“XORAZM MILLIY TABIAT BOGI”DA - BAHOR
“ЯШИЛ МАКОН” - КЎРКАМ МАСКАН
Юртимизда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасидаги экиш, яратиш, яшнатиш ишлари кўламлари кун сайин кенгайиб боряпти.
Айни йўналишдаги эзгу ишлар, хусусан, Амударё бўйларидаги 21638 гектар майдонни эгаллаган «Хоразм миллий табиат боғи»да қизғин давом этмоқда. Шўрхок, қум тупроқли майдонларда ўсадиган, қурғоқчил шароитларга чидамли дарахтлар кўчатларининг ўтқазилиши ҳисобига соҳил замини тобора яшариб, яшил либосга бурканмоқда.
Ҳозирда кандим, саксовул, тўронғи каби қум-тўқай бўлган ерга хос дарахтлар ва буталар кўчатларини экиш авжида. Айниқса, «Қизил китоб»га киритилган ноёб буталар – кандимзорларни кенгайтириш бўйича ибратли ишлар амалга оширилмоқда.
Саксовулзорларни уруғидан кўпайтириш мақсадида 100 килограммдан зиёд экиш маҳсулоти тайёрлаб қўйилган. Кунлар исиб, мўътадил даражага етгач, икки гектар майдонга уруғлик экилиб, саксовулзорлар саҳни янада кенгайтирилади.
Бундан ташқари, ўрмон қушлари ва ҳайвонлари учун етарли миқдорда озуқа яратиш мақсадида Хоразм Миллий табиат боғи майдонларига уч минг туп жийда, кўплаб ўрик ва бошқа тур мевали дарахтлар кўчатлари ўтқазилади. Шу тариқа инсон меҳнати, фасли баҳор тафтидан баҳра олган Табиат боғи яшил либосга бурканмоқда.
ЧЎЛ БАҒРИДА – ИНТЕНСИВ БОҒ
Хайробод чўлларини боғ-у бўстонга айлантиришга интилаётган Қўшкўпир туманидаги Нуриддин Нуруллаев бошлиқ «Нурулла» кўп тармоқли фермер хўжалиги боғбонлари эндиликда боғлар саҳнини пакана бўйли мевали дарахтлар кўчатларини экиш ҳисобига кенгайтиришга киришдилар. Шу мақсадда Самарқанд вилоятининг мева-узум ниҳоллари етиштиришга ихтисослаштирилган хўжалигидан икки минг туп нашвати, уч минг туп беҳи, беш минг тупдан зиёд олма ва бошқа тур навдаги пакана бўйли мевали дарахтларнинг кўчатлари келтирилди. Ҳозирда улар тупроғи шўри сифатли ювилиб, гумусга тўйинтирилган майдонларга пешма-пеш ўтқазилмоқда. Шу тариқа хўжаликда жорий йилнинг ўзида боғлар беш гектарга кенгайиб, унинг умумий саҳни 40 гектарга етказилади.
Шу билан бирга, хўжаликда далалар атрофлари ҳам бўш қолдирилаётгани йўқ. Жорий йилнинг ўзида челлар, сув йўлларининг бўйларига уч минг тупдан зиёд тут кўчатлари ўтқазилди.
Ўтган йили боғ майдонларининг ҳар гектари ҳисобига 120 центнердан ҳосил кўтарган миришкорлар гектарлар қайтими, боғлар маҳсулдорлиги ва иқтисодий самарадорликни янада оширишни кўзламоқдалар.
ДАЛАЛАР АТРОФЛАРИ – МЕВАЗОР
Ҳар қарич ер – тўкинлик, ноз-неъматлар етиштириш манбаи. Экин майдонлари атрофлари, ариқлар бўйларининг уч километр узунликдаги қисмига турли хил мевали дарахтлар кўчатларини экиб, уларни ривожлантирган Хонқа туманидаги Мадёр Кўпалов бошлиқ «Омон» фермер хўжалиги зироаткорлари ана шу шиорга амал қилиб, амалдаги мавсумда ҳам ибратли бошламани изчил давом эттиришмоқда.
Жамоа аъзолари «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга оширишга биринчилар қатори бош қўшиб, далалар атрофларини боғ-роғларга айлантирмоқдалар. Қисқа муддат ичида яна бир километр узунликдаги челларга мевали дарахтлар ниҳоллари ўтқазилди.
Хўжалик соҳибкорлари эндиликда тасарруфидаги икки гектарлик токзорни таъмирлаш ишларини бошлаб юборишди. Шу жараёнда қуриб қолган токлар ўрнига унинг ҳосилини узоқ муддат сақлаш, олис масофаларга ташишга чидамли бўлган навлари кўчатлари экиляпти. Токзорлар атрофидаги челларга эса тут дарахтлари, саноатбоп терак кўчатлари ўтқазилмоқда.
ТУТЗОРЛАРДА - КЎКЛАМ НАФАСИ
Озуқа базаси нечоғлик мустаҳкам бўлса, «кумуш тола» хирмонлари ҳам шу даражада баракали бўлади. Ана шунга ўзларининг кўп йиллик иш тажрибасида ишонч ҳосил қилган Янгибозор тумани пиллакорлари тутзорлар саҳнини йил сайин кенгайтиришяпти.
Юртимизда давом этаётган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасига амалий фаолияти билан жавоб беришга интилиб, 2021 йилнинг куз фаслида йўллар, далалар атрофларига, ариқлар бўйларига тутнинг сербарг навлари кўчатларини ўтқаздилар.
Тадбир айни баҳор фаслида янада қизғин тус олмоқда. Ҳозиргача 398 минг туп кўчат экилиб, тутзорлар саҳни янада кенгайтириляпти. Шу тариқа иш тутилиб, ибратли лойиҳа асосида жойларда ҳозиргача жами 600 минг тупдан зиёд кўчат ўтқазилди.
Экилган кўчатларни авайлаб-асраш, парваришлаш учун улар фермер хўжаликлари ва касаначи-пиллакорларга бириктириб бериляпти. Шу тариқа иш тутилаётганлиги туфайли ўтган йилларда ўтқазилган кўчатлар ҳосилга кирди. Туман пиллакорлари яратилган шароит-имкониятлардан келиб чиққан ҳолда жорий мавсумда пилла етиштиришни одатдагига нисбатан 12 тоннага кўпайтириш, унинг ялпи салмоғини 180 тоннага етказишга қарата меҳнат баҳсини қизитмоқдалар.
О.РАЖАБОВ.