TAHRIRIYATIMIZDA BAYRAM OLDI DAVRA SUHBATI
“ҲАМИША ФАОЛ БЎЛИБ, ЯНАДА САМАРАЛИ ИЖОД ҚИЛАМИЗ!”

8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамда “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталари бирлашган таҳририяти ҳамкорлигида таҳририят ҳузурида фаолият юритаётган “Ёш мухбирлар маҳорот мактаби” тингловчилари ва фаол жамоатчи мухбир хотин-қизлар иштирокида “Ҳамиша фаол бўлиб, янада самарали ижод қиламиз!” мавзусида бугун давра суҳбати ташкил этилди.
Юртимиз ижтимоий-иқтисодий соҳаларида ислоҳотлар жадал суръатлар билан давом этиб, кенг миқёсдаги яратувчилик, бунёдкорликлар амалга оширилмоқда. Барча жабҳаларда истиқболли ташаббуслар, лойиҳаларнинг ҳаётга тезкорлик билан татбиқ этилиши, шаҳар ва қишлоқларимизнинг тобора чирой очаётганлиги, халқимиз турмуш фаровонлигини янада ошириш йўлидаги хайрли, улуғвор эзгу ишлар ҳар куни кўз олдимизда ёрқин намоён бўлмоқда.
Вилоят ҳокимлигининг нашри бўлган “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталарида ана шундай улуғвор ишлар, кундалик ҳаётимиздаги янгиликлар, ўзгаришлар, истиқболли бошламалар, замондошларимизнинг фидойиликлари, бир сўз билан айтганда барча соҳалар, мавзулар тезкорлик билан ёритиб борилмоқда. Таҳририят ижодий жамоаси шу кун талаби асосидан келиб чиққан ҳолда ўз фаолиятини янада такомиллаштириб, масъулиятни янада чуқур ҳис қилган ҳолда муштарийларга манзур бўладиган ранг-баранг мавзуларда материаллар тайёрлашга астойдил интилмоқда.
“Хоразм ҳақиқати” газетасининг илк сони чоп этилганлигига жорий йилнинг 8 март куни 103 йил тўлади. Ўтган йиллар давомида ушбу газета воҳа солномаси бўлиб, унинг ҳар бир сонида вилоятимизда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ишлар изчил ёритиб борилаяпти. Мазкур газетанинг бир аср давомида чоп қилинган сонларини варақласангиз унда воҳа тарихи, ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг барча қирралари изчил ва кенг ёритилганлигининг гувоҳи бўласиз. Бир сўз билан айтганда ушбу газета - воҳанинг тарихий солномасидир.
Айниқса, истиқлол йилларида “Хоразм ҳақиқати” газетаси таҳририяти ижодий ходимларининг иш услуби, фаолияти янада такомиллашиб, тинмай ижодий изланиш ва аҳоли фикр-мулоҳазаларини ўрганган ҳолда мақолалар тайёрлаш, ижод қилиш фаолият асосини ташкил қилмоқда. Газета саҳифаларида шу кун талабидан келиб чиққан ҳолда долзарб мавзулар асосий ўринни эгалламоқда.
Қабул қилинаётган дастурларнинг вилоятимиздаги ижроси юзасидан олиб борилаётган кенг миқёсдаги амалий ишлар ва уларнинг самаралари таҳририят ходимлари томонидан тайёрланаётган мақолаларда ўз ифодасини топмоқда. “Бешта муҳим ташаббус” ва унинг самаралари, обод қишлоқлар ва обод маҳаллалар, чирой очаётган манзиллар газетада ранг-баранг жанрларда чиройли суратлар орқали элдошларимизга етказилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, таҳририят ижодий жамоаси ўтган 103 йил давомида вилоятимиз, Республикамиз оммавий ахборот воситалари учун малакали, тажрибали, юксак маҳоратга эга бўлган профессионал мутахассисларни етказиб беришда ҳаёт ва тажриба мактаби бўлиб келмоқда. Ушбу нуфузли отахон газета таҳририятида дастлабки ижодий фаолиятини бошлаган жуда кўплаган ёшлар бугунги кунда бошқа оммавий ахборот воситаларида ҳам самарали фаолият кўрсатмоқда. Таҳририят ижодий ходимлари устозлари бошлаган анъанани муносиб давом эттириб, ўз вазифаларини садоқат билан бажармоқдалар.
Газетачиликдек қийин, сермашаққат ва шарафли, масъулиятли касбни эъзозлаётган жамоа сафига кейинги йилларда иқтидорли ёш журналистлар кириб келаётганлиги қувонарлидир. Таҳририят журналистлари ўзларининг долзарб мавзудаги мақолалари билан муштарийлар эътиборини қозонмоқдалар. Бундан 103 йил олдин газетани босиш жараёни асосан қўл кучи билан бажарилган бўлса, бугунги кунда матбаачилик жадал ривожланмоқда. Эндиликда, “Хоразм ҳақиқати” газетаси рангли тарзда чоп қилиниб, газетхонларга янада манзур бўлиши учун замонавий ахборот коммуникация воситаларидан самарали фойдаланилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги ўз нашри бўлган “Хоразм ҳақиқати” газетаси таҳририяти ижодий жамоасини доимий равишда қўллаб-қувватлаб, ҳамкорликда самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.
“Хоразм ҳақиқати” газетасининг ижодий жамоаси бундан кейин ҳам ўз газетхонларига янада ўқимишли, таъсирчан турли мавзуларда мақолаларни тайёрлаб, ҳавола этишни ўзининг бурчи ва вазифаси, деб ҳисоблайди.
Шунингдек, таҳририят ҳузурида деярли 40 йилдан ошдики, “Жамоатчи мухбирлар маҳорат мактаби” фаолият юритиб келмоқда. Вилоятимизнинг турли соҳаларида меҳнат қилаётган турли касб эгалари, ўқувчи-ёшлар, илм-фан намоёндалари, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари газетанинг жамоатчи мухбирларидир.
Ҳар йили 8 март санаси олдидан таҳририят билан доимий равишда ҳамкорлик қилиб келаётган, жамоатчи мухбир бўлган хотин-қизлар иштирокида давра суҳбатларини ўтказиш анъанага айланган.

Ушбу йилда ҳам газетанинг фаол жамоатчи мухбир аёллари, маҳорат мактаби тингловчилари иштирокида ташкил этилган навбатдаги давра суҳбатида ҳам газетани янада ўқишли, ранг-баранг тайёрланиши учун уларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари, тавсиялари тингланди.
Шуниси қувонарлики, воҳамизнинг фаол жамоатчи мухбирлари бўлган хотин-қизлар мазкур газетанинг ҳар бир сонини янада ўқимишли, ранг-баранг чоп қилинишида ўзларининг мақолалари билан фаол иштирок этиб келмоқдалар.
Давра суҳбатида “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Солияжон Раҳимберганова газетанинг ушбу йилдаги ижодий режалари, мавзулар кўлами кенгайиб бораётганлиги, айниқса, газетхонлар ҳузурида бўлиб, муштарийларнинг фикр-мулоҳазаларини доимо эшитиб, ана шулар асосида материаллар тайёрлаш газетанинг янада ўқишли, таъсирчан бўлишига ёрдам бераётганлигини қайд этди.

Бу борада бугунги кунда ҳам жамоатчи мухбир аёллар ҳамишагидек фаол ва фидойи бўлишмоқда.

Тадбирда меҳнат фахрийси Ленинза Асқарова, Республика Маънавият ва маърифат маркази Урганч тумани бўлими раҳбари Раъно Вафоева, вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси матбуот котиби, Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси Гулноза Умирова, вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Малика Аҳмедова ва газетанинг фаол жамоатчи мухбирларидан Тозагул Матжонова, Манзура Искандарова, Комила Собирова, Қувончой Шержонова, Севара Раҳмагуллаева, Шохзода Камолова, Ойдиной Шомуротова, Муяссар Матмуротова ва бошқалар сўзга чиқиб, таҳририят ҳузуридаги маҳорат мактабининг ибратли фаолияти ва унинг машғулотлари журналистика соҳасига қизиққан ҳар бир кишининг янада серқирра ижод қилишида ҳамда устоз журналистларнинг журналистика жанрларидан самарали фойдаланиб, материаллар тайёрлаш юзасидан бераётган тавсиялари, маслаҳатлари ўқишли материаллар тайёрлаш имконини бераётганлигини қайд этишди.
Шунингдек, тадбирда “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталари бирлашган таҳририятида узоқ йиллардан буён фаолият юритиб келаётган ва шу кунларда таваллудининг 60 йиллигини нишонлаётган ижодий ходим Татьяна Давлетовани муборак айёми билан табриклаб, унга ташаккурнома ҳамда совғалар топширилди.
Байрам олди давра суҳбати назм ва наволарга уланди. Ўзбекистон Республикаси халқ артисти, газетанинг доимий фаол жамоатчи мухбири Ширин Рамазонова ўзининг дилрабо қўшиқлари билан даврага янада завқ, файз, кўтаринкилик бағишлади.



Байрам олди давра суҳбатининг барча иштирокчиларига ташаккурномалар, китоблар, ён дафтарчалар топширилди.
Отахон РАҲИМ.