“Хоразм ҳақиқати” газетасининг 2022 йил 11 февраль сонида қуйидаги мақолалар чоп қилинди :
Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг қирқ иккинчи сессисидан ахборот.
Сессия ишида Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг депутатлари, бошқарма ва ташкилотларнинг раҳбарлари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок қилдилар.

“Сессияда долзарб масалалар муҳокама этилди” сарлавҳаси билан чоп этилган мақолада кун тартибига қўйилган долзарб, устувор вазифалар ижроси ҳақида сўз юритилади. Депутатлар секторлар раҳбарларининг, бошқармалар бошлиқларининг ахборотларини тингладилар.
***
“МАТБУОТ АНЖУМАНИ. ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲАЛАР : КЎЛАМДОР ВА САМАРАЛИ”

Вилоят ҳокими Ф.Эрманов иштирокида бўлиб ўтган мазкур матбуот анжуманида 2021 йилда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилган кенг кўламли ишлар ва 2022 йилда барча тармоқларда олиб бориладиган устувор вазифаларга алоҳида тўхталинди. Жумладан, 2022 йилда вилоятимизда янгидан саноат корхоналари ўз фаолиятини бошлайди. Шаҳар ва қишлоқларда, энг чекка маҳаллаларда ҳам тадбиркорлик янада ривожланиб, янгидан барпо этилаётган корхоналарга замонавий технологиялар ўрнатилиб, аҳолининг бандлиги таъминланади. Айниқса, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилганлар учун ўқув курслари, семинарлар ташкил этилиб, уларнинг тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун шароитлар яратилади. Иқтисодий билимлари мустаҳкамланади. Ушбу йилда 91,9 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланади.
Айни пайтда маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари ҳар бир хонадонда бўлиб, оила аъзолари билан яқиндан суҳбатлашиб, уларнинг фикр-мулоҳазаларини, таклифларини ўрганмоқдалар. Касб ўрганиш истагида бўлган ёшлар ўқув марказларига жалб этилмоқда. Айниқса, вилоят марказида фаолият юритаётган “Ишга марҳамат” моно-марказида “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилганларга касб-ҳунарлар ўргатилиб борилаяпти. Ушбу ерда ҳунар ўрганган кўпгина аёллар, ёшлар аллақачон ўзларининг тадбиркорлик фаолиятларини бошламоқдалар.
Вилоят ҳокими ушбу йилда воҳамизда туризм янада ривожлантирилиб, янгидан меҳмонхоналар, оилавий меҳмон уйлари ташкил этилиб, улардаги ўринлар сони 600 тага етказилади, дея қайд этди. Урганч, Хива шаҳарларида, Шовот, Хива туманларида оилавий меҳмон уйлари ташкил этилмоқда.
Вилоят ҳокими ўз маърузасида Янгиариқ туманида экин экилмайдиган ерларда тадбиркорлар томонидан қудуқлар қазилиб, ихчам иссиқхоналар қурилиши ва улар аҳолига кооперация асосида берилишини алоҳида қайд этди. Натижада, 2 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланади.
Ушбу йилда вилоятимизда 631 та лойиҳа амалга оширилади. Ва 13 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади. Шу билан биргаликда, қиймати 632 млрд. сўмлик 19 та йирик лойиҳа фойдаланишга топширилиб, 4 минг 940 та янги иш ўринлари яратилади.
Масалан, Қўшкўпир, Шовот, Урганч туманларида ип-калава ишлаб чиқарувчи йирик корхоналар ишга туширилади.
Урганч шаҳрида “Базальт тола ишлаб чиқариш" лойиҳаси амалга оширилади. Ва бу юзасидан айни пайтда олиб борилаётган амалий ишларга вилоят ҳокими атрофлича тўхталди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 декабрдаги “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан Хонқа туманидаги “Ёш куч” маҳалласида 228 хонадонли 9 та, Янгиариқ туманидаги “Дўстлик” маҳалласида 160 хонадонли 8 та ва Тупроққалъа туманидаги “Обод” маҳалласида 100 хонадонли 5 та кўп қаватли уй-жойлар қурилиши матбуот анжуманида алоҳида қайд этилди.
Вилоят ҳокими айни пайтда ушбу эзгу ишлар бошланаётганлигини таъкидлади.
Анжуман давомида халқ таълими тизимида ҳам амалга ошириладиган қатор эзгу ишлар қайд этиб ўтилди. Жумладан, 2022 йилда вилоятда 2 та янги мактаб қурилади, 10 та мактаб реконструкция қилинади, 7 та мактаб мукаммал таъмирланади, 143 та мактаб компьютер техникалари билан таъминланади.
Олий таълим билан қамров даражаси янада ошади. Урганч давлат университети талабаларини турар-жой билан таъминлаш мақсадида қўшимча 400 ўринли янги ётоқхона қурилади.
Матбуот анжумани давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ўзларини қизиқтираётган мавзулар бўйича саволларига атрофлича жавоблар олишди.
(Ушбу матбуот анжумани тўғрисидаги батафсил ҳисобот газетанинг иккинчи саҳифасида ўрин олган).
***
“ДАВРА СУҲБАТИ. МАВЗУГА ҚАЙТИБ : “ВИДЕОКЛИПЛАРНИ КИМЛАР ТАЙЁРЛАМОҚДА?!”
Давра суҳбатида иштирок қилган илм-фан намояндалари, санъаткорлар, шоирлар, журналистлар телевидениеларда эфирга берилаётган видеоклипларни тайёрлашга масъулият билан муносабатда бўлиш муҳимлигини, ҳар бир санъаткор ўзи ижро қилаётган қўшиқ мазмунига эътибор билан ёндашиши ва халқимизга манзур бўладиган қўшиқларни ижро этиши муҳимлиги тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Ушбу чуқур таҳлилга эга бўлган мақолада телевидениелар ҳузуридаги бадиий кенгашлар фаолиятини изчил йўлга қўйиш ҳамда мусиқали дастурларни юксак савияда тайёрлаш юзасидан тавсиялар, таклифлар берилди.
Шунингдек, баъзи хонандалар томонидан “ижро қилинаётган” айрим “қўшиқлар” матни “саёз”лиги, турли хил бачкана “қилиқ”лар тасвирланганлигидан элдошларимизнинг дили хижил бўлаётганлиги аниқ мисоллар асосида таҳлил қилинган...
(Газетамизнинг тўртинчи саҳифасида ушбу таҳлилий-танқидий мақоланинг тўлиқ матни билан яқиндан танишишингиз мумкин).
***
“ИННОВАЦИОН ФАОЛИЯТ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ”
Хоразм вилояти ҳудудий инновацион ривожланиш бошқармаси бошлиғи Ойбек Отамуродовнинг ана шу савлавҳадаги мақоласида илм-фан ютуқлари ишлаб чиқаришга кенг жорий қилинаётганлиги ва Гурлан туманида кўплаб инновацион лойиҳалар амалга оширилаётганлиги хусусида аниқ мисоллар асосида батафсил тўхталинади.
Жумладан, 2022 йилда инновацион ҳудудга айлантирилаётган Гурлан туманида қуйидаги лойиҳалар амалга оширилади :
- '"FIT TIB PHARM" МЧЖ томонидан “Доривор ўсимликлар (оддий игир, маврак, седана, расторопша) етиштириш ва қайта ишлашни ташкил этиш” тижоратлаштириш лойиҳаси;
- “EMBADDED IOT SOLUTION” хусусий корхонаси томонидан “Кўчаларни (ташқи) ёритиш тизимини масофадан бошқариш электротехник қурилмасини ишлаб чиқиш” тижоратлаштириш лойиҳаси;
- "Mashhur gold greenhous" хусусий корхонаси томонидан экспортбоп “Карбонатланган пардозбоб ғишт ва йўлак плиталари ишлаб чиқариш” стартап лойиҳаси;
- ''Хоразм Илмий Инновацион маҳсулотлари'' хусусий корхонаси томонидан “Металлар зангини юқори самарали тозаловчи воситалар ишлаб чиқариш технологиясини тадбиқ қилиш” тижоратлаштириш лойиҳаси;
- “Уста Рўзимбой Жалоладдин” МЧЖ томонидан “Инновацион усулда декоратив мебеллар ва сувенирлар ишлаб чиқариш” стартап лойиҳаси шулар жумласидандир.
Мазкур мақолада ана шу каби янгиликлар билан танишишингиз мумкин.
Газетанинг 11 февралдаги сонида чоп этилган қатор бошқа мақолаларни мутолаа қилишингиз ҳамда эълонлар ва рекламалардан хабардор бўлишингиз мумкин.
Газетамизга обуна бўлсангиз унда чоп этилаётган барча мақолалар билан яқиндан, атрофлича танишишингиз мумкин.