15-APREL – O’ZBEKISTON RESPUBLIKASI MADANIYAT VA SAN’AT XODIMLARI KUNI
БЕҚИЁС ЭЪТИБОР ВА ДОИМИЙ РАҒБАТ

Устоз санъаткорлар, машҳур ҳофизлар, театр санъати дарғалари, мусаввирлар, ёш истеъдод эгалари таҳририятимиз меҳмони.
Бугун “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталари бирлашган таҳририятида устоз санъаткорлар, машҳур ҳофизлар, театр санъати дарғалари, мусаввирлар, ёш истеъдод эгалари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.
Эрталабданоқ “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталари бирлашган таҳририятига илм-фан намояндалари, маданият ва санъат соҳаси ходимлари, рассомлар, иқтидорли ёшлар, жамоатчи мухбирлар, фахрий журналистлар ташриф буюришди.
15 апрель – Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари куни муносабати билан “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталари бирлашган таҳририятида ташкил этилган давра суҳбати янгроқ куй-қўшиқлар, шоирларнинг санъат аҳлининг серқирра ижодини тараннум этувчи шеърлари билан бошланди.
Ушбу давра суҳбатида иштирок қилаётган маданият ва санъат ходимлари таҳририят журналистлари томонидан тайёрланган кўплаб лавҳалар ва репортажлар, интервью-суҳбатлар, очерклар, публицистик мақолаларнинг “қаҳрамон”ларидир. Чунки, ижодий жамоамиз журналистлари ўзларининг кундалик фаолиятлари давомида маданият ва санъат ходимлари ҳақида кўплаб материаллар тайёрлаб, улар газетамизда мунтазам равишда чоп этиб келинмоқда.
Ушбу давра суҳбатида Хоразм вилоят мусиқали драма театрининг актёрлари, “Хоразм” намунавий мақом ансамблининг хушовоз хонандалари, Урганч ихтисослаштирилган санъат мактабининг устоз-мураббийлари, Ўзбекистон бадиий академияси бадиий ижодкорлар уюшмаси Хоразм вилояти бўлими вакиллари, вилоят маданият бошқармасининг ходимлари ва маданият, санъат муассасаларида фаолият юритаётган ижодкорлар иштирок этдилар.

Таниқли ҳайкалтарош, кўплаб мусаввирларнинг устози Шавкат Усмонов ўзининг меҳнат ва ижодий фаолияти ҳақида ҳамда айни кунда ҳам самарали ижод қилаётганлигини аниқ мисоллар орқали сўзлаб берди.
Шунингдек, нафақат театр саҳнасидаги роллари балки халқ ижодиёти дурдоналарини, лапар ва яллаларни ҳамиша жўшқинлик ва маҳорат билан куйлаб келаётган Зулхумор Норбоева, халқимизнинг севимли актрисаси Зулфия Отаевалар бугунги кунда театр жамоасининг ижодий фаолияти ва тез кунларда мухлислар, томошабинларга тақдим этиладиган янги театр спектаклларига тўхталдилар.
Кейинги йилларда “Хоразм” намунавий мақом ансамблида кўплаган хушовоз ёш иқтидорли хонандалар ҳам фаолият кўрсатмоқдалар. Ансамбль аъзоларининг самарали фаолият юритишлари учун қулай шарт-шароитлар яратилган. Ўзбекистон Республикаси халқ артистлари Ғофуржон ва Ғуломжон Эшжоновлар ёшларга мумтоз қўшиқларни қунт билан ўргатиб бораяптилар.
Шунингдек, мумтоз қўшиқларнинг моҳир ижрочиси Улуғбек Бобожонов ҳам бугунги кунда муносиб шогирдларни тайёрлаб, етказмоқда.

Таҳририятимиздаги давра суҳбатида иштирок қилган ушбу ансамблнинг ёш истеъдод эгаларидан Сирожбек Йўлдошев, Одилбек Собиров, Гулором Кенжаевалар санъат ва маданият ривожи йўлида олиб борилаётган амалий ишлар, айниқса, ёшларнинг қобилияти қўллаб-қувватланаётганлигини мамнунлик билан таъкидлашди. Шу ернинг ўзида улар мақом қўшиқларидан ижро қилиб беришди.

Давра суҳбати давомида унинг иштирокчилари юртимизда маданият ва санъатни янада ривожлантириш, маданият муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ёш истеъдодларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, фахрий санъаткорларга кўрсатилаётган эътибор ва рағбат борасидаги эзгу ишлар ва келгусидаги кенг кўламдаги ижодий режаларига алоҳида тўхталдилар.
15 апрель – Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари куни муносабати билан таҳририятимизда ранг-баранг тадбирлар давом этмоқда.
Байрамингиз Муборак бўлсин, азиз санъаткорлар, маданият соҳаси ходимлари!
(Мазкур давра суҳбати билан газетамиз саҳифалари орқали батафсил танишишингиз мумкин).
Солияжон РАҲИМБЕРГАНОВА.