FAXR TUYG’ULARI BILAN…
- Янги китоблар

Қадимий Хива шаҳрининг бебаҳо обидалари, ёдгорликлари ҳар бир кишига фахр туйғуларини бағишлайди. Ушбу тарихий ёдгорликлар бобокалонларимизнинг меъморсозлик бўйича зукко, билимдонлигидан,улкан маҳорат ва тажрибага эга эканлигидан далолат беради. Қадимий ва навқирон Хива шаҳри ҳақида элдошларимиз, фахрийларимиз, ижодкорлар ҳамиша қалбида фахр-ифтихор туйғулари билан дил сўзларини изҳор этишади. Жумладан, яқинда меҳнат фахрийси Нодир Атажоновнинг янги нашрдан чиққан “Хива менинг тақдиримда” номли китобида ҳам Хива ҳақида билдирилган самимий дил сўзларни ўқишингиз мумкин.
Нодир Атажонов 1941 йил Хива шаҳрида туғилган. 1963 йилда олий ўқув юртини тамомлагач, Хива шаҳрида жойлашган қатор ташкилотларда узоқ йиллар самарали фаолият юритган. Ўзининг фидойи меҳнатлари билан эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган.

Нодир Атажонов айни пайтда ўзи истиқомат қилаётган “Қиёт” маҳалласида “Кексалар маслаҳати гуруҳи”га раислик қилмоқда. Нодир Атажонов I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби.
Меҳнат фахрийси Нодир Атажонов “Мен билган Хива”, “Ҳаёт сабоқлари”, “Нурли йўл”, “Мозийдан гурунглар” китобларининг муаллифидир.
Фахрий томонидан тайёрланган “Хива менинг тақдиримда” тўплами ҳам ниҳоятда ўқишли бўлиб, унда муаллифнинг болалик, ёшлик, талабалик йиллари, узоқ йиллик меҳнат фаолияти, жамоат ишларидаги иштироки, эришган муваффақиятлари ҳақида сўз юритилади.
Хива шаҳрида туғилиб, вояга етган ва бугун кексалик гаштини сураётган Нодир Атажонов, айниқса, кейинги йилларда Хива шаҳрида амалга оширилаётган кенг кўламдаги бунёдкорликлар, ўзгаришлар, сайёҳликнинг тобора ривожланаётганлиги ва бошқа барча соҳалар тараққиёти ҳақида ушбу китобда атрофлича сўз юритади.
Китобхон мазкур китобни мутолаа қилиш баробарида муаллиф билан бирга Хиванинг узоқ ва яқин ўтмишига сайр қилгандек бўлади. “Хива менинг тақдиримда” китоби барча ёшдаги китобхонлар учун манзур бўлади, деган умиддамиз.
С.САФОЕВА.