TA’LIM-TARBIYA ISHLARI YANADA TAKOMILLASHIB, ILM-FAN YUTUQLARI HAYOTGA KENG TATBIQ QILINMOQDA

 
 
 
 
 
ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ КЕНГАШИНИНГ НАВБАТДАН ТАШҚАРИ ҚИРҚ ТЎРТИНЧИ СЕССИЯСИДАН 
 
 
 
     Маълумки, 14 март куни Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари қирқ тўртинчи  сессия бўлиб ўтди. 
    Кун тартибида долзарб масалалар депутатлар томонидан кўриб чиқилди. Жумладан,  сессия давомида Хоразм вилоятидаги олий таълим муассасаларида 2021 йилда амалга оширилган ишлар ва 2022 йилдаги устувор вазифалар тўғрисида Урганч давлат университети ректори Б.Абдуллаевнинг, Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали директори ўринбосари Р.Абдуллаевнинг ҳамда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Урганч филиалининг директори М. Бойжоновнинг ҳисоботлари депутатлар томонидан эшитилди.        
    Ушбу олий ўқув юртлари раҳбарларининг сессияда қилган ҳисоботлари асосида газеталаримизда мунтазам равишда мақолалар бериб борилмоқда. 
    Қуйида чоп қилинаётган мақолада Урганч Давлат университети ректори Б.Абдуллаевнинг сессияда қилган ҳисоботидан ўрин олган маълумотлар келтирилмоқда.   







 
         ТАЪЛИМ-ТАРБИЯ ИШЛАРИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШИБ, ИЛМ-ФАН ЮТУҚЛАРИ ҲАЁТГА КЕНГ ТАТБИҚ ҚИЛИНМОҚДА
 
    Урганч давлат университети ректори Б.Абдуллаев ўз ҳисоботида олий таълим даргоҳида олиб борилаётган таълим-тарбия ишларига, кенг қиррали фаолиятга алоҳида тўхталди. 
    Жумладан, 2021 йилда университетда мавжуд 76 та бакалавр таълим йўналиши, 34 та магистратура мутахассисликлари ва 9 та қўшма таълим дастурларида   29836 нафар талаба таҳсил олди. 
    2021/2022 ўқув йили қабул натижаларига кўра 1-курсга 6459 нафар талаба қабул қилинди. Жумладан, бакалавриат кундузги таълим шаклига 4023 нафар, сиртқи таълим шаклига 1423 нафар, магистратура мутахассисликларига 1013 нафар қабул қилинган. Айни пайтда талабалар олий ўқув даргоҳида фан сирларини пухта ўрганиб, ўз мутахассисликлари   бўйича чуқур билим олмоқдалар. 
    Университетда 2021/2022 ўқув йили учун вилоятимиздаги кадрларга бўлган эҳтиёж ҳисобга олиниб, 4 та янги таълим йўналиши ва 6 та янги магистратура мутахассисликлари очилди.
    Таълим сифатини таъминлаш электрон таълим бошқарув тизими орқали назорат қилинмоқда. Таълим жараёнига рақамли технологиялар жорий этилган. Фан-техника ютуқлари амалиётга изчил равишда жорий этилаётганлиги ҳисоботда алоҳида таъкидланди.



    Бакалавриатнинг 1-2 курслари ва магистратуранинг барча босқичларида  кредит-модул тизими жорий қилинди. 
Умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг иқтидорларини рўёбга чиқариш мақсадида мактабларда математика, кимё, биология ва информатика фанлари бўйича ўқувчилар ўртасида масофавий олимпиадалар ташкил қилинди.
   Хоразм вилояти халқ таълими бошқармаси билан келишган ҳолда 6 та фаолияти суст ташкил этилган мактаблар билан ишлаш йўлга қўйилган.  Мазкур мактаблар билан ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ишлари, ўқитувчиларни касбий ривожлантириш ва иқтидорли ўқувчиларни  аниқлаб, уларни қўллаб-қувватлаш тадбирлари мунтазам равишда  амалга оширилмоқда. Юқорида қайд этилган мактаблар фаолияти суст мактаблар рўйхатидан чиқарилди. Бундан кейин ҳам олий ўқув даргоҳининг мактаблар билан ҳамкорлиги мустаҳкамланади. 






    Техника факультети “Умумтехника фанлари” кафедрасининг “Техник механика”, “Материаллар қаршилиги”, “Қурилиш механикаси”, “Aмалий механика” фанларидан  18 та ўқув-лаборатория ишларини бажариш учун 423 млн. сўмлик жиҳозлар сотиб олинган ва улардан талабалар  самарали фойдаланмоқдалар.
   Олий таълим даргоҳи профессор-ўқитувчилари самарали фаолият юритиб, 2021 йилнинг ўзида улар томонидан  15 та дарслик (шундан 4 та электрон дарслик), 23 та ўқув қўлланма яратилиб, чоп қилинган.
    2021 йилда илмий тадқиқот ишларини олиб бораётган университет ўқитувчилари, ёшлар ижобий натижаларга эришдилар. Жумладан, университет профессор-ўқитувчиларининг 48 нафари PhD диссертациясини, 5 нафари докторлик диссертацияларини ҳимоя қилиб, 15 нафари доцентлик унвонини ва 1 нафари профессор унвонини олди. Илмий-тадқиқот фаолиятини изчил равишда юритиш учун университетда барча шароитлар яратилган.
    Шуниндек, Урганч давлат университети ректори ўз ҳисоботида талабаларнинг дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида амалга оширилаётган кенг қамровли ишларга алоҳида тўхталди. 
    Олий таълим даргоҳида Президентимизнинг “Бешта муҳим ташаббус”и ижроси таъминланиб, бу жараёнда қатор йўналишлар бўйича ёш иқтидор эгалари кашф этилмоқда.    Университетда ҳар бир факультетда “Талабалар театр студияси” ва  “Қувноқлар ва Зукколар” жамоалари ташкил этилди. 
    Шунингдек, “Сайқал” чолғу ижрочилик ансамбли, Хоразм амалий санъати ва бошқа қатор йўналишларда тўгараклар фаолият юритиб, талабалар уларда фаол иштирок этмоқдалар. 
   




    Шуниндек, сессияда Б.Абдуллаев университетда спорт мусобақалари мунтазам равишда ташкил этилаётганлиги ва талабаларнинг ўзлари ҳам халқаро, Республика мусобақаларида фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаётганликларини аниқ мисолларда қайд этди. 
 

2022 йилда университетда амалга оширилиши режалаштирилган устувор вазифалардан :
 
    2022/2023 ўқув йили учун педагогик соҳа таълим йўналишлари ўқув режаларини мактаб билан узвийликни ошириш мақсадида ҳафтасига 4 кун назарий ва амалий таълим ҳамда 2 кун бевосита мактабда педагогик амалиёт ўташ орқали ишлаб чиқиш ва таълим жараёни йўлга қўйилади. 
   2022/2023 ўқув йили учун сиртқи таълим шакли бўйича қабул параметрларини ошириш, кундузги ва сиртқи таълим шаклларида математика, кимё ва биология таълим йўналишлари ва мутахассисликлар учун қабул параметрларини ошириш режалаштирилмоқда. 
   2022/2023 ўқув йилида талабаларнинг умумий қабулини 7000 нафарга етказиш, хорижий талабалар улушини ошириш, хорижий олий таълим муассасалари билан хамкорлик дастурлари асосида 8 та қўшма таълим йўналишида ўқитиш ташкил этилиши белгиланмоқда.
   Муҳандислик-техника таълим йўналишларида таҳсил олаётган талабалар улуши жами талабалар сонига нисбатан 25 фоизга оширилади. 
   Бакалавриат таълим йўналишлари битирувчиларидан иқтидорли талабаларнинг 5 фоизига (220 нафар) яқин қисмини  2022/2023 ўқув йилида магистратура мутахассисликларига қабул қилиш амалга оширилади. 
   Умумтаълим мактабларида математика, кимё ва биология фанларини ўқитишни такомиллаштириш мақсадида университет тажрибали профессор-ўқитувчиларини умумтаълим мактабларига бириктириш, фанлардан масофали курсларни ташкил қилиш, ўқувчилар ўртасида масофавий олимпиадалар ташкил қилиш, туманлардаги  фаолияти суст ташкил қилинган мактабларни университет деканларига ва кафедра мудирларига бириктириб, уларда таълим сифатини оширишга кўмаклашилади.
     Ўқув, илмий услубий адабиётларнинг янги авлодлари яратилади. Ва уларнинг муаллифлари муносиб моддий рағбатлантирилиб, улар учун барча шарт-шароитлар яратилади.   Ўқув жараёнини янада сифатли ташкил қилиш ва режалаштириш бўйича илғор кредит-модул тизимлари босқичма-босқич сифат жиҳатидан ривожлантирилиб борилади. 



   Шунингдек, жорий йилда 400 ўринли Талабалар турар жойи биноси қурилади. Урганч шаҳрининг Гурлан кўчасида жойлашган 750 ўринли техника факультети ўқув биноси капитал таъмирланади. Урганч туманидаги университетнинг кимё технология факультети ҳудудидаги 400 ўринли Талабалар турар жойи биноси 600 ўринга етказилиб, капитал реконструкция қилинади.  
   Шунингдек, Урду ректори ҳисоботи давомида депутатларни қизиқтираётган саволларига жавоблар берди. 
 
      (Навбатдаги сонда Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали директори ўринбосари Р.Абдуллаевнинг сессияда қилган ҳисоботини эътиборингизга ҳавола этамиз). 
 
                                                                      Солияжон РАҲИМБЕРГАНОВА. 
 

15-03-2022, 17:03
Ko'rishlar: 458
Sahifani chop etish