ERTAKLAR – OLAMIGA SAYOHAT
Маҳмуд Замахшарий номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида ана шу мавзуда ташкил этилаётган кўплаб кўргазмаларда болажонларнинг энг севимли эртаклари ўрин олган китоблар, шеърий тўпламлар, эртаклардан сурат-лавҳалар намойиш қилинмоқда.

Мазкур кўргазмалар доирасида ёш китобхонларнинг болалар ёзувчилари, шоирлари билан учрашувлари, адабий-мусиқали тадбирлар ҳам ташкил этилмоқда.
- Ҳар йили 2 апрель - Халқаро болалар китоблари куни муносабати билан жуда кўплаган қизиқарли тадбирлар ўтказилиб, уларда шоирлар, ёзувчилар, ўқувчилар, мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари фаол иштирок қиладилар, - дейди Маҳмуд Замахшарий номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Раҳимбой Қурбонов. – 2 апрель - Халқаро болалар китоблари куни муносабати билан марказимиз томонидан таълим муассасалари билан ҳамкорликда тадбирлар ўтказиш режаси белгиланган. Тадбирлар доирасида болалар ёзувчилари, шоирларнинг ёш китобхонлар билан учрашувлари ташкил этилади. Шунингдек, ўқувчилар ўртасида улар мутолаа қилган китоблар бўйича қизиқарли савол-жавоб тарзидаги викториналар ўтказилади. Билимлар беллашувларида ғолиб бўлганларга китоблар совға қилинади.

Шунингдек, вилоят болалар кутубхонаси томонидан ҳам 2 апрель - Халқаро болалар китоблари куни муносабати билан тадбирлар ўтказиш режалаштирилган. Жумладан, “Фарзандимга китоб совға қиламан” акцияси ўтказилиб, унда ота-оналар ҳам иштирок этадилар. Янги нашр қилинган китоблар тақдимоти ўтказилади. Ўқувчиларнинг, болаларнинг шоир ва ёзувчилар билан учрашувлари ташкил этилади.



Айни пайтда болажонлар китобларни қизиқиш билан мутолаа қилмоқдалар.
Отахон РАҲИМ.