MAHALLA FUQAROLAR YIG'INI RAISI SAYLOVI DAVOM ETMOQDA
Аввал хабар қилганимиздек, вилоятимизда маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови давом этмоқда.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, вилоятимиз шаҳар ва туманларида маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрилган тарзда ўтказилаяпти.
Маҳаллаларда фуқаролар маҳалла фуқаролар йиғини раисига номзодларнинг сайловолди дастури билан яқиндан танишмоқдалар. Бу эса аҳолига ҳар бир номзоднинг келгусида маҳаллада олиб борадиган кенг қиррали фаолияти, режалари, дастурлари билан яқиндан танишиш имконини бермоқда.
Фуқаролар вакиллари маҳалла фуқаролар йиғини раислигига ўзлари муносиб деб, ҳисоблаган номзодларни сайламоқдалар.
Жумладан, Урганч шаҳридаги “Маърифат” маҳалласида бўлиб ўтган маҳалла фуқаролар йиғини раиси сайловида қатнашган фуқаролар вакиллари номзодларнинг сайловолди дастурлари билан атрофлича танишганликларини қайд этишди.
“Маърифат” маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловидаги овоз бериш натижаларига кўра ушбу маҳалла фуқаролар йиғини раиси бўлиб фаолият юритиб келаётган Аминбой Ҳажиев яна ушбу маҳалла фуқаролар йиғини раиси қилиб сайланди. Фидойилик билан фаолият юритаётган маҳалла раисига қайта ишонч билдирилди.
- Маҳалладошларим ишонч билдириб мени яна маҳалла фуқаролар йиғини раиси қилиб, сайлаганликлари янада ушбу вазифада ғайрат-шижоат ва масъулият билан фаолият юритишимга руҳлантиради, – дейди Аминбой Ҳажиев. – Энг муҳими, сайловолди дастуримдан маҳаллада иш билан банд бўлмаган ёшларнинг, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Айниқса, маҳалламизнинг ўзида янги иш ўринларини яратиш юзасидан ўз режаларимни маҳалладошларимизга етказдим. Чунки маҳаллада янги иш ўринлари яратилса, айниқса, хотин-қизлар, ёшлар учун янада қулай бўлади. Белгилаган режаларимнинг кўлами кенг. Ички кўчалар йўлларини равон, текис бўлиши учун асфальт қилиш ишларини тезлаштирамиз. Кўчаларга кечқурунлари ёруғ нур таратиб турувчи тунги чироқларни ўрнатиш ишлари давом этади. Шунингдек, кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ишлари кундалик эътиборимизда бўлади. Маҳалла фаоллари билан биргаликда мавжуд муаммоларнинг ечимини тезкорлик билан топишга ҳаракат қиламиз.
Ҳа, “Маърифат” маҳалла фуқаролар йиғинига қайта раис қилиб сайланган Аминбой Ҳажиевнинг кенг қиррали дастурида кўплаб эзгу ишлар қайд этилган.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, маҳалла фуқаролар йиғини раиси сайлови давомида маҳалланинг истеъдодли ёшлари, 16-сон мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари томонидан мусиқали дастурлар ҳам намойиш этилди. Фарзандларининг иқтидори, қобилиятларини кўрган ота-оналарнинг қувончлари янада чексиз бўлди.
Вилоятимизда маҳалла фуқаролар йиғини раиси сайлови давом этмоқда.
Отахон РАҲИМ.