ҚЎШИҚЛАРДА ЯНГРАР БАРАЛЛА

ҚЎШИҚЛАРДА ЯНГРАР БАРАЛЛА

9 февраль – Алишер Навоий таваллуди куни


* САНЪАТКОРНИНГ ДИЛ СЎЗЛАРИ

     Улуғ мутафаккир шоир Алишер Навоий асарлари, ғазалларини мактабда ўқиб юрган пайтимдаёқ катта қизиқиш билан мутолаа қилар эдим. Мактабимизда ўтказиладиган маънавий-маърифий тадбирларда шоир ғазаллари билан айтиладиган қўшиқларни юксак масъулият билан ижро этишга ҳаракат қилардим. Ана шундай тадбирларда вилоятимизнинг таниқли шоир, ёзувчилари, илм-фан намояндалари қатнашар экан, уларга куйлаган қўшиқларим манзур бўлганлигидан янада севинар эдим. 

Мана, орадан анча йиллар ўтган бўлсада қўлда торим билан улуғ шоир ғазаллари асосида қўшиқларни жўшиб куйламоқдаман. Мен бадиий раҳбарлик қилаётган Хоразм намунали мақом ансамблида фаолият юритаётган ҳар бир санъаткор ҳам Ҳазрат Алишер Навоий бобомизнинг ғазаллари асосидаги мумтоз қўшиқларни маромига етказиб ижро этмоқдалар. 

     Доимий равишда ташкил этилаётган «Назм ва наво» деб номланган адабий-бадиий кечаларда Алишер Навоий ғазаллари баланд янграмоқда. 

Алишер Навоий бобомизнинг кенг қиррали ижоди ҳар биримиз учун маҳорат, ибрат мактабини ўтайди. Шу кунларда ҳам буюк шоир Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллигига бағишланган тадбирлар ташкил этилмоқда. Шунингдек, ушбу тадбирларда иштирок этаётган  истеъдодли ёшлар ҳам улуғ бобомиз ғазаллари билан айтиладиган мумтоз қўшиқларни қалб меҳри билан ижро этмоқдалар. 

Улуғ шоир таваллуди куни муносабати билан адабий-бадиий тадбирлар давом этмоқда. 

 

                                                      Ғофуржон ЭШЖОНОВ,

                                                    Ўзбекистон Республикаси халқ артисти. 

4-02-2022, 13:47
Sahifaga qaytish