ВОҲА ХАБАРЛАРИ
ҚИШ ДАСТУРХОНИДА – ЁЗ НЕЪМАТЛАРИ
Ушбу йилнинг дастлабки ойида иссиқхона бўйича 160 тонна бодринг, кўплаб кўкатлар ишлаб чиқарилди. Етиштирилган маҳсулотлар ички бозорга ҳам, ташқи бозорга ҳам изчил равишда жўнатилмоқда.
Боғот туманидаги «Гулшан» маҳалласида фаолият олиб бораётган «Озодбек Асадбек» фермер хўжалиги жамоаси жорий йилнинг январь ойини ана шундай натижаларга эришиш билан якунлади. Февраль ойидан истеъмолчиларга иссиқхонада етиштирилган помидор, шунингдек, турли хил кўкатлар ҳам жўнатила бошланди.
- 2019 йили иш бошланган иссиқхонамизда деҳқончилик қилинадиган ёпиқ майдонлар саҳни муттасил равишда кенгайиб, ноз-неъматлар етиштириш салмоғи ҳам йилдан-йилга ошиб боряпти,- дейди хўжалик етакчиси Давронбек Собиров. - Дастлаб унинг саҳни 2 гектарни ташкил этган бўлса, ҳозирга келиб, бу кўрсаткич 10 гектарга етказилди. 2019 йили тайёрланган маҳсулотлар арифметик жиҳатдан «килограммларда» ҳисоб-китоб қилинган бўлса, ўтган йили бу борадаги меъёрлар «тонналик» рақамларда қайд этиладиган бўлди. 2021 йили 400 тонна помидор ва кўплаб бошқа тур сабзавот маҳсулотлари хорижий давлатларга экспорт қилинди. Айни кунда хўжалигимизда 60 нафар киши доимий иш ўрнига эга бўлиб, улар иссиқхоналарнинг маҳсулдорлигини оширишга қарата меҳнат баҳсини кун сайин қизитишяпти. Айниқса, Азамат Жуманиёзов, Дилафруз Оллаёрова, Каромат Матжонова каби касбининг фидойилари экинларни сифатли парваришлаб, мўл ҳосил етиштириб, барчага ибрат бўлишмоқда.
Хўжалик етакчисининг таъкидлашича, айни қиш об-ҳавосининг нисбатан совуқ-сербулут келганлиги экинлар гуллари бир қисмининг тўкилишига сабаб бўлди. Юзага келган қийинчиликларга қарамай, жамоа жорий йилда ҳосилнинг умумий салмоғини 500 тоннага, бодрингни 200 тоннага етказишга қарата фидокорона меҳнат қилмоқда.
...ЕТТИ ХАЗИНАНИНГ БИРИ
Халқимизда паррандачилик етти хазинанинг бири дея қадрланади. Паррандаларни хонадон шароитида ички имкониятлар ҳисобига боқиб, кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бироз ҳаракат қилинса, дастурхонингизда гўшт ҳам, тухум ҳам бисёр.
Шу боис Гурлан тумани ҳокимининг яқинда маҳаллаларда иш бошлаган ёрдамчилари маҳаллалардаги хонадонлар аъзоларининг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш мақсадида уларни хатловдан ўтказганларида кўпчилик хонадонлар аъзолари паррандачилик билан шуғулланиш истакларини билдирдилар.
Ана шу таклиф-истаклар назарда тутилиб, «Гурлан деҳқон бозори» ҳузурида фаолият кўрсатаётган «Савдо-харид фирмаси» масъулияти чекланган жамияти томонидан Беларусь Республикасидан 100 минг дона зотдор паррандалар тухуми олиб келиниб, инкубацияга қўйилди.
Шунингдек, Шукурулло Абдуллаев, Ойбек Султонов, Анвар Қурбонов, Ғайрат Аҳмедов, Ўринбой Бозорбоев каби якка тадбиркорлар ҳам инкубацияда жўжа очириб, уни эҳтиёжманд кишиларга тарқатмоқдалар.
«Чинобод» маҳалласидан «Гурлан бройлер», «Оққум» маҳалласидан «Асқар Қувондиқ» фермер хўжаликлари, «Сулаймон шоҳ» агрохусусий корхонаси, Ҳизир эли ва Эшимжирон қишлоқларидан «Ёдгор эшон», «Мухтор Бозорбоев» масъулияти чекланган жамиятлари ва бошқа кўплаб тадбиркорлик субъектлари жўжа боқиш ишларини бошлаб юбордилар. Бундай ташаббускорлар сафи муттасил равишда кенгайиб боряпти. Ибратли бошлама, кўрилаётган тадбирларнинг бозор пештахталарини озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш улар нархи барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши, шак-шубҳасиз.
ИННОВАЦИЯ, ЗАМОНАВИЙ АГРОТЕХНОЛОГИЯГА ТАЯНИБ
Фермер хўжалигида техника замонавий бўлса, инновацион агротехнологиялар ишлаб чиқаришга кенг жорий этилса ишлар янада жадал ва самарали бўлади.
Урганч туманидаги тажрибали зироаткор Эркин Саидов бошлиқ «Саид бобо» фермер хўжалиги жамоаси моддий-техник базани мустаҳкамлаш, замонавий инновацион технологиялардан унумли фойдаланишга алоҳида диққат-эътиборни қаратмоқда.
Сўнгги йилларда хорижий давлатлардан иш унуми юқори бўлган замонавий ҳайдов ва чопиқ тракторлари, тиркама агрегатлари харид қилиб келтирилди.
Ўтган йилнинг ўзида 475 миллион сўмга ерларни сифатли текислашга мўлжалланган “Лазер технологияси”, шунингдек, томчилатиб суғориш ускуналари сотиб олинди.
Кўрилган тадбирлар ҳосил учун курашнинг турли босқичларидаги агротехник тадбирларни тез ва соз бажариш гарови бўлмоқда. Жумладан, ўтган йилнинг ўзида 107 гектар экин майдони инновацион технология асосида сифатли текисланди. 19 гектар ғўза майдони томчилатиб суғорилди. Навбатлаб ўғитлаш тизими асосида унумдорлиги нисбатан пасайиб кетган 15 гектар майдоннинг ҳар гектари ҳисобига 50 тоннадан органик ўғит киритилди.
Хўжаликда дала ишларининг шу тариқа инновацион ечимлар, замонавий агротехнологиялар асосида ташкил этилиши экинлар бўйича мўл ҳосил етиштириш гарови бўлмоқда. Ўтган йили пахтачилик бўйича 40, ғаллачилик бўйича 55 центнерлик марралар эгалланди.
Ҳозирда хўжаликда бўлғуси мўл ҳосилга пухта тараддуд кўриляпти. Экиш техникаси мавсумга барвақт шай этилди. Далалар бошига маҳаллий ўғит ташиб чиқариш ишлари қизғин давом эттирилмоқда.
Р.ОЛИМОВ.