Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети Қорақалпоқ филологияси ва журналистика факультети талабалари “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталари бирлашган таҳририятида амалиёт ўтамоқдалар

Шуниси қувонарлики, кейинги йилларда журналистика соҳасига қизиқиши ортаётган ёшларнинг сафи тобора кенгайиб бормоқда. Уларнинг кўпчилиги умумтаълим мактабларида ўқиб юрган пайтларидаёқ мактаб ҳаётидан, тенгдошларининг ютуқлари, ўзи истиқомат қилаётган маҳалласида аҳоли учун яратилаётган қулайликлар ҳақида хабарлар, мақолалар ёзиб, улар матбуот нашрларида чоп қилина бошланган.

Журналистикага бўлган қизиқиш, ихлос туфайли бугунги кунда вилоятимиздан кўпгина ёшлар олий таълим муассасаларида журналистика йўналиши бўйича таҳсил олмоқдалар. Бу эса уларнинг соҳа бўйича билимларини янада мустаҳкамлаб, келгусида оммавий ахборот воситалари таҳририятларида самарали фаолият юритишларига кенг имконият яратади.
Шу кунларда, “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталари бирлашган таҳририятида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети Қорақалпоқ филологияси ва журналистика факультетининг биринчи босқич талабаларидан Насиба Тўрабоева, Гулшода Шерматова, Динора Маҳмудовалар амалиёт ўтамоқдалар.
Насиба Тўрабоева Янгибозор туманининг Бошқиршиҳ қишлоғидан бўлиб, у маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчисининг шу кунлардаги фаолияти ҳақида мақолалар тайёрламоқда.
Гулшода Шерматова эса Шовот туманидан бўлиб, қишлоқда ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари, кутубхона фаолияти ва ободонлаштириш ишлари юзасидан лавҳалар ёзмоқда.
Динора Маҳмудова Урганч туманининг Ғойбу қишлоғидан. Динора ўз қишлоғида томорқаларда, иссиқхоналарда йилнинг тўрт фаслида ҳам бодринг, помидор, пиёз ва бошқа тур маҳсулотлар етиштирилаётганлиги ҳақида репортажлар тайёрлади.

Талабалар амалиёт давомида таҳририят ходимларидан журналистика жанрлари бўйича материаллар тайёрлаш, газетани саҳифалаш жараёни ва матнларни таҳлил ва таҳрир қилиш ҳамда фаолиятда муҳим бўлган бошқа мавзулар бўйича маслаҳатлар олишаяпти.
Бундай амалиётларда талабалар назарий билимларидан ўз ўрнида фойдаланишга ҳаракат қилмоқдалар.
Отахон РАҲИМ.
Муаллиф олган суратлар.