VILOYATIMIZDA NAVRO’Z UMUMXALQ BAYRAMI QUVONCH VA SHODLIKLAR BILAN KUTIB OLINMOQDA


         “Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!”.  
Ана шу бош ғоя асосида воҳамизда Наврўз умумхалқ байрамига ҳар томонлама кўтаринки руҳда тайёргарлик ишлари давом этмоқда. 
         Бугунги кунда вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларидаги маҳаллаларда Наврўз байрамига бағишлаб ўтказилаётган тадбирларда кекса-ю ёш фаол иштирок қилмоқда. Уларда нуроний отахон ва онахонларимиз миллий анъана ва урф-одатларимиз, гўзал қадриятларимиз тўғрисида ёшларга мамнунлик билан сўзлаб бермоқдалар. Ушбу тадбирларда  ижодкорлар, санъаткорлар Наврўзни, баҳорни, она табиатни, дўстлик ва меҳр-муҳаббатни тараннум этувчи шеърлар, қўшиқлар, яллалар айтиб, давраларга янада файз киритмоқдалар. 
         Кўклам ноз-неъматларини тақдим этувчи “Энг яхши Наврўз таомлари” танловлари ўтказилаяпти. 
         Шуниси қувонарлики, қатор маҳаллаларда аҳоли ўзларининг уйларидаги иссиқхоналарида ва гул тувакларида етиштирган турфа гуллардан кўргазмалар ташкил этишмоқда. 
         Урганч давлат университети профессори, иқтисод фанлари доктори Бахтиёр Рўзметов ушбу тадбирларда қатнашар экан, онахонларимиз бошчилигида дошқозонларда сумалаклар тайёрланаётганлиги ва унинг ўзи ҳам ушбу жараёнда қатнашганлигини, ёшларга гўзал қадриятларимиз ҳақида гапириб бераётганлигини қайд этди.

         Шунингдек, маҳаллаларда уста ҳунармандлар, чеварлар томонидан тайёрланган маҳсулотларнинг кўргазмалари ҳам ташкил этилмоқда. 


         Хонқа тумани маданият бўлими ҳузуридаги “Жайхун” халқ қўғирчоқ театри раҳбари,  таниқли ҳунарманд, қўғирчоқсоз Мансурбек Қурёзов  ҳам Наврўз умумхалқ байрами сайилларига қизғин тайёргарлик кўрди.





 

Умр йўлдоши Гулзода Қурёзова ва шогирдлари билан биргаликда адрас, атлас “кийган” миллий қўғирчоқлар тайёрлашди.


        Шунингдек, ўзбек халқ эртакларидан, халқ  ижодиёти дурдоналари намуналари асосида миллий қўғирчоқлар иштирокидаги саҳна кўринишларини ҳам тайёрлаб, маҳаллаларда ўтказилаётган сумалак сайлларида намойиш этишмоқда. Бундан, айниқса, болажонлар  хурсанд бўлишмоқда. 
         Шунингдек, Наврўз байрами арафасида “Аёллар дафтари, “Меҳр дафтари”га киритилганларга  моддий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

        Байрам муносабати билан маҳаллаларнинг ўзида турли спорт мусобақалари ва бадиий кўргазмали чиқишлар ташкил этилаяпти. 
         

                                                                          Отахон РАҲИМ. 
15-03-2022, 12:58
Ko'rishlar: 451
Sahifani chop etish