27- MART – XALQARO TEATR KUNI

    

 ТЕАТР САНЪАТИ ФИДОЙИСИ, УСТОЗ, МУРАББИЙ...


      Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Ширин Рамазонова таҳририятимиз меҳмони. 


    Севимли актрисамиз, Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Ширин Рамазонова учун 60 йилдан зиёд вақтдан буён “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталари бирлашган таҳририяти энг севимли ижодий  даргоҳларидан бири бўлиб келмоқда.
      Ўтган йиллар давомида ва бугунги кунда ҳам Ширин опа таҳририятимизда бўлиб, биз ижодкорлар билан ҳамиша дилдан гурунглашади.  Хоразм  вилояти мусиқали драма театрида 60 йилдан зиёд фаолият юритган йиллари, спектаклларда ижро этган роллари, устозлари, ҳамкасблари ҳақида ширин хотираларини эслайди. 




      Ҳа, бу бежиз эмас. Чунки Ширин Рамазонова мактабни битказгач ушбу театр даргоҳига ишга келган. Катта орзу умидлар билан театр остонасига келган ёш қизнинг театр санъатига юракдан қизиқишини, интилишларини дастлабки кунларданоқ яқиндан ҳис қилган таниқли санъаткорлар Ваҳобжон Фаёзов, Қаландар Бойжонов, Маҳмуджон Сафоев, Салоҳиддин Камолов, Султонпошша Раҳимова, Ражаббиби Қаландарова,  Ўрозгул Ғойипова сингари театр дарғалари унинг табиатида истеъдод, қобилият мужассамлигини алоҳида қайд этишган эди.




 Жуссаси кичкинагина, кўзлари чақнаб турган қизнинг келгусида, албатта, театр санъатининг ривожига муносиб ҳисса қўшадиган етук актриса бўлиб етишишини башорат қилишганди.


 
  Ҳа, ҳаётда аслида ҳам ана шундай бўлди. Ширин Рамазонова ушбу қадрдон даргоҳдаги устозларнинг маслаҳатлари, тавсияларига амал қилиб, йиллар давомида театр саҳнасида 200га яқин спектаклларда қатнашиб, томошабинлар олқишига сазовор бўлди.
 


Айниқса, умр йўлдоши, ушбу театрда узоқ йиллар бош режиссёр бўлиб фаолият юритган Хошим Исломовнинг йўл-йўриқлари, доимий тавсиялари уни саҳнада барча ролларни юксак даражада ижро этиш имконини берди. 




     Жумладан, Ширин опа “Макр ва Муҳаббат”, “Лайли ва Мажнун”, “Фарход ва Ширин”, “Тохир ва Зухра”, “Ошиқ  Ғариб ва Шохсанам” каби кўплаб спектаклларда бош ролларни юксак маҳорат билан ижро этган. 
     



 Ширин Рамазонова ҳар бир ролини чуқур масъулият билан ижро этиб, уни томошабинларга манзур бўлиши учун астойдил ҳаракат қилиб келган.
  


   Ширин опа ўзининг ёқимли, майин овози билан куйлаган ашулаларни халқимиз доимо мароқ билан тинглаб, завқ оладилар. Бугунги кунда ҳам Ширин опа вилоятимиз миқёсида ўтказилаётган байрам тадбирларида халқ ижодиёти дурдоналари мужассам бўлган қўшиқлари, яллалари, лапарлари билан давраларга файз киритиб, қалбларга завқ бағишлаяпти.  Шунингдек, ўзи ижро қилган спектакллардан парчалардан томошабинларга тақдим этиб келмоқда. 
  Юқорида қайд этганимдек, Ширин Рамазонова журналистларнинг, таҳририят ходимларининг  энг яқин дўсти. Газеталаримизнинг ҳар бир сонини мутолаа қилиб боради. 
 


 Хонамда доимо бир пиёла чой атрофида фидойи, жонкуяр, санъаткор билан дилдан самимий суҳбатлар қурамиз. Айниқса, Ширин опа таҳририятимизга ҳар сафар ташриф буюрганида у кўп йиллардан бери авайлаб сақлаб келаётган ўзининг шахсий архивидан театр тарихи, унда ижод қилган актёрлар, ҳамкасблари, шогирдлари  ҳақида ҳикоя қилувчи суратларни олиб келади ва уларга қараб, хотираларини эслайди. Ҳа, ушбу суратлардаги лавҳалар ҳар биримиз учун қадрли ва азиздир. Театр санъати ривожига улкан ҳисса қўшган  санъаткорлар доимо халқимиз эътиборида ва эъзозида... 
  Ушбу суратларда актрисанинг шахсий архивида сақланиб келаётган ва унда театр санъатининг буюк дарғалари, севимли актёрларнинг спектакллар жараёнидаги ижросидан лавҳалар акс эттирилган.
  27 март – Халқаро театр куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Ширин Рамазоновани ва  театр санъати барча жамоаларини қизғин қутлаймиз. 

            Солияжон РАҲИМБЕРГАНОВА.


27-03-2022, 19:28
Ko'rishlar: 391
Sahifani chop etish