳридан чиқиб, Хива шаҳри томон текис, равон йўллардан машинада борар эканмиз, Урганч, Хива, Қўшкўпир туманлари ҳудудидаги боғ-роғларда олма-ю олхўри, нашвати, қўйингки, ширин-шакар меваларнинг пишиб етилганлигини кўриб, янада севиндик. Йўл бўйларидаги узумзорларга ҳам нигоҳингиз тушар экан, сўлқим-сўлқим бўлиб турган “узумлар мажмуаси” дилингизни яйратади. “Сизга раҳмат, бободеҳқонлар”, дея  қайта-қайта такрорлаймиз.
   Ҳа, она заминимизда бу йил ҳам мўл ҳосил етиштирилди. 
   - Деҳқонларимиз, боғбонларимизнинг фидойи меҳнатларининг самараси, бу. Дастурхонларимиз қишин-ёзин ширин-шакар меваларга, қовун-тарвузларга тўла бўлади, - дейди автомашинада биз билан ёнма-ён Хивага йўл олаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи Дилбаржон опа Бекчанова. – Ушбу йилда ҳам хоразмлик бободеҳқонларнинг эрта баҳордан қилган фидойи меҳнатлари самараси булар.  
   Урганч-Хива автомагистрали йўлидан борар эканмиз, ушбу йил баҳорида экилган мевали дарахтлар ҳам анча бўй чўзиб, ўзининг яшиллиги билан атрофга ҳусн бағишлаётганлигини кўриб, янада қувончимиз ошди.
  



  Мана, Хива шаҳрига ҳам етиб келдик. Қадимий ва навқирон Хива ўзининг тарихий обидалари билан доимо бу ерга ташриф буюрадиган сайёҳлар, меҳмонларда унутилмас таассуротлар қолдиради. Ҳар куни ушбу муқаддас шаҳарга дунёнинг кўплаб мамлакатларидан сайёҳлар, Республикамиз вилоятларидан меҳмонлар ташриф буюрадилар. Бебаҳо ёдгорликларга, тарихий обидаларга ҳайрат, ҳавас, мамнунлик билан боқадилар. 
   Бугунги кунда Хива шаҳрида ҳам кенг миқёсда бунёдкорликлар, ўзгаришлар олиб борилаётгани ҳар дақиқада намоён бўлмоқда.  Янгидан саноат корхоналари қад ростлаб,   фаолият юритмоқдалар. 
Биз, медиа-тур қатнашчилари ана шундай йирик саноат корхоналаридан бири бўлган - “Xiva Gilam kombinati” масъулияти чекланган жамиятининг кенг ва равон, замонавий дастгоҳлар ўрнатилган цехларига кириб борар эканмиз, бу ерда ҳар бир гиламдўзнинг ўз вазифасига ниҳоятда масъулият билан муносабатда бўлиб, фаолият юритаётганлигининг гувоҳи бўлдик.




 Корхона гиламдўзлари билан суҳбатлашиб, улар тайёрлаган маҳсулотлар билан яқиндан танишар эканмиз, уларнинг ўз вазифаларининг малакали, тажрибали мутахассислари бўлганлигини яна бир бора ҳис қилдик. 
   “Xiva Gilam kombinati” масъулияти чекланган жамияти томонидан бугунги кунда гилам ва гилам маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси тўла қувват билан амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа ижросини таъминлаш учун 21,5 млн. евро маблағ сарфланди.  
   Корхонада йилига 55 миллиард сўм бўлган 2,2 млн. м.кв. хажмдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар экспорт ҳам қилинмоқда. 
Корхонада фаолият юритаётган ҳар бир ишчининг кайфияти юксак даражада. Уларнинг қунт билан бажараётган ишларига ҳалақит бермасдан тезкорлик билан интервьюлар олишга ҳаракат қилдик.      




 Уларнинг ҳаммаси  ушбу йирик, замонавий корхонада фаолият юритаётганликларидан чексиз хурсандчиликларини билдиришди. Чунки уларнинг ўзлари турфа рангларда чиройли бўлиб турган гиламларни тайёрлашга муносиб ҳисса қўшаётганлигидан фахрланмоқдалар. Бугунги кунда нафақат воҳамиз, балки мамлакатимизнинг кўплаб хонадонларини ушбу корхонанинг қўли гул гиламдўзлари томонидан тайёрланган ранг-баранг, чиройли,  гиламлар безаб турибди. 
   Ушбу корхонада фаолият юритаётганларнинг кўпчилигини хивалик ёшлар, хотин-қизлар ташкил этади. 
   Корхона мутасаддиларининг таъкидлашича, ишчи-хизматчиларнинг унумли меҳнат қилишлари, дам олишлари учун зарур шароитлар яратилган. Яъни корхона ишчи-хизматчилари кунига уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланадилар. Ишчи-хизматчиларнинг ишга келиб-кетишлари учун автотранспортлар бепул хизмат кўрсатади. Ҳар бир ишчи-хизматчи бепул махсус кийим-кечаклар билан таъминланган. Уларнинг ойлик маошлари ўз вақтида берилмоқда. 
   Корхона раҳбарларининг қайд этишича, ушбу йилнинг ўзида янгидан истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқаришга жорий этилади. Янгидан  қўшимча иш ўринлари яратилади. Умумий ер майдони 11,8 гектарни ташкил қиладиган ушбу корхонада янги иш ўринларини яратиш, ишлаб чиқариш қуввати, ҳажмини ошириш ва маҳсулотлар турини кўпайтириш мақсадида режа-дастурлар белгиланиб, изчил равишда амалий ишлар олиб борилмоқда. 
   Медиа-тур иштирокчилари билан биргаликда цехларда бажарилаётган ҳар бир жараён билан яқиндан танишдик. Замонавий технологиялар асосида турфа рангдаги, турли ҳажмдаги ранг-баранг гиламлар белгиланган меъёрлар асосида сифатли ва ўз вақтида тайёрланмоқда.
   Медиа-тур иштирокчиси - Урганч шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Баҳодир Худойберганов билан биргаликда цехлардаги “қайноқ” иш жараёнларини суратга олиб, маълумотларни ён дафтарларимизга қайд қилар эканмиз, келгусида ҳам бугунги олинган маълумотлардан фойдаланган ҳолда  турли жанрларда материаллар тайёрлашга қарор қилдик. 
   - Бу ерда фаолият юритаётган ҳар бир мухандис, мутахассис, гиламдўз опа-сингилларимизнинг меҳнатига ҳар қанча тасаннолар айтсак арзийди. Ушбу замонавий корхонага ташкил қилинган медиа-тур тадбири менда чуқур таассурот қолдирди, - дейди Баҳодир Худойберганов.
   Шунингдек, ғайрат-шижоатли ижодкор Қувончой опа Шержонова ҳам катта цехларда янада тезкорлик билан фаолият юритиб, гилам тўқувчилар, муҳандислар билан яқиндан суҳбатлашиб, навбатдаги тайёрланадиган ижодий материаллар учун аниқ мисолларни олиб, ён дафтарига қайд қилиб борди. 



   - Бугунги медиа-тур давомида ушбу корхонанинг ўзида гилам ишлаб чиқариш бўйича салоҳиятли амалий ишлар олиб борилаётганлиги билан яқиндан танишдим. Ва янада қувондим. Масалан, биз дўконларда, бозор пештахталарида мана шу гиламларни ҳам кўп маротаба кўрганмиз. Аммо, кўзимизни яшнатадиган ана шу гиламларни қандай қилиб тайёрланишини, гиламдўзларнинг ўз ишига ниҳоятда қунт, зеҳн билан муносабатда бўлаётганлигини,  гилам тўқишнинг ҳар бир жараёни аниқ белгиланган режа асосида ташкил қилинганлигини кўриб, ушбу соҳа ишчи-хизматчиларининг фаолиятларига янада қойил қолдим, - дейди  OAV Haqiqat yo’lida.Uz. Ахборот портали раҳбари Қувончой Шержонова. – Келгусида мен гиламдўзлик, заргарлик, кулолчилик ва бошқа йўналишлар бўйича видеолавҳалар тайёрлашни ҳам режалаштирганман. 
   Медиа-тур давомида биз Хива шаҳрида сайёҳлар, меҳмонлар учун янада қулайликлар яратиш мақсадида олиб борилаётган кенг қамровли фаолият билан ҳам яқиндан танишдик. Жумладан, ушбу тадбир давомида биз “Фаровон” меҳмонхонасида меҳмонларга, сайёҳларга жуда катта қулайликлар яратилганлигини кўриб, янада қувондик. 



   Ушбу меҳмонхонада ҳар бир хона меҳмонлар учун мақбул бўладиган даражада қулай ва шинам тарзда жиҳозланган. Сайёҳлар, меҳмонларга хизмат кўрсатувчи шохобчалар ҳам доимий равишда фаолият юритмоқда. Ушбу меҳмонхона ходимлари  бу ерга ташриф буюраётган сайёҳларга, меҳмонларга, барча мижозларга ҳамиша юксак даражада хизмат кўрсатишга тайёр эканликларини билдирдилар. 
   - Медиа-тур давомида ҳар биримиз ўзимизнинг қизиқтираётган саволларимизга жавоблар олдик. “Xiva Gilam kombinati” масъулияти чекланган жамиятининг корхонасида гилам ишлаб чиқариш бўйича олиб борилаётган ишлар менда ҳам чуқур тааасурот қолдирди. Шунингдек, Хива шаҳридаги меҳмонхоналар сони кенгайиб бораётганлиги, улардаги қулайликлар билан яқиндан танишдик. Меҳмонхоналар ходимлари билан суҳбатлашдик, - дейди Murojaat24.uz интернет нашри бош муҳаррири   Нажотбек Машарипов. – Ҳақиқатан ҳам Хива шаҳрида саноат корхоналарининг фаолияти йил сайин такомиллашиб бормоқда. Бу эса ёшлар бандлигини таъминлашда ҳам алоҳида аҳамият касб этади.    
   Медиа-тур қатнашчиларига Хива шаҳридаги ижтимоий-иқтисодий соҳаларни ривожлантириш, аҳоли турмуш фаравонлигини янада ошириш ҳамда келгусида амалга ошириладиган истиқболли лойиҳалар, хайрли, эзгу ишлар, режалар тўғрисида ҳам кўплаб маълумотлар берилди. 
   Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Хоразм вилоят бошқармаси бошлиғи Дилбар Бекчанованинг қайд этишича, вилоятимизнинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам кенг миқёсда олиб борилаётган яратувчилик, қурилиш, реконструкция, ободонлаштириш ишлари, янгидан бунёд этилаётган кўплаб объектлар, умуман янгиликлар билан яқиндан таништириш мақсадида журналистлар, блогерлар учун мана шундай медиа-турлар мунтазам равишда ташкил этилади. 
 

  Шунингдек, тадбир қатнашчилари ўзларининг ижодий режалари, янги медиа дастурлари тўғрисида ҳам ўзаро тажриба алмашдилар.

     Отахон РАҲИМ. 
     Муаллиф олган суратлар. 

20-07-2022, 16:01
Sahifaga qaytish