NURONIYLARGA ''MEHNAT FAXRIYSI'' KO'KRAK NISHONLARI TOPSHIRILDI


    ДОИМО ЭЪТИБОРДА ВА ЭЪЗОЗДА 





    Юртимизда нуронийлар, отахон ва онахонлар доимо ҳурмат, эътиборда ва эъзозда. Уларнинг соғлигини мустаҳкамлаш, турмуш шароитини янада яхшилаш кундалик диққат марказда бўлмоқда. 






    Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий соҳаларида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган ва бугунги кунда кексалик гаштини сураётган нуронийлар айни пайтда ҳам жамоат ишларида, маҳалла фаолиятида фаол иштирок қилиб келмоқдалар. Улар ёшларни ҳар томонлама баркамол вояга етказишда ўзларининг кўп йиллик ҳаётий тажрибаларидан келиб чиқиб, ўғил-қизларга доно маслаҳатларини, тавсияларини бераяптилар. Меҳнат фахрийларининг ҳаёти ва фидойи меҳнати ёшларга доимо ибратдир. 
    Кеча вилоят маънавият ва маърифат марказида узоқ йиллар ижтимоий-иқтисодий соҳаларда, барча жабҳаларда самарали меҳнат қилган бир гуруҳ нуронийларга “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони тантанали равишда топширилди. 





 

   Тадбирда сўзга чиққан вилоят маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, вилоят “Нуронийлар” кенгашининг раиси Маткарим Жуманиёзов ўтган йиллар давомида турли соҳаларда фидойилик билан фаолият юритган элдошларимизнинг салоҳиятли, ибратли фаолиятига, эришган ютуқларига алоҳида тўхталди. Шунингдек, бугунги кунда пенсияда бўлса ҳам кекса авлод вакиллари маҳаллалар фаолиятида, ёшлар тарбиясида фаол иштирок қилаётганлигини ҳурмат билан қайд этиб ўтди.
 Нуронийларнинг меҳнатлари доимо эъзозланиб, соғлиқлари мустаҳкамланиб, тиббиёт ходимларининг кундалик эътиборида бўлмоқда. Отахон ва онахонлар дам олиш сиҳатгоҳларида соғлиқларини мустаҳкамлаб, янада тетик, бардам бўлиб, умргузаронлик  қилмоқдалар. 
    Мазкур тадбирда нуронийларга “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони тантанали равишда топширилди. 




    - Юртимизда улкан бунёдкорликлар, яратувчиликлар, ободонлаштириш ишлари изчил давом этмоқда. Ҳаётимизнинг ҳар бир куни янгиликларга бой бўлмоқда. Мен журналист сифатида ана шундай буюк ўзгаришларни оммавий ахборот воситалари орқали изчил ёритишга ҳаракат қилмоқдаман. Кўплаб публицистик мақолаларимни муштарийлар эътиборига ҳавола этмоқдаман, - дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби Абдулла Собиров. – Нуронийларга кўрсатилаётган эътибор, эъзозни ҳар лаҳзада ҳис қилмоқдамиз. Кўп йиллик меҳнат фаолиятимиз эъзозланмоқда. Соғлиғимизни мустаҳкамлаш борасида амалий ишлар олиб борилаяпти. Бундан кейин ҳам маҳалла фаолиятида янада фаол бўлиб, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшамиз. 


    -  Бугун менинг ҳам қувончим чексиз. I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирландим. Бу эса бизни янада маҳалла ҳаётида фаол бўлишга йўналтиради. Бугунги кунда пенсияда бўлсамда ёшларга устозлик қилиб, кўп йиллик меҳнат фаолиятимдаги тажрибаларимдан келиб чиқиб, уларга маслаҳатларимни бериб бормоқдаман, - дейди Хива туманида истиқомат қилаётган Шарофат она Жуманиёзова. – Фахрийларга кўрсатилаётган эъзоз учун ташаккур айтаман. 
    Ҳа, тадбирда сўз олган фахрийлар уларга кўрсатилаётган эътибор, ғамхўрлик учун миннатдорчиликларини изҳор этдилар. Бундан кейин ҳам жамоат ишларида янада фаол бўлиб, ёшларни баркамол вояга етказишга муносиб ҳисса қўшишга тайёр эканликларини таъкидладилар. 
    Тадбир давомида фахрийларнинг фидойи меҳнатлари шеърлар орқали алоҳида тараннум этилди. 

                    Отахон РАҲИМ. 
                Муаллиф олган суратлар. 


5-07-2022, 18:05
Ko'rishlar: 436
Sahifani chop etish