SHOIR RAHIM BEKNIYOZ - TABIAT KUYCHISI VA SHAYDOSI EDI








    Ўзбек адабиёти, драматургияси, матбуоти ривожига улкан ҳисса қўшган ёзувчи, шоир, публицист Раҳим Бекниёзов воҳамизнинг кўплаб ижодкорларининг меҳрибон устози, мураббийи эди. 
    1976 йил Тошкент давлат университетининг (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг) журналистика факультетини тамомлагач “Хоразм ҳақиқати” газетасида мухбир бўлиб фаолиятимни бошладим. 
Албатта, дастлабки меҳнат фаолиятини бошлаган пайтда устозларнинг маслаҳати, тавсиялари, айниқса, ёш ижодкор учун ниҳоятда муҳимдир. Ана шу йилларда устозлардан Эгам Раҳим, Отамурод Авезмуродов, Арслон Отажонов ҳамда Раҳим Бекниёзов сингари забардаст журналистлар, ижодкорлар ёшларга ўзларининг кўп йиллик меҳнат фаолиятларидан келиб чиққан ҳолда доимий равишда яқиндан маслаҳат, кўмак берар эдилар. 
    Ўша йиллар “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталари ҳамда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими Урганч шаҳри марказидаги Ал-Хоразмий кўчасидаги икки қаватли бинода жойлашган эди. Таҳририят журналистлари, шоир ва ёзувчилар ҳамиша ҳамкорликда самарали фаолият  юритиб, ижод қилишарди. 
    Раҳим Бекниёзов бу пайтда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси вазифасида фаолият юритсада ҳар куни таҳририятимиз ходимлари билан ҳам яқиндан ҳамкорлик қилиб, газетамиз саҳифаларида “Адабиёт ва санъат” сарлавҳаси билан чоп этиладиган мақолаларни тайёрлашда фаол иштирок қилар эди. Айниқса, ёш ижодкорларнинг ҳикояларини, шоирларнинг шеърларини таҳририятимизга тақдим қиларди ва  биз уларни газетамизда чоп қилишга тайёрлар эдик. Раҳимбой ака ниҳоятда тиниб-тинчимас, фидойи инсон эди. 
Таҳририятимиз ҳузуридаги “Ёш ижодкор мухбирлар мактаби” машғулотларида қатнашиб, ижод қилишни бошлаётган ёшларга маслаҳатлар, тавсиялар берарди. Чунки, Раҳим Бекниёзов  ўз даврида “Хоразм ҳақиқати” газетасида бўлим мудири бўлиб ишлаган, ўткир публицист ҳам эди. 
    “Хоразм ҳақиқати” газетасининг биз фаолият юритган  кенг хонада таҳририят журналистлари Арслон Отажонов, Султонбой Нодирматов, Илья Нодиров, Тузалбой Раҳимбоев, Зарифбой Иброҳимов ва бошқа ҳамкасбларимиз билан устозимиз Раҳим Бекниёзовнинг суҳбатларидан кўп маротаба баҳраманд бўлганмиз.  
    Айниқса, устознинг атроф-муҳитни тоза, мусаффо сақлаш, табиатни асраб-авайлаш мавзуларида ёзган ҳар бир мақоласи биз учун мактаб вазифасини ўтар эди. Устоз экологияни, атроф-муҳитни асраб-авайлаш, тоза сақлаш ва кўплаб дарахт кўчатларини экиш, уларни тўғри парвариш қилиш бўйича анча тажрибага эга бўлганлиги учун ҳам ушбу мавзудаги  мақолаларини  юксак даражада тайёрлар эди. 
    Ўша йиллар таҳририятимиз жойлашган икки қаватли бино олдида ям-яшиликка бурканган, баланд дарахтлар экилган, соя-салқин гулзорлар барпо этилган ажойиб бир хиёбон бўлган эди. Айниқса, баҳор фаслида устоз Раҳим Бекниёзов ўз уйидан турфа гулларнинг уруғларини олиб келиб, ушбу  гулзорга экаётганлигининг кўп маротаба гувоҳи бўлганман. 
    Ана ўшанда Раҳимбой ака : 
    - Мана, гулларни ҳам экдик. Лекин уларни ўз пайтида парвариш қилиш ҳам керак. Вақтида сув “бериб”, “ёввойи” ўтлар ўсиб кетмаслиги учун қараб туришимиз керак, - дея маслаҳатлар берар эди. 
    Раҳимбой ака газетамизнинг бош муҳаррири Эгам Раҳимов, ўша пайтлардаги босмахона директори Матрасул ака Машарипов билан биргаликда гулзорлар атрофидаги ўриндиқда ўтириб, биномиз олдидаги ям-яшиллик, гўзалликка хурсанд бўлиб боқар эди. Бундай унутилмас  хотираларни кўплаб келтириш мумкин. 
    Ижодкорлар, ҳамкасблар  Раҳимбой акани “Устозимиз - она табиат куйчиси”, дея чуқур ҳурмат қилишар эди. Айниқса, Раҳимбой ака гўзал табиатимиз, унинг боғ-роғлари, фидойи деҳқонлар, боғбонлар тўғрисида ёзган шеърларини баланд ва жарангдор овозда бизга ўқиб бергани ҳамон қулоғим остида жаранглайди... 





    Кеча Урганч Давлат университети академик лицейида ташкил этилган тадбирда ҳам устозимиз Раҳим Бекниёзнинг серқирра ижоди, фаолиятига алоҳида тўхталинди. 




    Ўқувчилар ижодкор қаламига мансуб шеърлардан, достонлардан намуналар ўқишди. Шунингдек, қатор ҳикоялари асосида саҳна кўринишлари намойиш этилиб, уларда табиатимизни асраш, боғлар, гулзорлар барпо этишга ҳар биримиз ҳисса қўшишимиз муҳимлиги тўғрисида сўз юритилди. 




    Тадбирда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси Гавҳар Ибодуллаева, шоир ва драматург Қурбон Муҳаммад Ризо, шоирлардан Сотим Аваз, Исмоил Оллаберганов, Шукуржон Жабборова (Жозиба), Қурбонбика Ўрозметова, шунингдек, Раҳим Бекниёзовнинг фарзанди Гавҳар Бекниёзова сўзга чиқиб, устоз ижодкорнинг босиб ўтган салоҳиятли умр йўллари, ижоди, кенг қиррали фаолияти ҳусусида тўхталдилар. 






    - Ўқувчилар ушбу тадбирга пухта тайёргарлик кўришди. Раҳим Бекниёз қаламига мансуб асарларни мутолаа қилдилар. Шеърларини ёд олишди, - дейди ушбу таълим муассасининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Меҳрибон Қўшназарова. – Шунингдек, Раҳим Бекниёзовнинг “Тафаккур” нашриётида чоп қилинган “Овчи ҳикоялари” китобидаги ҳикояларини қизиқиш билан ўқидилар. Бундай асарлар ўқувчиларимизнинг экологик билимларини оширишга ва табиатимизни янада асраб-авайлашга ёрдам беради. 
    Тадбирда Раҳим Бекниёзовнинг чеваралари бобоси ижодидан намуналар ўқиб, барчани  янада хурсанд қилдилар. 



Тадбир  якунида адабий кечада фаол иштирок этган бир гуруҳ ўқитувчилар ва фаол ўқувчилар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимининг фахрий ёрлиғи билан тақдирландилар.
“Хоразм ҳақиқати” газетаси тарихи ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи “Воҳа солномаси” китоби ҳам Урганч Давлат университети академик лицейи жамоасига совға қилинди. 

                 Солияжон РАҲИМБЕРГАНОВА.

                 Отахон РАҲИМ олган суратлар.                 

28-05-2022, 21:37
Ko'rishlar: 711
Sahifani chop etish