Barcha yangiliklar RSS

Маданият

БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШИБ…

         Газетамизда чоп этилган мақолалардан

 

ЯНГИ ЙИЛДА “ЖАЙҲУН” ЯНАДА ЖЎШИБ, ИЖОД ҚИЛМОҚДА.

 

Таниқли қўғирчоқсоз, “Меҳнат шуҳрати” ордени нишондори, Хонқа тумани маданият бўлими ҳузуридаги “Жайҳун” халқ қўғирчоқ театри раҳбари  Мансурбек Қурёзов хонадонидан 

                                      РЕПОРТАЖ

 

Ҳар йили йил якунида Мансурбек Қурёзов таҳририятга қўнғироқ қилиб, ўз ижоди билан бизни янада яқиндан таништириш мақсадида Хонқа туманидаги хонадонига таклиф қилади. 

Бу сафар ҳам Мансурбекнинг хонадонига кириб борганимизда қиш фасли бўлсада айвонда турфа гуллар очилиб турганини, унинг ёнида эса оила аъзолари томонидан меҳр ва нафосат билан тайёрланган, бир-биридан чиройли, нафис ранг-баранг қўғирчоқларни кўриб, баҳри дилимиз янада очилди. 

Мана, эртак қаҳрамонларидан “Зумрад ва Қиммат”, рақсга тушаётган “раққоса қизлар”, турли жониворларнинг кўринишлари ифодаланган қўғирчоқлар беихтиёр эътиборингизни жалб этади. 

- Буларни кечагина тайёрладик. «Онлайн дўкони»миз орқали ўзбек халқ эртаклари қаҳрамонлари ифодаланган қўғирчоқларни мухлисларимиз жуда кўплаб буюртма қилишади, - дейди Мансурбек Қурёзовнинг умр йўлдоши Гулзода Қурёзова. - Ҳар бир ишни сифатли, тоза тарзда бажаришга ҳаракат қиламиз. Шу туфайли мижозларимизнинг ҳам сафи кенгайиб бораяпти. Бундан хурсандмиз.

Ҳа, Гулзода ҳам тажрибали қўғирчоқсозлардан. У тумандаги маданият бўлимининг мутахассиси. Ушбу оилада доимо ижодий муҳитни, янгиликларни кўриб, қалбингиз яйрайди. 

Мансурбек Қурёзов 2021 йил уларнинг   ҳаётида, ижодий фаолиятида унутилмас воқеаларга бой йил бўлганлигини таъкидлайди. 

-  30 йилдан кўп вақт бўлдики, санoат соҳасида фаолият юритиб келмоқдаман. 2021 йил ҳақиқатан ҳам ҳаётимда унутилмас из қолдирди. Президентимизнинг Фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 30 йиллиги байрами арафасида “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирландим. Бу эса мени янада ғайрат-шижоат билан ижодий меҳнат қилишимга рағбатлантирмоқда. Ижодий режаларим катта. Айни пайтда мана кўрганингиздай янгидан-янги асарлар яратмоқдамиз, -   дейди Мансурбек Қурёзов. – 2021 йилда қўғирчоқларимиз билан Туркия, Украина ва бошқа бир қатор хорижий давлатларда ўтказилган халқаро ижодиёт фестивалларида, тадбирларида  иштирок қилдик. Ҳар бир чиқишимизни мухлислар олқишлар билан кутиб олишди. Томошалар тугагач, нафақат болажонлар, балки уларнинг ота-оналари, кексалар ҳам ёнимизга келиб,  атлас, беқасам, шойи матоларидан тайёрланган қўғирчоқларнинг кийимларини қўллари билан аста ушлаб, “Маҳоратингизга қойил, баракалла”, деган сўзларни эшитиб, қалбим янада тўлқинланиб кетарди. Бу эса ҳар биримизни янада жўшиб, ғайрат билан ижод килишга йўналтиради. 

Мансурбек Қурёзовни 30 йилдан кўп вақтдан буён яхши биламан ва ижодидан хабардорман.  У ўтган йиллар давомида ҳам серқирра фаолият юритиб, доимо изланишда, ўрганишда бўлиб, юксак натижаларни қўлга киритмоқда. Жумладан, у 2021 йилнинг ўзида ҳам янада самарали фаолият юритди. Мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари учун кўплаб спектакллар намойиш қилди. Тошкент шаҳрида ўтказилган мусиқали театрлашган томошаларда ўз қўғирчоқлари билан қатнашди. Бу йилги режалар  эса янада улкан. 

Масалан,  ушбу йилда  Республикамиздаги қатор олий таълим муассасалари, жумладан,  Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, Қўқон университети талабалари учун онлайн машғулотларни ўтказиш режалаштирилган. Шунингдек, педагог ходимларни  қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказлари тингловчилари учун ҳам онлайн семинарлар ўтказиш белгиланган. 2022 йилда “Ўзбекистон тарихи”  телеканали билан ҳамкорликда  муаллифлик кўрсатувларини тайёрлашга ҳаракат қилаётганлигини ҳам қайд этди. 

Бу йил ҳам “Жайҳун”  халқ қўғирчоқ театри халқаро миқёсда ўтказиладиган фестивалларда иштирок этиши режалаштирилган. Мактабгача таълим ташкилотлари билан ижодий  ҳамкорлик давом этади. 

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, маданият бўлими ҳузурида «Ашшадороз»  қўғирчоқсозлик жамоаси ташкил қилинди. Эндиликда, қўғирчоқсозлик ва қўғирчоқ театри спектаклларини  болажонларга янада манзур бўлиши учун бу ерда ижодий ишлар олиб борилаяпти. 

Мансурбек Қурёзовнинг таъкидлашича, вилоятимизда қўғирчоқсозликни, қўғирчоқ театри томошаларини янада такомиллаштиришга қаратилган бир қанча таклифларни Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлигига тақдим қилган. 

- Масалан,  келгусида вилоятимизда “Қўғирчоқлар музейи”ни ташкил этишни режалаштирмоқдаман. Бунинг учун лойиҳалар тайёр қилинган. Бу эса воҳамизда туризм, сайёҳликни янада ривожлантиришга, болаларни ҳар томонлама баркамол вояга етказишда, улар ўртасида миллий анъана, урф-одатларни кенг тарғиб қилишда алоҳида аҳамиятга эга бўлади, - дейди Мансурбек Қурёзов. – Айни пайтда уйимизда 2000 дан зиёд қўғирчоқлар намуналари бор. Тўғриси, мухлисларим, қўшни болалар, мактабгача таълим ташкилотларининг мутахассислари уйимизда тез-тез бўлиб, уларни томоша қилишади. Ўз навбатида, байрамларда, туғилган кунларда болажонларга қўғирчоқларимни совға қилмоқдаман. Бу улар учун энг яхши совғалардан бири бўлади. 

Ҳа, Мансурбек доимий равишда ўзининг қалб меҳри билан тайёрлаган қўғирчоқларини болажонларга, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларнинг фарзандларига совға қилиб боради.  Буни санъаткор хонадонига келган миннатдорчилик мактубларидан, ён дафтарига қайд этилган самимий дил изҳорларидан  ҳам билиш қийин эмас.

...Ҳамон эсимда 1993 йил Урганч шаҳрида Наврўз байрамининг мусиқали  театрлашган дастурининг сценарийсини ўзим тайёрлаган эдим. Ўшанда Мансурбек халқ ижодиёти дурдоналари, анъаналари ўз ифодасини топган “Ашшадороз”, “Қайроқчи” каби бир қанча кўринишларни тайёрлаб, уларни дастурларда намойиш қилган эди. Ўтган ўттиз йил давомида Мансурбек Қурёзов юксалиш пиллапояларида дадил қадамлар билан ўтиб борди. Буни эса  унинг кундалик  сермаҳсул ижодий фаолияти, бир-биридан гўзал, ноёб қадрдон қўғирчоқлари ҳикоя қилиб турибди. 

Мансурбек биз билан суҳбатлашиш жараёнининг ўзида усталик билан янги эртак қаҳрамонлари - қўғирчоқларини тайёрлаб битказди. Ҳа, ижодкор учун ҳар бир дақиқа қадрли ва ғаниматдир.

Янги йилда янги режалар билан фаолият юритаётган Мансурбек Қурёзов ва унинг оила аъзоларига ижодий муваффақиятлар доимо ҳамроҳ бўлсин! 

 

Солияжон РАҲИМБЕРГАНОВА. 

 

 

 

 


4-02-2022, 13:59
Ko'rishlar: 415
Sahifani chop etish