“KARVAK GULLARI”NING ATIRGULLARI
Лавҳа
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Нигора Қутлимуратова ҳар сафар Ҳазорасп туманидаги маҳаллаларда, ташкилотларда бўлган пайтида ижтимоий-иқтисодий соҳаларда ислоҳотлар жадал суръатлар билан давом қилаётганлиги, айниқса, узоқ қишлоқларда ҳам янгидан саноат корхоналари барпо этилиб, тадбиркорлик янада ривожланаётганлиги, аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган истиқболли лойиҳалар ҳақида мамнунлик билан сўзлайди.
Депутат Нигора Қутлимуратова бу сафар Ҳазорасп туманидаги «Шовот» маҳалласида истиқомат қилаётган фидойи аёл Лайло Матёқубованинг эзгу ишларини кўриб, унинг изланишлари натижасида олиб бораётган амалий ишларидан хурсандчилигини билдирди.
- Ушбу маҳаллада истиқомат қилаётган Лайлохон кўпдан бери ўз иссиқхонасида сабзавот, кўкат маҳсулотларини етиштириб, ҳар йили кўнгилдагидек ҳосил ва даромад олиб келмоқда. Бу йил эса иссиқхонасини кенгайтириб, атиргул гулларининг кўчатларини ва гулларини етиштирмоқда, - дейди Нигора Қутлимуратова. – Иссиқхонада бўлиб, ушбу гул кўчатлари бир текис ривожланаётганлигини кўрдим ва тез кунларда улар ғунча тугиб, чиройли бўлиб очилади.
Доимо янгиликка интилувчан Лайло Матёқубова “Карвак гуллари” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиб, шу кунларда олиб бораётган ишларини қувонч билан сўзлаб берди.

- Етти йилдан буён иссиқхонада турли маҳсулотларни етиштириб келмоқдамиз. Оиламиз аъзолари – ўғлим, қизим, келиним, умр йўлдошим, барчамиз биргаликда иссиқхонамиздаги ишларни тўғри ташкил қилишга ҳаракат қиламиз. Олдинлари помидор, бодринг, турли кўкатларни етиштирар эдик. Яқинда эса бизга иссиқхона фаолиятини янада кенгайтириш учун тўрт сотих ер майдони ажратилди. Айни пайтда у ерга экилган атиргул кўчатлари бир текисда ривожланмоқда. Тез кунларда атиргулларимиз ўз чиройини намоён этиб, хотин-қизларга байрам совғаси ҳам бўлади, - дейди Лайло Матёқубова. – Иссиқхона қуриш учун 150 миллион сўм кредит маблағи ва субсидия ажратилганидан янада мамнунмиз. Эндиликда, бу ерда йилига 40 мингта гул кўчатларини етиштириш режалаштирилмоқда.
Лайлонинг қайд этишича, иссиқхонадан бир йилда 60 миллион сўмлик даромад олиш мумкин. Оила аъзолари бандлиги тўла таъминланган. У келгусида бу йўналишдаги фаолиятни янада кенгайтиришга аҳд қилган.
Шунингдек, депутат Н.Қутлимуратова Лайло ва у каби тадбиркор аёллар билан суҳбатлашиш жараёнида уларнинг таклифларини ҳам ўрганиб, ён дафтарига қайд қилиб борди.
Депутат ушбу маҳалладаги туман ҳокимининг ёрдамчиси Ш.Иброҳимов билан ҳам яқиндан суҳбатлашганда, ҳар бир хонадонда хатлов ишлари олиб борилганлиги ва аҳолининг кўпчилик қисми тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида эканлигини билдирган. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Меҳр дафтари”га киритилганлар янада қулай бўлиши учун асосан ўзлари истиқомат қилаётган жойларда иш билан таъминланмоқдалар.

Депутат маҳаллаларда бўлган пайтда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги тадбирлар жадал суръатлар билан давом этаётганлигининг гувоҳи бўлди. Нигора Қутлимуратованинг ўзи ҳам «Алоқали кўл» ва бошқа бир қанча маҳаллаларда мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиш тадбирларида иштирок этди.
Шунингдек, Н.Қутлимуратова «Янгибозор» маҳалласида ўтказилган сайёр қабулда қатнашди. Мурожаатлар тингланиб, кўпчилиги шу ернинг ўзида ҳал этилди. Вақт талаб этиладиган мурожаатлар юзасидан тегишли ташкилотларга топшириқлар берилди.
Депутат Нигора Қутлимуратова тумандаги “Бешта” маҳалласида ўтказилган кенг қамровли тадбирларда ҳам қатнашди. Бу ерда бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил қилинди.

Айниқса, аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларга зарур маслаҳатлар берилди. Янги нашр қилинган китоблар ярмаркасида кекса-ю ёш ўзлари севган китобларни харид қилишди. Ўз навбатида Ҳазорасп тумани Давлат хизматлари маркази томонидан ҳам аҳолига хизматлар кўрсатилди. Саволларга малакали жавоблар берилди.
Ҳа, депутатлар бевосита жойларда бўлиб, ўз сайловчилари билан учрашиб, тўғридан-тўғри мулоқотлар қилиши ва уларнинг фикр-мулоҳазаларини, таклиф ва тавсияларини ўрганиб бориши келгусидаги фаолиятни янада аниқ, изчил тарзда ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади.
Солияжон РАҲИМБЕРГАНОВА.