MAHALLALARDA SOG'LOM TURMUSH TARZI MAVZULARIDA SUHBATLAR

MAHALLALARDA SOG'LOM TURMUSH TARZI MAVZULARIDA SUHBATLAR

 
    СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИ – САЛОМАТЛИК ГАРОВИ

    Ҳар бир оилада соғлом турмуш тарзи қоидаларига риоя қилиш ҳамиша ижобий натижаларни беради. Айниқса, бунда ота-оналар ўз фарзандларига ибрат бўлишлари муҳимдир.  Жумладан, эрталабдан болалар ота-оналари билан биргаликда бадантарбия машқларини бажариши уларнинг соғлом бўлиб улғайишида алоҳида аҳамият касб этади. Қолаверса, эрталабдан тишларини ювишга одатланиш ва албатта, нонушта қилгач ўқишга, мактабга йўл олиш ҳам кундалик тарзга айланиши керак. 
    Шунингдек, оила аъзолари, ота-оналар болаларининг мактабдан, ўқишдан кейинги соатларини мазмунли, фойдали ўтказишга, фарзандларини спорт, мусиқа, ижодиёт ва бошқа йўналишдаги тўгаракларга кенг жалб қилиши, уларнинг иқтидорларини болалик пайтидан қўллаб-қувватлаб,  истеъдодларини намоён этишларига алоҳида эътибор қаратишлари зарур. 
    Бугунги кунда  ҳар бир маҳаллада соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишда оилавий поликлиникалар шифокорлари, мутахассислар ва қатор тиббиёт муассасаларининг ходимлари аҳоли билан давра суҳбатлари, учрашувлар ўтказиб, касалликларнинг олдини олиш, кундалик санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш, тўғри овқатланиш, тоза ҳавода машқлар бажариш каби муҳим тавсиялар, таклифларни беришмоқда. 


    Урганч шаҳридаги “Темирйўлчи” маҳалласида “Соғлом турмуш тарзига риоя қилиш - саломатлик гарови” мавзусида ўтказилган тадбирда вилоят “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамғармаси раҳбари Л.Асқарова, вилоят ОИТСга қарши кураш маркази поликлиникаси бўлими мудири Ғ.Ҳалимов, шаҳардаги 2-сон оилавий поликлиникаси бош шифокори, халқ депутатлари Урганч шаҳар Кенгаши депутати Б. Худойберганова,  Ўзбекистон Экологик партияси Хоразм вилояти партия ташкилоти Кенгаши ижроия қўмитаси бош мутахассиси Б. Қаландаров, “Соғлом авлод учун” Халқаро хайрия фонди Хоразм вилоят филиали раҳбари Ю. Меҳмонова, Урганч шаҳар санитария эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими мудири, халқ депутатлари Урганч шаҳар Кенгаши депутати С.Атаевалар маъруза қилиб,  ҳар бир киши мунтазам равишда соғлом турмуш тарзи қоидаларига амал қилиб борса, соғлиги ҳам мустаҳкам бўлиши, ҳар қандай касалликларнинг олдини олиш мумкинлигини кўргазмали тарғибот воситаларидан фойдаланган тарзда гапириб беришди. 
    Шунингдек, ҳар бир ҳовли олдиларини тоза, озода сақлаш, мевали, манзарали дарахт кўчатларини экиш, гулзорлар барпо этиш ҳам атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлашди. 
    Тадбир давомида маҳаллада истиқомат қилаётган аҳоли саволларига тиббиёт ходимлари, мутахассислар аниқ, тушунарли тарзда жавоб беришди. 
    Шунингдек, суҳбат якунида маҳалладошлар иштирокида гимнастика машқлари ҳам ўтказилди.    
   Вилоят “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамғармаси томонидан белгиланган тадбирлар асосида шаҳардаги барча маҳаллаларда “Соғлом турмуш тарзи – саломатлик гарови” мавзуида суҳбатлар давом этмоқда. 
    

                        Отахон РАҲИМ.
                    Муаллиф олган сурат. 
21-04-2022, 21:48
Sahifaga qaytish