DILDAN MULOQOTLAR

 “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталари таҳририяти жамоаси - Хоразм вилоятида 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси нашри бўлган “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталарининг ҳар бир сонини унинг муштарийлари доимо катта қизиқиш билан мутолаа қиладилар. Чунки, ушбу газеталарнинг ҳар бир сонида мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий соҳаларида олиб борилаётган кенг қамровли амалий ишлар, ислоҳотлар ва уларнинг натижалари, барча вилоятлардаги касаба уюшмалари ташкилотлари, айниқса, бошланғич ташкилотларининг фаолиятлари кенг ёритиб борилмоқда. Шунингдек, газеталар саҳифаларида турли соҳа, турли касб эгаларининг мақолалари мунтазам равишда чоп қилиб борилади. 
Айниқса, газетада фуқароларнинг турли мавзулардаги саволларига ҳуқуқшунослар, мутахассислар аниқ, равон қилиб жавоб беради. Масалан, газетанинг 2022 йил 13 октябрь сонида “Жавобини кутаётган саволлар” рукни билан “Сиртқи таълимдагилар магистратурада ўқий оладими?”, “Чорраҳадаги тартибсизликка ким жавоб беради?”, “Емаган сомсага қачонгача пул тўлаймиз?” каби газетхонларнинг  саволлари,  мурожаатлари  тегишли вазирликларга, ташкилотларга  йўлланган. 
Албатта, мана шундай долзарб мавзудаги саволларга доимо тегишли вазирликлар, мутасадди ташкилотлар раҳбарларидан, масъул ходимларидан жавоблар келади. Ҳамда ушбу газеталарда чоп қилиб борилади. Бир сўз билан айтганда, мурожаатчи, газетхон ўзининг саволига малакали жавоб ола билади. 
Биз газетанинг биргина сонидаги мавзуга тўхталдик. Ваҳоланки, мазкур газеталарнинг ҳар бир сони таҳририят ходимлари томонидан юксак масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда тайёрланади. 
Яқинда Урганч шаҳрида “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталари таҳририяти  жамоаси аъзоларининг хоразмлик газетхонлар билан бўлиб ўтган учрашувида мазкур газеталарнинг ҳар бир сонида долзарб мавзуларда мақолалар чоп қилинаётганлиги ҳақида сўз борди.
“Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталари бош муҳаррири ўринбосари Турдиқул Бутаяров учрашув қатнашчиларига газетанинг янада ранг-баранг, таъсирчан чоп қилиниши учун ижодий изланишлар изчил давом этаётганлигини қайд этди. 
Газетанинг 2023 йилда чоп этиладиган сонлари, режалаштирилаётган янги рукнлар, мавзуларни янада кенгроқ қамраб олиш мақсадида белгиланган ижодий ишлар билан газетхонларни яқиндан таништирди. 
Шунингдек, тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Хоразм вилояти Кенгаши раиси Эргаш Юсупов “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталари меҳнат жамоалари аъзолари томонидан доимо катта қизиқиш билан мутолаа қилиб борилаётганлигига, касаба уюшмалари фаолияти ҳар бир сонда кенг ёритилаётганлигига алоҳида тўхталди. 
Тадбирда сўз олган “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири С. Раҳимберганова ҳар иккала газеталар ўртасидаги ижодий ҳамкорлик ўзининг ижобий самараларини бераётганлигини алоҳида қайд этди.
-  2021 йилда “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие”  ва “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газаеталари бирлашган таҳририяти ўртасида ўзаро ижодий ҳамкорликни йўлга қўйиш,  тажриба алмашиш борасида имзоланган меморандум асосида изчил равишда амалий ишлар йўлга қўйилган, - дейди С. Раҳимберганова. – Жумладан, ҳар иккала таҳририят ходимлари доимий равишда ўзаро ҳамкорликда фаолият юритиб, таҳлилий, ранг-баранг мавзуларда материаллар тайёрлаб, журналистика жанрларидан ўз ўрнида фойдаланиш бўйича маҳорат дарсларини ҳам онлайн тарзда биргаликда ташкил қилиб келмоқдалар. Айниқса, бу ёш журналистларнинг соҳа бўйича билим ва тажрибаларини оширишга ёрдам бермоқда. 
Тадбир унинг иштирокчилари билан жонли мулоқотлар асосида давом этди.




 Мазкур тадбир иштирокчилари ўртасида ҳатто қизиқарли викторина савол-жавоблари ҳам ташкил этилди. Тадбирда викторина саволларига аниқ жавоб берган иштирокчилар эсдалик совғалари билан тақдирландилар. 


 Шунингдек, тадбир якунида Урганч шаҳар маданият бўлими мудири, хушовоз хонанда Улуғбек Бобожонов ўзининг дилроба куй-қўшиқлари билан даврага янада завқ бағишлади. 

                    Отахон РАҲИМ. 


3-11-2022, 12:35
Ko'rishlar: 406
Sahifani chop etish