MAHALLA OBODLIGI – YURT FAROVONLIGI
30 апрель куни ана шу шиор остида юртимизда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш умумхалқ ҳайрия ҳашари ўтказилади.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 26 апрелдаги тегишли фармойиши асосида жорий йилнинг 30 апрель куни “Маҳалла ободлиги – юрт фаровонлиги” шиори остида юртимизда умумхалқ ҳайрия ҳашари ўтказилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мазкур фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида Хоразм вилояти ҳокими Ф.Эрманов фармойиш қабул қилди. Вилоят ҳокимининг ушбу фармойишида 30 апрель куни “Маҳалла ободлиги – юрт фаровонлиги” шиори остида бўлиб ўтадиган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш умумхалқ ҳайрия ҳашарини вилоятимизда янада уюшқоқлик билан ўтказиш бўйича кенг қамровли тадбирлар белгиланган.
Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш умумхалқ ҳайрия ҳашари куни маҳаллалар, аҳоли турар жойлари, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар ҳамда болалар майдончалари тартибга келтирилади. Шаҳар ва қишлоқларда, маҳаллаларда, барча жойда кенг кўламда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилади. Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи янада кенг тарғиб қилинади. Санитария-гигиеник маданиятни оширишга қаратилган қатор тарғибот тадбирлари ҳам ташкил этилади.
Ҳашар давомида ариқ, зовурлар тозаланади. Маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли бинолар ва ҳовлилар атрофларига мевали, манзарали дарахтлар ҳамда ранг-баранг гул кўчатлари экилади.
“Маҳалла” ҳайрия жамоат фонди вилоят бўлими бошқаруви шўъба мудири И.Матчоновнинг қайд этишича, вилоятимизда умумхалқ хайрия ҳашарига ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрилди.
- Маҳаллаларда ҳовли олдиларида, кўп қаватли уйлар атрофларида янгидан гулзорлар барпо этишга алоҳида эътибор қаратилади. Ўтқазилган дарахт ва гул кўчатларининг ривожи, кейинги парвариши ҳам кундалик диққат марказида бўлади, - дейди Исломбек Матчонов.
“Маҳалла ободлиги – юрт фаровонлиги” шиори остида ўтказиладиган умумхалқ ҳайрия ҳашари кунида ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларнинг, ёлғиз кексаларнинг холидан хабар олинади, уларга саховат ёрдамлари кўрсатилади ва уй-жойлари таъмирлаб берилади.
Барча юртдошларимиз “Маҳалла ободлиги – юрт фаровонлиги” шиори остида эртага ўтказиладиган умумхалқ ҳайрия ҳашарида фаол иштирок қилишга ахд қилмоқдалар.
Ҳашар – элга ярашар. Бундай умумхалқ хайрия ҳашарлари шаҳар ва қишлоқларимизни янада обод бўлишида, чирой очишида, янгидан боғлар, гулзорлар барпо этишда алоҳида аҳамият касб этади.
С.РАҲИМБЕРГАНОВА.
29-04-2022, 13:37
Sahifaga qaytish