15 oktabr - Xalqaro qishloq ayollari kuni



    ҲАР ИШДА ФАОЛ, ТАШАББУСКОР, ФИДОЙИ 
    



    Бугунги кунда вилоятимизда қишлоқ аёлларининг ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг барча жабҳаларида катта кўтаринки руҳда фаолият юритаётганлигини, қувонарли ютуқларга эришаётганлигини ҳар лахзада кўриш мумкин. Айниқса, кейинги йилларда воҳамизда қишлоқ хўжалиги тармоқлари янада ривожланмоқда. Жуда кўплаган аёллар фермер хўжаликларига раҳбарлик қилиб, ғалла, пахта ва бошқа тур қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил етиштирмоқдалар. Шунингдек,  аёллар орасида уста боғбонлар, соҳибкорлар, чорвадорлар катта кўпчиликни ташкил қилади. Шу кунларда далаларда йил давомида қилинган фидойи меҳнат самараси бўлган пахта ҳосилини тезкорлик билан йиғиштириб олиш учун уюшқоқлик билан ҳаракат давом этмоқда. Айниқса, ушбу ишларда ҳам қишлоқ аёллари янада фаол бўлиб, етиштирилган ҳосилнинг бир мисқолини ҳам нобуд қилмай териб олиш учун меҳнат қилаяптилар.
Туманлар ҳокимликлари ҳамда туман оила ва хотин-қизлар бўлимлари мутасаддилари далаларда бўлиб, теримчи аёлларга яратилаётган шарт-шароитлар билан ҳар куни танишиб бормоқдалар. Шунингдек, фаол теримчи аёлларга совғалар, ташаккурномалар ҳам топширилмоқда. Жумладан, Янгибозор тумани ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Ҳаётхон Ўрозбоева “Хушнуд” фермер хўжалиги пахта далаларида бўлиб, теримчи аёллар билан суҳбатлашди. Дам олиш соатларида улар учун яратилаётган шароитлар билан ҳам яқиндан танишди. Ҳамда илғор фермерларга ташаккур билдириб, совғалар топширди. 
    Шунингдек, вилоятимизнинг бошқа туманларида ҳам далаларда жавлон ураётган аёллар учун барча шароитлар яратилмоқда. Дам олиш соатларида улар учун таниқли хонандалар иштирокида концертлар ҳам намойиш этилмоқда. 



    Бугун вилоятимизнинг қайси бир қишлоғида бўлманг боғларда ширин-шакар мевалар пишиб етилганлигининг гувоҳи бўлиш мумкин. Ана шундай сархил меваларни етиштиришда қишлоқ аёллари  ҳам фаол иштирок қилмоқдалар. 
    Жумладан, янгибозорлик Фотима опа узоқ йиллар мактабда ўқитувчилик қилди. Кўплаб шогирдлар етказди. Бугунги кунда эса пенсияда. Фотима опа ўз томорқасида мевалар, полиз маҳсулотларини етиштириб, оиласи учун яхшигина даромад олаётганлигини қайд этади. 
    Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, айни пайтда воҳамизнинг барча қишлоқларида тадбиркорлик янада ривожланган. Бугунги кунда қишлоқларда тадбиркорлик билан шуғулланаётган хотин-қизларнинг сафи янада кенгаймоқда. Улар тикувчилик, каштачилик, тўқимачилик, ҳунармандчилик ва бошқа тур маҳсулотларни маҳорат билан тайёрламоқдалар. 
    Урганч туманидаги “Glass Pro” масъулияти чекланган жамиятида бугунги кунда 360дан зиёд иш ўрни яратилган. Яқинда Урганч тумани оила ва хотин-қизлар бўлими томонидан иш билан банд бўлмаган аёлларнинг ушбу корхонага ташрифи ташкил этилди. Аёллар корхонадаги иш жараёни билан яқиндан танишдилар. Улардан айримлари ушбу корхонада иш фаолиятини бошлашни ҳам режалаштирдилар. 
    Шуни алоҳида қайд этиш керакки, бугунги кунда “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар”га киритилган қишлоқ аёлларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатилмоқда. Тадбиркорлик билан шуғулланишни ҳохлаган аёлларга тикувчилик машиналари, маиший техника асбоблари ва бошқа зарур воситалар етказиб берилмоқда. 
    Масалан Боғот туманидаги “Оқ тепа” маҳалласида истиқомат қилаётган Барнохон Собирова “Аёллар дафтари”да рўйхатда турган эди. Унга кўрсатилган амалий ёрдам натижасида Барнохон тадбиркорлик билан шуғуллана бошлади. У ҳозирги кунда нон маҳсулотларини тайёрлаб, туман аҳолиси эҳтиёжи учун етказиб бермоқда.



Хатто, тўй-томошаларга, турли маросимларга ҳам буюртмалар олиб, нон ва нон маҳсулотларини сифатли тарзда тайёрлаб бермоқда. 
    - Тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтирмоқчиман. Тижорат банкидан кредит олдим. Айни пайтда нон маҳсулотларидан ташқари ширинликлар тайёрлаш цехини ҳам ишга туширдим. Бунинг натижасида  банд бўлмаган хотин-қизларнинг ҳам бандлиги таъминланди, - дейди тадбиркор Барнохон Собирова. 
 Яқинда боғотлик аёллар Барнохон Собирова фаолият юритаётган цехларда бўлиб, унинг самарали иш фаолияти билан танишдилар. 
    15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан вилоятимизда маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.






Шу кунларда вилоятимиздаги барча шаҳар ва туманларда истиқомат қилаётган аёлларнинг Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларига сайёҳатлари уюштирилмоқда. Шоирлар, ёзувчилар, журналистлар, санъат, маданият ходимлари томонидан жойларда ўтказилаётган учрашувларда аёлларнинг фидойилиги, меҳнатсеварлиги, оқил, фозил фарзандларни тарбиялаб, вояга етказаётганлиги шеърлар, қўшиқлар орқали жўшиб тараннум этилмоқда. 
    Вилоятимизда 15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан тадбирлар ўтказилиши давом этмоқда. 
            
                            С.САФОЕВА. 


12-10-2022, 13:29
Ko'rishlar: 402
Sahifani chop etish