YOSHLAR UCHUN BO’SH ISH O’RINLARI MEHNAT YARMARKALARI

 

  Вилоят ҳокимлиги, вилоят бандлик бош бошқармаси, Урганч шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази ва вилоятимизда фаолият юритаётган олий таълим муассасалари ҳамкорлигида талабалар, битирувчи ёшлар учун мунтазам равишда бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркалари ташкил этилмоқда. 
Жумладан, яқинда Урганч Давлат университетида ўтказилган бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркасининг ўзида 300 га яқин ёш ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлашдилар. 
   Шунингдек, куни кеча Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Урганч филиалида ҳам қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. 
   


   Мазкур ярмаркада вилоятдаги шаҳар ва туманлардаги корхона, ташкилотлар ҳам ўзларининг бўш иш ўринлари билан иштирок қилдилар. 
Масалан, ярмаркада Тупроққалъа касб-ҳунарга ўқитиш маркази ўзининг тарғибот воситалари билан иштирок этди. Унда ушбу марказда ёшларни, аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида қатор касблар бўйича билим, тажрибасини ошириш бўйича маълумотлар ўрин олган. Жумладан, тикувчи-дизайнер, ошпаз-қандолатчи, аёллар сартароши, пайвандлаш, чилангар каби бир қанча касбларга 2-3 ой муддатда ўқитилиб, уларга ушбу тармоқларнинг тажрибали мутахассислари, ўқитувчилар дарс ўтиши қайд этилган. 
   Кўргазма олдида бир неча ёшлар ўзларининг ён дафтарларига аниқ маълумотларни қайд этаётганликларининг гувоҳи бўлдик. 
Ушбу тадбирда иштирок қилган Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва  коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари  Мадраҳим Мадримовнинг қайд этишича, бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси доирасида ёшларга бўш иш ўринлари бўйича ҳар бир корхона, ташкилотлар вакиллари атрофлича маълумотлар беришди. 
   - Ёшларнинг фаоллигини кўриб, янада мамнун бўлдим. Эндиликда талаба-ёшлар ҳам ўқишдан бўш вақтларида турли соҳаларда фаолият юритишлари мумкин. Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаларининг изчил равишда ташкил этилаётганлиги ёшларнинг соҳалар, касблар бўйича зарур маълумотларни олишларига имкон бермоқда. – дейди М. Мадримов.



   Шунингдек, бу ерда тижорат банклари ходимлари ҳам кредитлар олиш бўйича маълумотлар беришди. Айниқса, битирувчи ёшлар ўзларининг қизиқтираётган саволларига жавоблар олишди. 

                С.САФОЕВА.



30-03-2022, 14:47
Ko'rishlar: 352
Sahifani chop etish