Шаҳар ва туман ҳокимликлари ахборот хизматлари хабарларидан.
БОҒОТ ТУМАНИ. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Муҳаббат Абдуллаеванинг қайд этишича, туманда тадбиркорлик билан шуғулланаётганлар сони тобора кенгайиб бормоқда. Айниқса, ёшларнинг, хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятларини бошлашлари, бизнес лойиҳаларини шакллантиришлари юзасидан уларга амалий ёрдамлар кўрсатилаяпти. Иқтисодий, ҳуқуқий билимлари мустаҳкамланиб бормоқда.

Жумладан, “Соҳибкор”, “Янги қадам”, “Абу Райҳон Беруний” маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳар бир хонадон соҳиби тадбиркорлик фаолиятини давом эттирмоқда. Мазкур маҳаллалар фуқаролар йиғинларидаги 10 дан зиёд фуқарога тижорат банкларидан кредит маблағлари олишда туман ҳокимлиги вакиллари яқиндан ёрдам кўрсатишди. Натижада ушбу маҳаллаларнинг ўзида янгидан иш ўринлари яратилиб, аҳолининг оилавий даромади янада қўшимча равишда ошмоқда.
Жумладан, “Абу Райҳон Беруний” маҳалласида истиқомат қилаётган Мухтор Юсуповга хонадонида новвойхонани ишга туширишда туман ҳокимининг маҳалладаги ёрдамчиси тижорат банкидан кредит маблағини олишда яқиндан ёрдам кўрсатди. Натижада маҳалладаги новвойхона цехи тезда ишга тушди. Ва “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар”да турган 3 нафар аёлнинг бандлиги таъминланди. Бугунги кунда ушбу новвойхонада нон ва нон маҳсулотлари ҳамда қандолатчилик ширинликлари ҳам тайёрланмоқда. Бундан маҳалладошлар жуда хурсанд. Ҳатто, эндиликда, уйларида тўй қилаётган қўни-қўшнилар узоққа бориб торт, нон, қандолатчилик маҳсулотларини харид қилиб юришмайди. Ҳар куни эрталабдан новвойхонада иссиқ нон тайёрланмоқда. Бундан барча мамнун.
Туман қишлоқларида ана шундай тадбиркорлик фаолиятини бошлаб, истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этаётган ишбилармонларнинг сафи кун сайин янада кенгаймоқда.
Отахон РАҲИМ тайёрлади.