ISTIQBOLLI LOYIHALAR – ISHLAB CHIQARISHGA



                            ЛАВҲА

                      ТАДБИРКОРЛИК 


    Мамлакатимизда тадбиркорларнинг фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, янада самарали, сифатли меҳнат қилишлари учун барча зарур шароитлар, имкониятлар яратиб берилмоқда. Бугунги кунда  кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик Хоразм вилоятида ҳам тобора ривожланиб бормоқда. 
Ишбилармонларга янгидан-янги имтиёзлар, қулайликлар яратилиши натижасида тадбиркорларнинг фаолият қирралари  янада кенгаймоқда. Бу эса уларнинг ўз бизнесларини, тадбиркорлигини янада самарали ташкил этишга ва янги иш ўринларини яратиш имкониятини бераяпти. 
     Ана шундай тажрибали, ўзининг кўп йиллик тадбиркорлик фаолияти билан ижтимоий-иқтисодий соҳалар тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган фидойи тадбиркорлардан бири “Меҳнат шуҳрати” ва “Дўстлик” орденлари нишондори "Мини-аккумулятор" масъулияти чекланган жамияти директори Арслон Қаландаровдир
   Арслон Қаландаров раҳбарлик қилаётган жамоада ҳам янги истиқболли лойиҳалар асосида фаолият юритилиб, янги тур рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми тобора кенгайиб, сифати янада  яхшиланмоқда. 
 


     Корхонада бўлиб, тадбиркорнинг ишлаб чиқариш фаолияти билан танишганимизда, бу ерда ишлар аниқ, тизимли равишда йўлга қўйилганлигини, ишчилар, ходимлар учун барча шарт-шароитлар яратилганлигининг гувоҳи бўлдик. 
 Биз билан суҳбат давомида Арслон ака Қаландаров ўзининг тадбиркорлик фаолиятини бошлаган йиллари, ўтган давр мобайнида эгаллаган тажрибалари ҳақида сўзлаб берди. 
     - Дастлаб мазкур соҳада ўз иш фаолиятимни 1992 йилда бошлаганман. Бизнес лойиҳамни шакллантириш, тузиш жараёнида, энг аввало, бозорталаб истеъмол маҳсулотларини ҳар томонлама ўргандим. Тадбиркорлик тармоқлари бўйича режаларим, лойиҳаларим кўп эди. Ана шулардан бири қишлоқ хўжалиги техникалари ва автотранспорт воситалари учун турли хил маркада аккумулятор моноблокларини ишлаб чиқариш борасидаги ишларга муносиб ҳисса қўшиш эди. Чунки ўзим ҳам шу соҳа бўйича анча тажрибага эга эдим. - дейди Арслон ака Қаландаров.  
     Ҳа, Арслон Қаландаровнинг соҳа бўйича йиллар давомида эгаллаган тажрибаси айнан ушбу йўналишда тадбиркорликни бошлашга имкон берди. Чунки вилоятимизда олдинлари бундай йўналишда тадбиркорликни йўлга қўйган корхоналар йўқ эди. 
Арслон Қаландаров ёшлигидан техника воситаларини таъмирлаш, тузатишга қизиққанлиги,  уни шу соҳа ўзига жалб қилган. У Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг сиртқи бўлимида таҳсил олади. Ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда соҳа бўйича назарий билим ва малакаларини ошириб, мустаҳкамлаб борди ва бу иш жараёнида асқотди. 
    Арслон Қаландаров 1992 йилда "Мини-аккумулятор" масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиб, бугунги кунгача унга директорлик қилиб келмоқда. Айниқса, кейинги йилларда мазкур корхона иш фаолияти янада такомиллашди. Ва янгидан-янги бизнес лойиҳалар амалиётга татбиқ этилаяпти. 
А.Қаландаров суҳбат давомида корхонанинг айни кундаги фаолияти билан бизни яқиндан таништирди. 
    - Бугунги кунда юртимизда кўплаб саноат корхоналари барпо этилиб, маҳсулотларни қайта ишлаш, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш жадал суръатлар билан давом этмоқда. Тадбиркорлик тобора ривожланмоқда. Корхонамизда ҳам қишлоқ хўжалиги техникалари, автотранспорт воситалари учун турли хил маркада аккумулятор моноблоклари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.  Меҳнат жамоамизда автоматлаштирилган технологик жараённинг узлуксиз ишлаши таъминланиб, аккумулятор моноблоклари сифатли тарзда тайёрланмоқда. Кундан-кунга фаолиятимиз  янада кенгайиб бораяпти. 
Корхона цехларига энг замонавий техника воситалари ўрнатилган. Уларни маҳаллий ёшлар моҳирлик билан бошқармоқдалар. Бу ерда ҳар йили янги иш ўринлари яратилиб, ёшлар  иш билан мунтазам таъминланмоқда. 
Бугунги кунда “Жиззах аккумулятор заводи” акциядорлик жамиятига корхонамиз томонидан халқаро ИСО “ISO 9001:2015 (9001:2015)” стандарт дастури бўйича сифатли аккумулятор моноблокларини ишлаб чиқариб, етказиб бермоқдамиз. 
    Тадбиркордан шу куннинг долзарб вазифаларидан бири бўлган - маҳаллийлаштириш дастури корхонада қандай амалга оширилаётганлиги тўғрисида сўраймиз. 
    - Ҳа, маҳаллийлаштириш дастури доирасида корхонамизда янги 6ст-45 аккумулятор моноблокларини ишлаб чиқарадиган пресс-форма (шакл), аккумулятор моноблокларида ишлатиладиган қўрғошин втулкалар ишлаб чиқарадиган линия-тармоқ ташкил этилди.  Бу эса янги турдаги аккумулятор моноблокларини қисқа муддатларда ишлаб чиқариш имконини бераяпти. Йилига ўртача 1 млн. донагача аккумулятор моноблоклари, 1 млн. п/метр иссиқ ва совуқ сув учун полипропилен қувурлари, фитинглари ишлаб чиқарилмоқда, - дейди А.Қаландаров. - Кейинги пайтда корхонамиз замонавий технологик ускуналари билан янада кенгаймоқда. Корхонанинг ёш ишчиларининг соҳага оид билим, тажрибалари, малакалари доимо ошириб борилмоқда. 
Биз билан суҳбатда Арслон Қаландаров тадбиркор доимо изланиши, янгиликларни ўз фаолиятига жорий қилиб бориши кераклигини алоҳида қайд этди. 
    - Ҳозирда иссиқ ва совуқ сув қувурлари, унинг фитинглари билан биргаликда ишлаб чиқарадиган технологияларни ҳам цехларга ўрнатдик. Бу эса корхона харажатларини 20 фоизга тежаш ва 15 та янги иш ўрни яратиш, таълим муассасалари битирувчиларининг 10 нафарини доимий иш билан таъминлаш имконини берди. Шунингдек, 2018 йилнинг май ойидан бошлаб "UzAutо  Mоtоrs" акциядорлик жамияти Хоразм вилояти филиалига “Дамас” автомобиллари учун ишлатиладиган 4 турдаги маҳсулотлар етказиб бериш йўлга қўйилган, - дейди тадбиркор. 
      Жамоа ишчи-хизматчиларининг самарали меҳнат қилишлари, дам олишлари учун зарур шароитлар яратилган. Корхонада меҳнат қилаётган ишчи-хизматчиларнинг деярлик ҳаммасини ёшлар ташкил этади. Барча ишчилар махсус кийим-кечаклар билан доимий таъминланади. Уларга иссиқ овқат, сут маҳсулотлари мунтазам равишда бепул тарзда берилади. 
    - Мен доимо ёшларни ўқиб изланишга,  танловларда, тадбирларда фаол иштирок этишга йўналтириб тураман, - дейди А.Қаландаров.   
     Ҳа, бу маслаҳатлар, тавсиялар ёшларни истиқболли лойиҳалар асосида фаолият юритишга йўналтирмоқда.
      Тадбиркор доимий равишда ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларни моддий қўллаб келмоқда. Наврўз байрами арафасида ҳам тадбиркор ижтимоий ёрдамга муҳтож, кам таъминланган оилалар, якка-ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган фуқаролар хонадонларида бўлиб, уларнинг ҳолидан хабар олмоқда. Моддий ёрдамлар кўрсатмоқда. Айниқса, Наврўз таомларидан, шунингдек, нуронийлар севиб истеъмол қиладиган новвот,  иссиқ нон, патир,  сут, қаймоқ маҳсулотларини ҳам уларга етказиб беришга ҳаракат қилмоқда.  
    Тадбиркор А.Қаландаров доимо изланиш ва ўрганишда бўлиб, ташаббуслар асосида фаолият юритишни қалб шиори қилиб олган. У ҳар куни эрталабдан сиз суратда кўриб турган ҳамкасблари билан биргаликда иш жараёнларини бошлаб, уларга янада сифатли, унумли ишлаш юзасидан тавсиялар, маслаҳатлар бериб боради. 
Айни кунда фидойи инсон, тадбиркор Арслон Қаландаров раҳбарлик қилаётган жамоада иш жараёнлари янада жадал суръатлар билан давом этмоқда. Тадбиркор жамоа аъзолари билан биргаликда Наврўзи оламни қувонарли ютуқлар билан кутиб олмоқда.     

                    Солияжон РАҲИМБЕРГАНОВА. 

19-03-2022, 12:33
Ko'rishlar: 402
Sahifani chop etish