NAVRO’Z BAYRAMI ARAFASIDA URGANCH MARKAZIY DEHQON BOZORI HUDUDIDA TASHKIL ETILGAN SAVDO YARMARKASIDA SHIRIN-SHAKAR MEVALAR, POLIZ, SABZAVOT, SHUNINGDEK, GO’SHT, SUT VA BOSHQA TUR MAHSULOTLAR ARZON NARHLARDA ELDOSHLARIMIZGA HAVOLA ETILMOQDA

Назира опа Абдуллаева қўшнилари билан ушбу савдо ярмаркасига келиб, уй-рўзғори учун зарур бўлган маҳсулотларни арзон нархларда харид қилиб олганлигини ва савдо-сотиқ ишлари харидорлар учун янада қулай қилиб ташкил этилганлигидан мамнунлигини билдирди.

- Байрам олди савдо ярмаркаси харидор учун янада қулай бўлган дўконларда ташкил этилганлиги жуда ҳам яхши бўлибди. Олма, анорларни харид қилар эканман, ушбу мевалар ҳозиргина боғлардан, далалардан узиб келтирилганидек, тоза, сифатли. Мана, ушбу йилнинг баҳор фасли кириб келган бўлсада, мева, сабзавотлар омборларда жуда яхши сақланган экан. Деҳқонларимизга раҳмат айтамиз.
Ҳа, Назира опа сингари кўпгина элдошларимиз байрам олди ташкил этилган ушбу ярмаркадан ўзлари учун зарур бўлган маҳсулотларни арзон нархларда сотиб олиб, мамнун бўлганликларини таъкидлашмоқда.


Машариф ота 70 ёшдан ошган. У ҳам байрам олди ярмаркасига ўғиллари билан келиб, қаймоқ, сариёғ, сметан, сузма, қатиқ ҳам олганлигини қайд этади.
- Чунки ушбу маҳсулотларнинг ҳаммасини кўздан кечирдим. Улар тоза ва сифатли экан. Шунингдек, юмшоқ буханка нон, булочка, тухум ҳам харид қилдик. Идишларга солинган асални ҳам татиб кўрдим. Менга жуда маъқул бўлди ва уни ҳам харид қилдик - дейди отахон.

Шунингдек, ёш келинчак Замирахон қўшнилари билан келиб шакар, ловия, помидор ва оиласи учун керак бўладиган бошқа тур маҳсулотларни ҳам арзон нархларда сотиб олганлигини мамнунлик билан қайд этди.
Муяссар исмли аёл эса фарзандлари мандарин, банан, узумни хуш кўриб, истеъмол қилишини билдириб, ушбу маҳсулотларни ҳам арзон нархларда сотиб олганлигини таъкидлади.
Байрам олди савдо ярмаркасида аҳолига зарур бўладиган барча озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатли тарзда пештахталарга, расталарга чиройли қилиб, тахлаб қўйилган. Бундан элдошларимиз янада хурсанд бўлиб, маҳсулотларни харид қилиб, байрамни тўкин дастурхон атрофида яқинлари билан кутиб олишга катта кўтаринкилик билан тайёргарлик кўрмоқдалар.
Азиз элдошлар, байрам савдо ярмаркаси Сизнинг хизматингизда!
С.САФОЕВА