VOHA XABARLARI. BUGUN
БОЛАЛАР ЁЗГИ ТАЪТИЛДА ЯЙРАБ, ҚУВНАБ ДАМ ОЛАДИЛАР
Ҳа, яна бир неча кунлардан сўнг умумтаълим мактабларида навбатдаги ўқув йили якунланиб, ўқувчиларнинг ёзги таътили бошланади.
Вилоятимизда ҳозирданоқ болаларнинг ёзги таътил кунларида мароқли хордиқ чиқариб, ҳар бир куни мазмунли, қизиқарли, фойдали ўтиши учун аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Айниқса, сўлим масканларда болалар оромгоҳлари ташкил этилмоқда.
Бугун вилоятимизнинг Қўшкўпир туманидаги “Хумо” болалар оромгоҳида бўлсангиз аллақачон болажонларнинг ёзда ушбу баҳаво, сўлим, гўзал масканда мароқли хордиқ чиқаришлари учун барча шароитлар яратилганлигининг гувоҳи бўласиз. Мазкур оромгоҳ ўғил-қизларнинг таътил кунларида мароқли хордиқ чиқаришлари учун тахт қилиб қўйилган.
Бугун “Хумо” болалар оромгоҳида ўқувчиларнинг ёзги таътилини мазмунли ўтказишга бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда шаҳар ва туманлар ҳокимлари, таълим муассасаларининг масъул ходимлари, қатор бошқарма, ташкилотларнинг раҳбарлари иштирок қилдилар.
Тадбир иштирокчилари болалар оромгоҳи билан атрофлича танишдилар. Бу ерда ошхона саранжом-саришта бўлиб, стол, стуллар чиройли қилиб тахт қилиб қўйилган. Шунингдек, мавсум давомида оромгоҳдаги кутубхона, кинозал болажонларнинг ихтиёрида бўлади.
Оромгоҳдаги замонавий компьютерлар билан жиҳозланган хонада ҳам қизиқарли машғулотлар, тўгараклар ўтказилади.
Семинар давомида вилоят ҳокими Фарход Эрманов ёзги таътил давомида ўқувчиларнинг мазмунли, мароқли дам олишлари учун барча шароитлар яратилиши, оромгоҳлардаги ҳар бир кун тўғри ташкил этилиб, ўқувчиларга манзур бўладиган тўгаракларда машғулотлар, шунингдек, спорт мусобақалари доимий равишда ташкил этилиши, кўчма кутубхоналар ўқувчиларга манзур бўладиган китоблар билан таъминланиши муҳимлиги ва бу борадаги бошқа долзарб масалаларга алоҳида тўхталди.
Шунингдек, болалар оромгоҳларида тарбияланувчиларни соғломлаштириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзи қоидаларини кенг тарғиб қилиш, гимнастика машғулотларини ташкил этишга ҳам эътибор қаратилади.
Барча болалар оромгоҳларида доимий равишда “Китоб бизнинг дўстимиз”, “Мен ўқиган китоблар” ва бошқа кўплаб мавзуларда маънавий-маърифий тадбирлар, болалар шоирлари, бастакорлар, вилоят қўғирчоқ театри актёрлари, спорт соҳаси юлдузлари билан учрашувлар ўтказилади.
Кўргазмали семинарда қатор бошқарма ва ташкилотлар раҳбарларига болаларнинг ёзги таътилини, мавсумни юқори савияда ташкил қилиш юзасидан топшириқлар берилди.
С.РАҲИМБЕРГАНОВА.
20-05-2022, 23:10
Sahifaga qaytish