VILOYATIMIZDA 8-MART – XALQARO XOTIN-QIZLAR KUNI KENG NISHONLANMOQDA
АЁЛ БОРКИ, ОЛАМ МУНАВВАР...
Шу кунларда вилоятимизда 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган “Сизга таъзим, Сизга эҳтиром”, “Оналарни шарафлаймиз!” мавзуларида адабий-бадиий тадбирлар, мусиқали театрлаштирилган дастурлар, фахрий онахонлар билан учрашувлар, давра суҳбатлари давом этмоқда.
Ана шундай байрам тадбирларида иштирок қилаётган воҳамиз хотин-қизлари ўзларининг дил изҳорларини, таассуротларини билдирмоқдалар.

Ленинза АСҚАРОВА, вилоят “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамғармаси раиси :
- Юртимизда 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилаётган тадбирларда иштирок этар эканман, қалбим қувончга тўлди. Айниқса, фахрийларга кўрсатилаётган чексиз эътибор, ғамхўрликдан миннатдормиз. Биз ҳам маҳаллаларда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи қоидаларига амал қилиш, атроф-муҳитни тоза, озода сақлаш, ёшларни миллий анъана, қадриятлар руҳида тарбиялаш, улар қалбида гўзал фазилатларни шакллантириш мақсадида суҳбатлар, учрашувларни ўтказиб келмоқдамиз.
Кеча “Бахт қуши” тўйхонасида ташкил этилган байрам дастурида воҳамизнинг турли соҳаларида фаолият юритаётган фаол хотин-қизлар, ёшлар, фахрийлар иштирок этди.
Байрам дастури давомида хотин-қизларни, оналарни тараннум этувчи шеърлар ўқилиб, қўшиқлар ижро этилди. Ўзбек Миллий академик драма театрининг таниқли актёрлари, санъаткорлари хоразмлик хотин-қизларни байрам билан қутладилар. Уларнинг ҳар бир чиқиши бизда чуқур таассурот қолдирди.
Биз фахрийлар бундан кейин ҳам ўзларимизнинг кўп йиллик ҳаётий тажрибаларимиздан келиб чиқиб, ёш авлодни баркамол вояга етказишда, соғлом турмуш тарзини янада кенг тарғиб қилишда фаол иштирок қилаверамиз.
Байрамингиз муборак бўлсин!

Меҳрибон ТИЛЛАЕВА, “Ҳаёт кўзгуси” газетаси муҳаррири, Қўшкўпир тумани :
- Кўп йиллардан буён Қўшкўпир туманидаги “Ҳаёт кўзгуси” газетасида фаолият юритиб келмоқдаман. Турли мавзулардаги мақолаларим газета саҳифаларида чоп этилмоқда. Шунингдек, “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят Кенгаши фаолиятида ҳам фаол қатнашиб келмоқдаман...
Кеча ҳаётимда унутилмас, қувончли кун бўлди. Байрам муносабати билан муҳташам тўйхонада ўтказилган байрам тадбирида менга “Мўътабар аёл” кўкрак нишони топширилди. Бу эса мени янада самарали ижод қилишга, ижтимоий-иқтисодий ва барча соҳаларда мақолалар тайёрлашга руҳлантирмоқда. Ушбу байрам тадбирида мен каби фидойи онахонлар, аёлларга ҳам “Мўътабар аёл” кўкрак нишони топширилди. Барчамизнинг қувончимиз чексиз.
Байрамингиз муборак бўлсин, азиз аёллар!

Дилрабо ҚУРЁЗОВА, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Хоразм вилояти бошқармаси ахборот хизмати раҳбари :
- Бугунги кунда оммавий ахборот воситаларида юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, уларнинг самарали натижалари, келгусидаги улуғвор вазифалар ва истиқболли лойиҳалар изчил равишда ёритиб борилмоқда.
Бизнинг бошқармамиз ходимлари ҳам мунтазам равишда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда фаолият юритиб, коррупцияга қарши курашиш, ҳар қандай ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш билан бирга аҳолининг ҳуқуқий билимларини янада оширишга қаратилган кўплаб мақолалари, телекўрсатувлари билан қатнашиб келмоқдалар.
Бошқармамизда доимий равишда оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжуманлари ўтказилиши ҳам мавзуларни кенг ёритиб боришда алоҳида аҳамият касб этади.
8 март – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ўтказилган “Атиргул” танловида мен ҳам ўзимнинг фаолиятим билан қатнашдим ва танловнинг “Оммавий ахборот воситалари билан фаол ва тезкор ишлагани учун” номинацияси бўйича ғолиб бўлдим. Бундан кейин ҳам оммавий ахборот воситалари билан доимий равишда ҳамкорликда фаолият юритамиз.
Шунингдек, вилоятимиз марказида кеча бўлиб ўтган байрам тадбирида вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи билан мукофотланганлигим мени янада масъулият билан фаолият юритишимга рағбат бўлди.
8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан барча ижодкор аёлларни қутлайман.

Раъно ВАФОЕВА, Республика маънавият ва маърифат маркази Урганч тумани бўлинмаси раҳбари :
- Мана, бир неча кундирки, туманимиздаги таълим муассасаларида, меҳнат жамоаларида “Сизга таъзим, Сизга эҳтиром” деб номланган байрам тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Ана шундай тадбирларда қатнашар эканман, хотин-қизларнинг қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда эришаётган ютуқлари, келгусидаги режалари ҳақида катта кўтаринкилик билан сўзлаб бераётганликларини эшитиб, янада хурсанд бўламан.
Эндиликда туманимизда ўз иссиқхоналарида йилнинг тўрт фаслида ҳам сабзавот, кўкатлар, гуллар етиштираётган хотин-қизларнинг эзгу ишларини кўриб, қалбим қувончга тўлади.
Бугун қишлоқ кўчаларидан юриб борар эканман, ҳовлилар олдидаги тозалик, ободлик, гулзорлар барпо этилаётганлигидан, мевали, манзарали дарахтлар кун сайин кўплаб экилаётганлигидан баҳри дилим очилади. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида аёллар ҳам фаол қатнашмоқдалар.
Байрам арафасида туманимиз марказида “Оила ўқув маркази” ташкил қилинди. Эндиликда бу ерда ёш келин-куёвларга маслаҳатлар бериб борилади. Қайноналар, келинлар билан биргаликда дилдан суҳбатлар ўтказилади.
Бу йилги байрам менга ҳам чексиз шодликлар келтирди. “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирландим. Бу эса ўз фаолиятимни шу кун талаби асосида олиб боришга, маънавий-маърифий ишларни юксак даражада ташкил қилишга йўналтирмоқда. Биз аёлларга кўрсатилаётган юксак эътибор учун чуқур миннатдорчилик билдирамиз.
Отахон РАҲИМ тайёрлади.