FAXRIYLAR XONADONIDA

 



   УСТОЗ БИЛАН ДИЛДАН СУҲБАТ 

   Оммавий ахборот воситаларида юртимизда амалга оширилаётган кенг миқёсдаги ўзгаришлар, янгиланишлар, бунёдкорликлар,  турли соҳаларда фаолият юритаётган замондошларимизнинг фидойиликлари доимий равишда тезкорлик билан ёритиб борилмоқда. 
   “Хоразм ҳақиқати” газетасида ҳам вилоятимиз ижтимоий-иқтисодий соҳаларидаги, барча жабҳалардаги ислоҳотлар ва уларнинг самаралари, дастурлар ижроси, шаҳар ва қишлоқларда кун сайин қурилиш, ободонлаштириш ишлари жадал суръатлар билан давом этаётганлиги, янгидан саноат корхоналари ишга туширилаётганлиги, янги иш ўринлари барпо этилаётганлиги, истиқболли лойиҳалар ҳаётга кенг татбиқ қилинаётганлиги ва бошқа қатор эзгу ишлар таҳлилий мақолалар, хабарлар, репортажлар, лавҳалар ва журналистиканинг бошқа жанрлари орқали бериб борилаяпти.  
   Албатта, газетанинг ҳар бир сонини янада ўқишли, мавзулар кўлами кенг, ранг-баранг, таъсирчан бўлишида, сифатли тайёрланишида ва чоп қилинишида журналистларнинг, таҳририят ходимларининг, хусусан мусаҳҳиҳлар-корректорларнинг ҳам фидойи меҳнатлари мужассамдир. 
   2024 йилнинг март ойида газетамизнинг илк сони чоп этилганлигига 104 йил бўлади. Ўтган йиллар давомида таҳририятимизда соҳанинг забардаст журналистлари, тажрибали мусаҳҳиҳлари масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда самарали фаолият юритганлар. Ана шундай фидойи мусаҳҳиҳлардан бири устоз Олтин опа Собировадир. 
Олтин опа Собирова 1972 йилда “Хоразм ҳақиқати” газетаси таҳририятида мусаҳҳиҳ бўлиб, ўз фаолиятини бошлаган. Ва ушбу жамоада узоқ йиллар фаолият юритиб, ўзига топширилган вазифани сидқидилдан бажариб, доимо ҳамкасблар ўртасида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган. 
   Олтин опа билан биргаликда бундан қирқ йиллар олдин газетанинг навбатдаги сонларини тайёрлашда навбатчилик жараёнларини тонггача бажарган пайтларимиз ҳам бўлган. Ана шундай дақиқаларда ҳам мусаҳҳиҳ Олтин опанинг кенг қамровли билими, зеҳни, ўткир кўзи газеталарни бехато, сифатли тарзда тайёрланишида алоҳида аҳамият касб этган. Олтин опа ўз даврида муносиб шогирдларни тайёрлаган. Биз журналистлар ҳам Олтин опани устоз, дея ҳурмат қилиб, айрим сўзларнинг тўғри ёзилишида тавсия, маслаҳатларини ҳам олиб турар эдик.
   Устозимиз Олтин опа Собирова бугунги кунда пенсияда. Фарзандлари, набиралари даврасида қарилик гаштини сурмоқда
   Кеча эрталаб Олтин опа Собирова истиқомат қилаётган Урганч шаҳрининг “Зиёкорлар” маҳалласидаги Қорақум кўчасидаги устоз хонадонида бўлдик. Олтин опа билан дилдан суҳбатлашдик. Биз билан ушбу хонадонга “Зиёкорлар” маҳалласи фуқаролар йиғини раиси Рустам Хожаев ҳамда ушбу маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар фаоли Нигора Бабаниёзова ҳам ташриф буюрди.  Барчамиз устозни, оила аъзоларини кириб келган Янги йил билан қутладик. Бундан Олтин опа ҳамда унинг умр йўлдоши Эгамберган отанинг қувончи чексиз бўлди. 





   - Доимий равишда кўз олдимда бундан 50-40 йиллар олдин таҳририятда бирга фаолият юритган касбдошларимизнинг нурли чеҳралари тез-тез гавдаланади. Газетамизни ўз вақтида ўқишли, бехато чоп этилиши учун Тўхтажон Қурёзова, Ойбиби Худойберганова, Қурбонжон Ражабова каби мусаҳҳиҳ ҳамкасбларимиз билан биргаликда масъулятни чуқур ҳис қилган ҳолда фаолият юритганмиз. Ушбу жамоада узоқ йиллар меҳнат қилганлигимдан қувонаман ва фахрланаман... Бугун ҳам “Хоразм ҳақиқати” газетаси ҳақида қўшниларимиз, муштарийлардан самимий, илиқ сўзларни эшитганда жуда қувонаман. Газетани тез-тез ўқиб тураман. Сизларни кўриб, қалбим севинчга тўлди, - дейди Олтин опа биз билан суҳбатда қувониб. 
   Ўзининг фидойи меҳнати билан эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган, тажрибали устоз мусаҳҳиҳ Олтин Собировага Ташаккурнома ва совғаларни топширдик. 
   Устоз билан хайрлашар эканмиз, у тез кунларда набираларининг тўйига тайёргарлик кўраётганлигини ва ҳамкасбларини ҳам таклиф қилишини севинч билан таъкидлади. Биз эса, албатта, ушбу тўйларда қатнашамиз. 
   Соҳамиз фахрийлари доимо эъзозда, эътиборда ва ҳурматда. 

       Солияжон РАҲИМБЕРГАНОВА. 



11-01-2024, 13:36
Ko'rishlar: 188
Sahifani chop etish