
БУГУНГИ КУНДА ШОВОТ ТУМАНИ МАДАНИЯТ БЎЛИМИДА АНА ШУНДАЙ ДЕБ НОМЛАНГАН МУСИҚАЛИ ТЕАТРЛАШГАН ДАСТУРГА ТАЙЁРГАРЛИК ИШЛАРИ КЎТАРИНКИ РУҲДА ДАВОМ ЭТМОҚДА.
Шовот тумани маданият бўлими мудири Ширинжон Жуманиёзованинг қайд этишича, “Ассалом, Наврўз” деб номланган дастурдан халқ ижодиёти дурдоналари, бахшилар, халфалар, устоз санъаткорлар, ёш истеъдодларнинг қўшиқ ва яллалари, ранг-баранг бадиий чиқишлари ўрин олган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси Рўзимбой Норметов (Қаландар бахши), “Авазхон” фольклор-этнографик халқ ансамбли, “Наврўз”, “Шохобод” халқ ансамбллари бадиий жамолари аъзолари навбаҳор, сумалак, наврўзни, миллий анъана ва қадриятларимизни улуғловчи, дўстлик, меҳр-саховатни, эзгуликни тараннум этувчи қуй-қўшиқларни тайёрлашмоқда.
- Наврўз байрамига бағишланган мусиқали дастурлар туманимизнинг барча қишлоқларида, маҳаллаларида бўлиб ўтади. Уларда бўлимимизнинг хушовоз хонандаларидан Иззат Рўзметов, Озод Собиров, Умиджон Раҳимов, Зулхумор Йўлдошева, Оғабек Отахонов ва бошқа истеъдодли санъаткорлар иштирок этишади – дейди Ширинжон Жуманиёзова. – Шунингдек, “Моноқ” маҳалласида истиқомат қилаётган нуроний онахонларимиз ҳам тадбирларда фаол қатнашиб, миллий анъаналаримиз ўз ифодасини топган саҳна кўринишларини намойиш этишади. Ҳар бир мусиқали чиқишларимиз юртдошларимизга байрам кайфиятини бағишлайди.
Ҳа, бугун туман маданият бўлимида бўлсангиз Наврўзни тараннум этувчи яллалар, лапарлар янада авж пардаларда янграётганлигини тинглаб, баҳри дилингиз янада завққа тўлади.
Отахон РАҲИМ.