YURTIMIZDA O'ZBEK FUTBOLINING 110 YILLIGIGA BAG'ISHLANGAN TADBIRLAR KO'TARINKILIK BILAN DAVOM ETMOQDA
ФУТБОЛИМИЗ ФАХРИЙЛАРИ, ЮЛДУЗЛАРИ, МУРАББИЙЛАРИ ХОРАЗМДА

Мамлакатимизда спорт турларини ҳар томонлама ривожлантириш, ёшларни спорт билан шуғулланишга янада кенг жалб этиш мақсадида изчил равишда амалий ишлар олиб борилмоқда. Кейинги йилларда вилоятимиз шаҳар ва туманларида, маҳаллаларида турли ёш, турли касбдаги элдошларимизнинг, ўқувчи-ёшларнинг спорт турларига қизиқишлари янада ошиб, улар кўплаб спорт мусобақаларида, тадбирларда фаол иштирок қилмоқдалар. Айниқса, ҳар бир умумтаълим мактабида, олий таълим муассасаларида, аҳоли истиқомат жойларида футболга қизиқаётган ёшлар учун барча имкониятлар, шарт-шароитлар яратилиб, тўгараклар, секциялар фаолияти йўлга қўйилмоқда. “Миллионлар ўйини” бўлган футболга кекса-ю ёш доимо қизиқиш билан муносабатда бўлмоқдалар.
Айниқса, бугунги кунда юртдошларимиз ўзбек футболининг 110 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган тадбирларда кўтаринкилик, қувонч ва шодликлар билан иштирок қилмоқдалар. Қадимий ва навқирон Хоразм вилоятида ҳам ўзбек футболининг 110 йиллигига бағишланган кўплаб тадбирлар давом этмоқда.
Урганч халқаро аэропортида Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси вакиллари, ўзбек футболини ҳар томонлама ривожлантиришга салоҳиятли ҳисса қўшган футболимиз юлдузлари ва фахрийлари, мураббийлари, ушбу соҳа мутахассислари ҳамда футбол мавзусини кенг ёритаётган журналистлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари карнай-сурнай садолари билан тантанали равишда кутиб олинди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси вакиллари, таниқли футбол усталари Хоразм вилоятида футболни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган ва ўтган йиллар давомида футбол жамоаларида маҳорат билан тўп сурган фахрий футболчилар хонадонларида бўлишди. Жумладан, Урганч шаҳридаги “Маърифат” маҳалласида истиқомат қилаётган Зарифбой Обдолниёзов ҳам узоқ йиллар футбол жамоалари аъзоси бўлиб, кўплаб мусобақаларда ўз маҳоратини намоён этган футболчилардан биридир.
Меҳмонлар фахрий футболчи Зарифбой Обдолниёзов хонадонида бўлиб, уни футбол байрами билан табриклашди ва унга “Ўзбекистон футболи ривожига қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони ҳамда совғалар топширилди.
“Маърифат” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Аминбой Хажиев ушбу тадбирда қатнашар экан, фахрий спортчининг бугунги кунда ҳам маҳалла ёшлари ўртасида футболни ривожлантириш мақсадида олиб бораётган хайрли ишларига тўхталди.
- Маҳалламизда бир нечта спорт майдончалари бор. Уларда ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтларида футбол бўйича машғулотларни ташкил этишда Зарифбой жонкуярлик кўрсатмоқда. Маҳалламиз болалари ҳам келгусида ана шундай етук футболчилар бўлишни орзу қилишмоқдалар, - дейди Аминбой Хажиев.
Шунингдек, вилоятимизда меҳмон бўлиб турган спорт соҳаси вакиллари ёш футболчилар билан ҳам учрашдилар. Уларга ўз маҳоратлари, тажрибали ҳақида гапириб беришди.
Бугун эрталаб вилоят Маънавият ва маърифат марказида ўзбек футболининг 110 йиллигига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси вакиллари, таниқли спортчилар, фахрий футболчилар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

Матбуот анжуманида Хоразм вилояти ҳокими Фарход Эрманов воҳамизда спорт турларини, шу жумладан, футболни янада ривожлантириш мақсадида амалга оширилаётган кенг кўламдаги амалий ишларга, айниқса, ўқувчи-ёшларни футболга кенг жалб қилиш борасида белгиланган вазифаларга алоҳида тўхталди.
Футболни аҳоли ўртасида энг оммавий спорт турига айлантириш, юқори иқтидорга эга бўлган ёш футболчиларни танлаш, саралаб олиш ва уларнинг иқтидорларини кенг рўёбга чиқариш, ушбу соҳа бўйича мутахассисларни тайёрлаш ва уларни моддий рағбатлантириш борасида тизимли равишда амалий ишлар давом этаётганлигини алоҳида қайд этди.
Вилоят ҳокими, айниқса, болалар, ўсмирларнинг спортнинг футбол тури билан шуғулланишга қизиқишлари янада тобора ошиб бораётганлигини ва уларнинг футбол мусобақаларида эришаётган ютуқларидан мисоллар келтирди. Шунингдек, айни пайтда маҳаллаларда ҳам ёшларнинг футбол билан шуғулланишлари, машқлар ва мусобақалар ўтказишлари учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Хоразмлик ёшлар ҳам футбол бўйича ўтказилаётган мусобақаларда фаол иштирок қилмоқдалар.
Ушбу матбуот анжуманида ўзбек футболининг афсонаси ва фахри бўлган, 60-70 йилларда ўзининг ёрқин ўйинлари билан миллионлаб ишқибозлар қалбини забт этган маҳоратли футболчи ва жуда кўплаган ёшларнинг севимли устози Эркин (Биродар) Абдураимов ҳам иштирок этди. Футбол фахрийси айни пайтда мамлакатимизда футболни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган эзгу ишлар ва ёш футболчиларнинг иқтидори ва ютуқларига тўхталар экан, Хоразм вилоятида ҳам кейинги пайтда истеъдодли ёшлар футбол оламига дадил кириб келаётганлигини, уларнинг бир қанча нуфузли футбол жамоаларида тўп сураётганлигини мамнунлик билан қайд этди.

Матбуот анжуманида Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси Вице-президенти Одил Аҳмедов ҳам сўзга чиқиб, ўзбек футболининг 110 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган тадбирлар давомида ҳам кўплаб ёшлар футбол машғулотларида қизиқиш билан қатнашаётганлиги ва мусобақалар жараёнида ўқувчи-ёшларнинг қобилиятларини кўриб, хурсанд бўлганлигини таъкидлади.
- Албатта, келгусида мана шундай ёшлар спортнинг футбол турини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшадилар. Айни пайтда истеъдодли ёш спортчилар сараланиб, уларга соҳа бўйича малакали мураббийлар маҳорат дарсларини ҳам ўтказмоқдалар, - деди Одил Аҳмедов.
Матбуот анжуманида ўзбек футболини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган, воҳада ёш спортчиларнинг иқтидорларини доимо ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётган ва спорт майдонларида, таълим муассасаларида уларга ҳар томонлама шароитлар яратиб беришда кенг кўламдаги эзгу ишларни олиб бораётган Хоразм вилояти ҳокими Фарход Эрмановга “Ўзбекистон футболи ривожига қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони топширилди.

Шунингдек, футболимиз тараққиёти йўлида самарали фаолият юритаётган элдошларимиздан бир гуруҳига миннатдорчиликлар билдирилиб, совғалар топширилди.
Шунингдек, бугун Урганч шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида ўзбек футболининг 110 йиллигига бағишланган футбол фестивали ўтказилди.

Ушбу тадбир ҳам барчага байрамона кайфият бағишлади.


Вилоятимизда ўзбек футболининг 110 йиллигига бағишланган спорт фестиваллари, қизиқарли спорт мусобақалари, учрашувлар, мусиқали тадбирлар давом этмоқда.
Отахон РАҲИМ.